МАКТАБ ЯРМАРКАЛАРИ ҚАЕРДА?

57

Дарвоқе, сифатли, қулай, ҳамёнбоб дарсликлар ва ўқув қуролларини қаердан харид қилиш мумкин? Хўш, бозорлар ва савдо расталарида янги ўқув йилига қай даражада тайёргарликлар кўрилган ҳамда шароитлар яратилган? 

Бу аҳвол билан танишиш мақсадида бозорларда ташкил этилган мактаб ярмаркалари фаолияти билан танишдик. Харидорлар билан суҳбатлашдик.

– Янги ўқув йили олдидан ўқув қуроллари харидига жиддий эътибор қаратдик. Гарчи, бозоримиз доим тирбанд ва гавжум бўлса-да, ярмарка учун жой ажратдик, – дейди бозорқўм Дилшод Мадримов, – тадбиркор сотувчилар харидорнинг эҳтиёжи учун зарур нарсаларни аллақачон тайёрлаб, жараённи бошлаб юборишган.

Ҳар тўкисда бир айб деганларидек, ярмаркаларни бекаму кўст деб бўлмайди. Мослаштирилган ёки йўл-йўлакай тартибда ташкил этилганидан таъбингиз хира тортади.  Бу албатта, ноқулайликлар туғдириши табиий. Шаҳарга яқин “Шукрона” савдо мажмуасида бўлганимизда эса бундан ҳам баттар холатнинг устидан чиқдик. Ярмарка тугул китоблар билан савдо қилувчи шахобчанинг ўзи йўқ, бу ерда.

– Бу ҳар йили бўладиган аҳвол, – дейди куйиниб, фарзандига ўқув қуроллари ахтариб келган Иқболой исмли аёл, – борлари ҳам ўтган йилдан қолиб, сарғайиб кетган дафтар, расм дафтари, кундаликлар… Кўпчилик кўзимизга оддий нарса бўлиб кўринган ўқув қуроллари учун ҳам марказга бориб, топиб келишяпти.

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари билан боғландик. Афсуски, улардан ҳам жўяли жавоб ололмадик.

Соҳага масъул раҳбар ходимлар 10 сентябргача давом этадиган ярмаркалар фаолиятини яхшилайдилар, деган умиддамиз.

Я.НИЯТОВ.

2019 йил 1 сентябрь, 18-сон

“Хива тонги” газетаси

Бошқа хабарлар