ИСЛОМ КАРИМОВ ХАЛҚИМИЗ ХОТИРАСИДА

109

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағиш­ланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Рес­публикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, ҳар йили 2 сентябрь Ислом Каримов хотираси куни сифатида кенг нишонланади. Шу куни мамлакатимизда Ислом ­Каримовни ёд этиш, ҳаёти ва фаолияти бў­йича тарғибот тадбирларини ўтказиш анъанага айланган.
Бу йил ҳам ушбу сана муносабати билан бутун мамлакатимиз бўйлаб хотира тадбирлари ўтказилди. Ислом Каримов туғилиб ўсган ва айни пайтда мангу ором топган маскан – Самарқандда эрта тонгдан хотира тадбирлари бошланди.
Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара-маж­муасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Ислом Каримовнинг давлатимиз мустақилликка эришиши ва тараққиёти йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Ислом Каримов сиймоси акс этган ҳайкаллар ўрнатилди. Юртимиздаги бир қатор йирик объектлар, кўчаларга буюк давлат ва сиёсат арбоби номи берилди.
Вилоят жамоатчилиги вакиллари Ислом Каримов мақбара-мажмуасидан чиққач, Регис­тон майдони яқинида ўрнатилган мустақиллигимиз асосчиси ҳайкали пойига гуллар қўйди.
– Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Республикаси асосчиси, оғир дамларда мамлакатда хавфсизликни таъминлаб, унинг тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор қўйган шахс сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин тутади, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори М.Пардаев. – Бу улуғ инсон халқимиз қалбидан чуқур жой олди. Шунинг учун юртдошларимиз ҳурмат, эҳтиром билан ёдга олаётир. Бугун Самарқанддаги ­Ислом Каримов мақбара-мажмуа­­си ва ҳайкали ўрнатилган майдон ҳар қачонгидан-да гавжум бўлгани фикримиз тасдиғидир.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар