Янги қонун ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши керак

64

Жорий йилнинг июль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқуллангач, Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ, Қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш белгиланган эди.

Шундан сўнг берилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифларнинг ёзма жамланмаси лойи­ҳани янада мукаммаллаштиришда фойдаланиш учун Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этилди. Ҳозирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда манфаатдор вазирлик­ларнинг мутахассис ҳамда экспертларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Қонун лойиҳаси юзасидан тушган таклифларни таҳлил қилиб, лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича изланишларни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг республика босқичидаги муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекис­тон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев ҳамда турли идора ва ташкилотлар вакиллари, касаба уюшма фаоллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Муҳокамада сўз олганлар қонун ­лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни, мақсад, зарурат ва ундаги янгиликлар ҳақида кенг тушунча бердилар. Хусусан, мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида амалдаги қонунчилик ва қўллаш амалиёти чуқур таҳлил этилгани таъкидланди. «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойи­ҳасини ишлаб чиқиш жараёнида, авваламбор, миллий-ҳуқуқий қонунчилик ва амалиётга асосланиш билан бирга, хорижий тажриба, Ғарб, Шарқ, МДҲнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилиб, керакли жиҳатларга эътибор қаратилди. Бундан ташқари, халқаро стандартлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг қатор пактлари, универсал халқаро шартномаларига таянилди.
Маълумки, ҳозирги кунда касаба уюшмалари фаолияти 1992 йил 2 июлда қабул қилинган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ва ҳукуматнинг айрим қарорлари билан тартибга солинади. Давра суҳбатида амалдаги қонун касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилмаётгани, улар фаолиятининг шаффоф механизмлари ва кафолатларини таъминлаб бера олмаётгани қайд этилди.
Хусусан, Касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари, уни амалга оширишнинг тамойиллари, шакллари ва усуллари қонунчилик билан мустаҳкамланмаган. Касаба уюшмаларини ташкил этиш, биринчи нав­батда, касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг қонун даражасидаги тартиби мавжуд эмас, рўйхатдан ўтишда ҳужжатларни тақдим этиш талаблари тартибга солинмаган. Қолаверса, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги, шу жумладан, ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлигининг аниқ тартиби ва мезонлари белгиланмаган.
Янги қонун лойиҳаси шу каби камчилик­ларни бартараф этиш, асосий тушунчалар, касаба уюшмалари фаолияти тамойиллари ва уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш имконини яратади. Бундан ташқари, янги қонун касаба уюшмаларини ташкил этиш, бошланғич ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг аниқ тартибини белгилаш, рўйхатдан ўтказишда талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини аниқлаштириш, иш берувчиларнинг ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиниши устидан касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини тартибга солиш, тадбир ўтказиш ташаббуси билан чиқиш, ҳужжатларни сўраш, таклиф ва тавсиялар киритиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумотлар юбориш, шикоят қилиш, касаба уюшмаларига ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда қатнашиш, бандликни таъминлашда ёрдамлашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритиш, ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш тўғрисидаги қарорни муайян муддатга тўхтатиб туриш юзасидан таклифлар киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар бериш каби муҳим жиҳатларни ўз ичига олади.
Таъкидландики, қонун лойиҳаси меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилиниши устидан назоратни таъминлаш мақсадида касаба уюшмаларининг ўз инспекцияларини ташкил этиш, касаба уюшмаларининг мулк ҳуқуқлари кафолатлари, улар мулкини, шу жумладан, тадбиркорлик асосида шакллантириш манбаларини қонун билан мустаҳкамлаш каби соҳаларда амалий самарадорликни таъминлашга ҳисса қўшади.
– Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳа бўйича Германия, Испания, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Молдова, Қирғизис­тон, Латвия, Арманистон давлатлари қонунчилиги ва Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари талаблари эътиборга олинган, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев. – Жумладан, ХМТнинг 87, 98, 135, 154, 111, 144-сонли конвенциялари нормалари ва тавсиялари мазкур қонун лойиҳасида имплементация қилинган.
Қонун лойиҳасини қабул қилишдан кутилаётган натижалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, аввало, касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базаси тизимлаштирилади. Ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси таъминланади, улар учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилади. Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда касаба уюшмаларига қулай шароитлар ва кафолатлар таъминланади ҳамда касаба уюшмаларининг иш берувчилар, ижроия ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларининг механизмлари такомиллашади.
Муҳокама жараёнида турли идора ва ташкилотлар вакиллари, касаба уюшма фаоллари қонун лойиҳаси бўйича ўз таклифларини билдиришди. Ҳар бир фикр алоҳида ўрганиб чиқилиб, иш берувчи ва ходимлар манфаатига, қонунчиликка ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларга мос келган тақдирда инобатга олиниши таъкид­ланди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар