Муваффақиятларнинг асосий ўзаги – ишончдир

50

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ­Сирдарё вилояти кенгаши раиси, ­­«Бек ­кластер» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек ­СОТИБОЛДИЕВ билан суҳбат

– Сир эмас, бир вақтлар Сирдарё барча соҳаларда қолоқ бир вилоят сифатида қаралар эди. Кўпчилик аграр ҳудуд сифатида билар, мамлакат иқтисодиётига қўшаётган улуши ҳам сезилмас эди. Бугун Сирдарё вилоятининг қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. Буни оммавий ахборот воситаларидаги ижобий чиқиш­ларда ҳам кўриш мумкин. Иқтисодчиларнинг фикрича, вилоят мамлакат ривожига катта ҳисса қўшиши мумкин. Бу ривож­ланишнинг асосий омиллари нимада деб биласиз?

– Сингапурни «учинчи дунё» дан юқорига олиб чиққан буюк бунёдкор Ли Куан Юнинг шундай фик­рлари бор: агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсак, фақат ўзимизга ишонишимиз керак.
Мен бугун Сирдарёнинг тараққиётида ана шу ишончни кўрмоқдаман. Айниқса, тадбиркорларнинг ишончи бунда муҳимдир. Бугун фахр билан айта оламанки, ишбилармонлар учун ҳақиқий давр келди.
Бу ишончни тадбиркорларга давлатимиз раҳбари бермоқда ва уни юксалтирмоқда. Президентимизнинг ҳудудларга ташрифи давомида истиқбол учун муҳим бўлган имкониятлар эшиги очилади.

Корхонамизнинг кластер кўринишига келишига ҳам Президентимизнинг вилоятга ташрифи давомида билдирган фикрлари сабаб бўлган. Илҳомбахш ғоялардан руҳланиб, иш бошладик. Орадан бир йил ўтиб, бу борадаги ишлар қандай кетаётганини жойида кўриш мақсадида давлатимиз раҳбарининг яна вилоятга келиши эса кучимизга куч, шижоатимизга шижоат қўшди. Иштиёқ жўшгани сайин янги марраларни ният қилиш, унга интилиш бошланар экан.

– Кластер усулининг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз. Бу тизим мамлакатимиз иқтисодиётида катта янгиликлар беришига қанчалик ишонасиз?

– Иқтисодиёт тармоқлари олдида бир қанча муаммолар мавжудки, буларни «ёлғиз» корхоналар еча олиши амалда иложсиз. Шу боис, кластер кўриниши рақобатбардош­лиликни оширишнинг энг самарали усули эканлиги эътироф этилаётир. Ҳозирда «Бек кластер» МЧЖ қўшма корхона таркибида 10 дан ортиқ корхоналар мавжудлиги фикримиз далилидир. Уларда 5000 нафардан ортиқ ишловчи ходимлар бор.
«Бек кластер» ҳудуди 30 минг гектарни қамраб олади. Кластер тизимининг муваффақиятини таъминлаш учун Туркия, Хитой ва Исроил ­тажрибаси чуқур ўрганилган. Ходимларимизга муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиб бериш устувор вазифалар сирасига киради.

– Бугунги тадбиркор кечаги тадбиркордан нимаси билан фарқланади? Тадбиркор учун нималар тўсиқ эди ва бугунга келиб қонуний фаолият олиб бораман деган ишбилармон учун тўлиқ шароитлар яратилган, деб ҳисоблайсизми?

– Давлатимизда тадбиркорлар сони ортганининг ўзи бу соҳада имконият, имтиёзлар борлигини англатади. Бизнес сабоқлари, тушунчалари кенг оммага бирдек берилмоқда. Турли қатлам учун имтиёзли кредит тизими, ҳаттоки, бизнес режагача тайёр ҳолда тақдим этилаётир. Шу билан бирга, керакли ускунани қаердан топиш, тайёр маҳсулотни четга экспорт қилишга амалий кўмак берилмоқда. Соддалаштирилган солиқ ислоҳотларининг биринчи босқичи кичик бизнес вакиллари учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам бирдек фойдали бўлди. Дадиллик, билимлилик, тезкорлик сифатларини бирлаштирган тадбиркорлар сафи Сирдарёда ҳам шаклланмоқда.

– Маррани янада каттароқ олиш учун нималарни режалаштирмоқдасиз?

– Бизнесда мақсадни баланд қўйиш, узоқ йиллик режага эга бўлиш муҳим ҳисоб­ланади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг учрашувлар давомида «Маррани катта олинглар», деган сўзлари биз, тадбиркорларнинг шиоримизга айланди. Бу ишонч ва эътибор кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди.
Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борасида катта имкониятларга эга бўлса-да, республика экспорт рейтингида қуйи ўринларда. Бунинг асосий сабаби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортбоп қилиб тайёрлаш, қадоқлаш, қисқа қилиб айтганда, мева-сабзавот экспорти билан замон талаблари даражасида шуғулланувчи корхоналар камлигидир.
Келажакда бир қанча истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқдамиз. Жумладан, давлат-хусусий шериклиги асосидаги Ўсимлик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари илмий-амалий маркази ташкил этиш бўйи­­ча Инновацион ривожлантириш вазирлигига 3 та грант лойиҳаси тақдим этилди. Марказга илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган лаборатория ускуналарини олиб келиб ўрнатиш бўйича Греция ва Германия корхоналари билан шартномалар имзоланди. Мақсадимиз мазкур муассасани нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда тан олинадиган илмий марказга айлантиришдир.
«Ижтимоий иссиқхона» лойиҳаси Ховос туманининг чекка қишлоқлари аҳолиси учун ишлаб чиқилган. Қуёш энергияси ҳисобига иситиладиган 10 сотихли иссиқхоналар қуриш назарда тутилган. Лойиҳа доирасида 1000 та иссиқхона қурилиб, 2000 та иш ўрни яратилади. Иссиқхоналарга асосан қулупнай экилиб, етиштирилган ҳосил экспорт қилинади. Бунинг учун эса Россиянинг йирик савдо тармоқлари билан дастлабки келишувларга эришилди. Айни кунларда 20 та иссиқхона пойдеворини қуйиш ва металл ­конструкцияларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Навбатдаги «Мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш» лойиҳаси Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 935 минг доллар ҳамда ўзимизнинг 4 миллиард 500 миллион сўм миқдоридаги маблағларимиз ҳисобига амалга оширилаётир. Шу муносабат билан Италиядан қиймати 630 минг еврога тенг 4 та мева-сабзавотларни саралаш ва қадоқлаш линия­лари, шунингдек, Хитойдан 200 тонналик маҳсулот сиғимига эга музлаткич олиб келиб, ўрнатдик. Бу ерда бир кунда 20 тоннагача мева-сабзавотни ювиш, саралаш ва экспортбоп қилиб қадоқлаш мумкин.
Келгусида юқори самара берувчи яна бир қатор ­лойиҳаларни амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Чунки бугунги кун ҳар биримиздан шиддаткор даврга мос қадам ташлашни тақозо этмоқда.

– Улуғбек ака, кўряпмизки, маррани баланд олгансиз. Аммо унга эришиш масаласи ҳам бор. Шу маънода, истиқбол режасининг тўла амалга ошиши учун тўсиқларни ҳам ҳисобга олиш керак. Сизнингча, қайси жабҳада оқсаш бўлиши мумкин?

– Тўғри айтасиз. Бугун ишлаб чиқариш корхоналарида қўлланилаётган технологиялар кун сайин янгиланиб, такомиллашиб бормоқда. Бу эса уларни ишлатишни биладиган малакали кадрларни талаб этади. Ҳозирги кунда олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги ўқув дастурлари асосида сабоқ олган ёшлар корхоналарнинг кадрлар малакасига бўлган талабларини қондира олмаяпти. Ушбу омил ҳисобга олинган ҳолда биз ўзига хос чораларни излаяпмиз. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма коллеж ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқ­япмиз. Бу ўқув даргоҳида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун малакали мутахассислар тайёрланади. Лойиҳа доирасидаги ўқув дастурларида ишлаб чиқариш амалиёти учун ажратиладиган соатлар умумий юкламанинг 50 фоизигача бўлиши кўзда тутилмоқда. Амалиёт бевосита кластер корхоналарида ўталади. Назарий дарслар ўқитиладиган аудиторияларни ахборот коммуникация технологияларининг энг сўнгги воситалари билан жиҳозлаш, таълим жараёнини республикамиз ҳамда хориждан етакчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкиллаштириш режалаштирилган.

– «Бек кластер» корхонаси касаба уюшма аъзолигини қабул қилган. Бу ташаббус кимдан чиққан ва аъзолик афзалликлари ҳақида маълумот берсангиз.

– Айтишим мумкинки, корхона ҳали кластер мақомини олмасидан аввал, «Бек» корхоналар бирлашмаси давридаёқ касаба уюшма аъзолигини қабул қилган эди. Ходимлар ишга қабул қилинганда иш тартиби, ишга муносабат, унга тўланадиган ҳақ каби масалалар ўзаро меҳнат шартномаси билан тасдиқланади. Бу меъёрлар бирлашган ҳолда жамоа шартномасида акс эттирилади. Бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ходимлар учун ҳам, иш берувчи учун ҳам афзалликлари мавжуд. Энг асосийси, фаолиятнинг меҳнат қонунчилигига асосланишини таъминлайди. Қолаверса, касаба уюшмаси томонидан ўтказиладиган турли маданий, спорт тадбирлари ходимлар саломатлигини тиклашга, ишчанлик қобилиятини оширишга хизмат қилади. Бу эса бизнесимиз давом этишини таъминлайди.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

«Ishonch» мухбири
Озода МАМАДАЛИЕВА
суҳбатлашди.

Бошқа хабарлар