Таълим тизимида тарихий ўзгаришлар

1,289

Яқинда Президент раислигида ўтказилган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод манавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши жамиятимиздаги барча зиёлиларни, раҳбарлар-у мутасаддиларни, айниқса, педагогларни ҳаёт ва фаолиятга янгича нигоҳ билан қарашга ундаётгани бор гап.
Кўҳна тарихдан маълум, ўқитувчини ҳурмат қилган жамият ҳамиша тараққиётга эришган. Халқ ўртасида «устоз отангдек улуғ» иборасининг тез-тез қўлланиши ҳам бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу мақом яна ўз ўрнига қайтмоқда. Ўқитувчига ҳурмат-эътибор ошди, уларнинг мавқени юксалтириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳри Шайхон­­тоҳур туманидаги 40-умумтаълим мактабининг математика ва информатика фанлари ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Турғун Азларов билан суҳбатимиз шу мавзуда кечди:
– Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг тизимга оид 6 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилинди. Натижада соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асос­лари мустаҳкамланиб, тизимда ривожланиш ва сифат ўзгариши кузатилмоқда. Очиғини айтиш керак, бунақаси аввал бўлмаган.

Мен ўзимнинг 45 йиллик меҳнат фаолиятимни уч давр­­га бўлиб, улар ҳақида уч хил фикр билдиришим мумкин. ­Мустақилликкача бўлган давр­­да халқ таълимига қандай муносабатда бўлинганлигини ўша пайтда ишлаганлар жуда яхши билади. Ўшанда мактабларда ўзбек тили ва адабиёти ҳамда тарихидан кўра, рус адабиёти ва тарихи кўпроқ ва кенгроқ ўргатилар эди. Натижада ўқувчилар касб мавзусида иншо ёзганда аксарияти «Мен келажакда ўқитувчи, шифокор, ҳайдовчи ёки қурувчи бўламан» деб ўз орзуларини баён қилишарди. Уларнинг ҳеч бири «мен космонавт, дипломат бўламан» дейишмасди. Нега? Негаки, уларга ўзимизники ёт, ўзгаларники ёд бўлиб бораётган эди.
Мустақиллик йилларида халқ таълими тизимига жиддий эътибор қаратилиб, қатор ислоҳотлар, лойиҳалар амалга оширилди. Аммо, бу эътибор ва ислоҳотлар юртимиздаги барча мактабларга етиб бормади. Талаб ва назоратнинг сустлиги учунми, энг чекка ҳудудлардаги мактаблар аввалгича қолаверди. Шундай мактаблар бор эдики, уларга ҳоким тугул туман халқ таълими бўлими мудири бормаган эди.
Мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетган вақтлар ҳам бўлди. Натижада баъзи ўқитувчилар ўз касбини ўзгартириб, бошқа соҳага ўтиб кетди.
Бугунга келиб халқ таълими тизимига бўлган муносабат ва эътибор тубдан ўзгарди. Масалан, яқинда Президент ­раислигида ўтказилган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод манавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини олиб кўрайлик. Унда давлатимиз раҳбари билдирган танқидий ва таҳлилий фикрлар шундан далолат берадики, бундан буён педагогларга бўлган муносабат умуман ўзгаради.
Шахсан менга Президентимизнинг вилоят ва туман раҳбарларига соҳани ривожлантириш борасида қўйган қатор талаблари, биринчи навбатда, ўқитувчиларга сизлаб мурожаат қилиш зарурлиги ҳақидаги талаби ёқди. Тўғри-да, ўша раҳбарни ҳам муаллим ўқитган, унга таълим-тарбия берган. Шундай экан, раҳбарлар уларнинг ҳурматини жойига қўйиши керак.
Соҳада амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга қарамасдан, таълим тизимида ҳамон муаммолар борлиги йиғилишда очиқ-ойдин айтилди. Камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-­оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарурлиги алоҳида таъкидланди. Йиғилишда ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида уқтириб ўтилди.
«Мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантирмасак, унинг ҳаёт сифати даражасини оширмасак, ислоҳот, натижа ҳақида гапира олмаймиз», деди Президентимиз.
Ҳақ гап. Ўқитувчи дарс пайтида уйи ва кўчадаги қандайдир муаммосини ўйлаб ўтирмаслиги керак. У бор диққат-эътиборини дарсга, болаларга савияли сабоқ беришга қаратиши зарур. Шундагина кутилаётган натижа самарали ва сифатли бўлади.
Мен видеоселектор йиғилишидан сўнг жамоадошларим, яъни ўқитувчиларнинг руҳияти ва кайфиятини кузатдим. Улар бўлаётган эътибор ва ўзгариш­лардан беҳад мамнунлигини, бундан буён янада талабчанлик ва фидойилик билан фаолият кўрсатишга тайёрлигини ҳис этдим.
Ишонч билан айтишим мумкин, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, берилаётган имтиёз ва ҳуқуқлар, билдирилаётган ишонч ва ҳурмат тез орада ўз самарасини беради, албатта. Ўқитувчилар келажагимиз ­бунёдкорлари ҳамда ворислари бўлмиш ёш авлод таълим-тарбиясига сидқидилдан ёндашиб, фидойилик билан хизмат қилади. Натижада, келгусида юртимиздан дунё тан оладиган мутахассислар етишиб чиқади.

«ISHONCH» мухбири
Алижон АБДУРАҲМОНОВ
ёзиб олди

Бошқа хабарлар