ҲИСОБДА ЙЎҚ «ҲИСОБЛАР»

87

Ёхуд «йўқолган» жамоалар, «яширилган» пуллар ва
«ёпиқ» трансферлар ҳақида

Таққос: нега, нима учун?

Футболнинг ашаддий ишқибозиман. 1980 йилларда шунақанги ўйинлар бўлардики, стадионлар мухлислар билан тўлиб-тошарди. Шундай футболчилар бор эдики, жонини жабборга берарди. Ҳозир-чи?
Стадионлар деярли бўм-бўш. Сабаби кўп. Шунинг учун кўпчилик Англия, Испания, Италия ва Германия футболига мухлислик қилади. Ўзимизнинг жамоалар бир четда қолиб, четдаги жамоа ва ўйинчиларни муҳокама қилишади.
Ишқибозлик қурсин, «фанат» бўлгандан кейин кўп нарсани таққослар экансиз. Таққослаш бор жойда эса ўз-ўзидан саволлар туғилади: нега, нима учун?
Агар хориждаги, дейлик, Англиядаги жамоаларнинг «паспорт»и билан қизиқсангиз, уларнинг орасида 100 га «кираётган», 100 «ёш»дан ошганларни ҳам учратасиз. Премьер лигадаги эмас, қуйи лигадаги жамоалар ҳам 50-60 ёшни «уриб қўйган». Бизда-чи?
Бизда кўп жамоалар «туғилади-ю, тезда ўлади». Сабаби оддий: ҳаммаси жойларда ҳоким, раҳбар ва ҳомийларнинг футболга муносабатига боғлиқ. Таниқли футбол мутахассиси, футболимиз жонкуяри Ахбор Имомхўжаев айтганидек, ҳоким футболга қизиқса, хўб-хўб, қизиқмаса, не машаққат билан ташкил этилган жамоа ҳам йўқ бўлиб кетади.
Мен турли йилларда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида қатнашган жамоалар тарихи билан қизиқдим. Ҳали 30 га ҳам «кирмаган» чемпионатимизда вақтида чемпион бўлган «Дўстлик», МАСК каби жамолар бугун «таг-туби» билан йўқ. Вақтида олий (ҳозирги супер) лигада «фаолият кўрсатган» 20 га яқин жамоани бугун қуйи лигалардан ҳам тополмайсиз. Ўзи шу жамоаларни бирма-бир номма-ном келтириб, битта «супер лига» тузса ҳам бўлади, аммо улар сон жиҳатидан ортиб қолади.
Шу жойда яна юқоридаги гапга қайтамиз: нега хориждаги жамоалар йўқ бўлиб кетмайди? Чунки уларнинг эгаси, эгалари бор. Хусусий мулкчилик шаклининг турли кўринишларида ташкил этилган бу жамоалар узоқ йиллар давомида қўлдан-қўлга ўтиб келаверади. Тўғри, уларнинг орасида ҳам хўжайин банкрот бўлиши оқибатида «ўйиндан чиқадиган» жамоалар учраб туради. Аммо бу ҳолат жуда камдан-кам кузатилади. Бизда эса…
Миллий чемпионатимизнинг аввалги ва ҳозирги иштирокчилари орасида молиявий жиҳатдан оғир кунларни бошидан ўтказмаган жамоа топилмаса керак. Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси олий лигадан тушиш, қуйи лигадан чиқиш бўйича «чемпион» бўлса керак. Чунки жамоанинг иқтисодий аҳволи бирда ундай, бирда бундай. Бу йил эътибор яхшилиги учун жамоа ҳозирча турнир жадвалида тўртинчи ўринда…

Футболимиздаги «тижорат сири»

Хориждаги жамоаларнинг иш тутумига ҳайрон қоламан. Улар ҳам биздаги жамоаларга ўхшаб иш тутса бўлмайдими? Яъни, молиявий маълумотларни яширса, яхши эмасми? Йўқ, улар ҳисобрақамда қанча маблағ бор, қанча тушум бўлди-ю, қанақа харажатлар… ҳаммаси ҳақида очиқ-ойдин маълумотлар бериб боришади. Ҳаттоки, келгусида кўзда тутилаётган тушум ва харажатлар тўғрисида ҳам оммани хабардор қилишади. Бизда эса ҳаммаси сир сақланади.
Футболчиларнинг трансфери, яъни у жамоадан бу жамоага ўтиши ҳақидаги маълумотлар хорижда икир-чикиригача ошкор қилинади. Футболчи қанчага сотилди, неча йилга шартнома тузди, қанча маош олади, товон пули қанча… ҳаммаси очиқ-ойдин айтилади. Бизда эса… ҳаммаси тескари.
Бизда аксарият футболчилар жамоа билан бир ёки икки йиллик шартнома тузади. Нега шундай? Негаки, футболчи жамоанинг келгусидаги ишлари «беш» бўлишига ишонмайди. Жамоалар ҳам «келиб-кетувчи»ларни маъқул кўради. Чунки эртанги кунга (раҳбарга, ҳомийга) ишонч йўқ-да. Битта жамоа­да 4-5 йил ўйнайдиган футболчилар бизда «вафодор» ҳисоб­ланади. Хорижда эса битта жамоада 10-15 ва 20 йиллаб тўп сурадиган футболчилар кўп.
Очиғини айтиш керак, ўзимиздаги футболчилар ҳам ёмон яшамайди. Уларнинг ойлиги, мукофот ва кўтарма пуллари уй ҳамда машина олишга бемалол етади. Фақат бу ҳақда лом-лим дейилмайди, маълумотлар берилмайди, холос.

ФУТБОЛ БИЗНЕСГА АЙЛАНГАНМИ?

Ҳа, миллионлар ўйини бўлмиш футбол аллақачон бизнесга айланиб бўлган. Бизнесда эса кутиб, вақтдан ютқазиб ўтирилмайди.
Футбол деганда, биринчи навбатда, кўз олдимизга Бразилия келади. Бу мамлакат иқтисодиётида футболчиларнинг ҳам ўз улуши бор. Гап шундаки, мингдан зиёд бразилиялик футболчилар хорижда тўп суришади. Биз уларнинг энг номдорларини таниймиз, холос. Уларнинг орасида йиллик маоши 10 миллион доллардан ошадиганлари қанча? Хуллас, ўша мингдан ортиқ футболчи умумий ҳисобда мамлакатга яхшигина маблағ олиб киради.
Бизда ҳам четда ўйнаётган футболчилар бор, фақат улар бармоқ билан санарли. Кейин Одил Аҳмедов ва яна бир-иккита футболчини ҳисобга олмаганда қолганларнинг маоши катта эмас. Агар футболчи кучли чемпионатда ўйнаса, ҳам маҳоратини оширади, ҳам яхшигина пул ишлаб олади.

Умид…

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, қачон футболда шаффофликка эришамиз? Қачонгача жамоалар тақдири раҳбарлар ва ҳомийлар муносабатига боғлиқ бўлади? Қачон биз ҳам ҳаммасини билиб, ҳаммаси ҳақида фикрлашамиз?
Маълумки, яқинда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ўзгарди. Умид қиламизки, энди ҳаммаси ўзгаради…

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»

PS: Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейишади. Мана, фикримизнинг ёрқин исботи – 5 сентябрдаги футбол ўйини натижаси: Фаластин – Ўзбекистон: 2-0.
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқда шу ўйин роса муҳокама қилинди. Муҳим ­ўйинга машғулот пайтида «баклажка» ўйнаб тайёргарлик кўрган футболчиларимиз кўзи чақнамаганликда, масъулиятсизликда айб­ланди. Ишқибозлар куюнчаклик билан ўзбек футболига, футболчиларга турли «ташхис»лар қўйишди. Бизнингча, мухлислар ҳақ. Улар 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасини кўришни ниҳоятда хоҳлашади. Ишқибозларга «яширинча» эмас, очиқ футбол керак. Бор гап шу…

Бошқа хабарлар