ФАРЗАНДЛАРИМИЗ БИЗДАН КЎРА БАХТЛИ ЯШАСИН

37

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Соғлом авлод учун” хайрия фонди томонидан “Фарзандларимиз биздан кўра бахтли яшасин” мавзусида ташкил этилган конференция Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.

Тадбир очилишида “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди президенти Татьяна Каримова иштирокчиларни истиқлолнинг 28 йиллиги билан қутлади.

Конференцияда фонд ходимларининг мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, соғлом фарзанд дунёга келиб, камол топиши, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа бир қатор тадбирларда давлат органлари билан ҳамкорликда елкама-елка хизмат қилишаётгани алоҳида таъкидланди.

– Мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун катта ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Соғлом авлод учун” хайрия фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Раҳима Раҳмонова. – Бунда фонднинг ҳам алоҳида ҳиссаси борлигидан кўнглимиз кўтарилади. Кимгадир озгина бўлсин нафимиз текканидан суюнамиз. Бу кучимизга куч, ишимизга унум беради.

Шундан сўнг Россия Федерациясининг “LUKOIL Overseas Uzbekistan Ltd” компанияси томонидан Бухоро вилояти тиббий ижтимоий ёрдам бригадаси фаолияти учун ажратилган тиббиёт ускуналар билан жиҳозланган «HYUNDAI HI AMBULANCE» автомашинасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда фахрийлар ва иштирокчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган кўргазма ташкил этилди.

Комила БОЙМУРОДОВА,

Ishonch

Бошқа хабарлар