Жаҳон стандартлари асосида

44

ёхуд миллий маҳсулот ишлаб чиқариш инфратузилмаси бизга нима беради?

Дунё бозорида муносиб ўрин эгаллашнинг ягона йўли – бу сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришдир. Шу сабабли мамлакатимизда миллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жадал жорий этиш орқали, уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлашдек муҳим ва долзарб масаланинг ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишлардаги кўпгина муаммоларнинг барҳам топишига туртки бўлди.
Ушбу қарор асосида «Ўзстандарт» агентлиги томонидан ишлаб чиқаришга халқаро стандартларни татбиқ этиш ва меъёрлар билан уйғунлаштириш мақсадида жорий йилнинг ўтган олти ойида 1214 та янги стандарт қабул қилинди. 247 та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга оид стандартлар билан таъминланди, маҳсулот сифатини баҳолаш учун замонавий синов усуллар (эксперсс методлар)нинг хорижий мамлакатларнинг бозорларида қабул қилинган 967 та стандарти жорий қилинди.
Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида бозор иқтисодиёти талаб­ларига салбий таъсир кўрсатадиган ва маънан эскирган 30 та стандарт амалиётдан чиқариб ташланди ҳамда 132 таси қайта кўриб чиқилди.
Бундай ишларнинг кўламини янада ошириш мақсадида ривожланган давлатларнинг ташкилотлари билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Масалан, Франциянинг стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасида фаолият юритувчи AFNOR ташкилоти билан Франция стандартларидан фойдаланиш юзасидан келишувга эришилди.
АҚШнинг Америка материалларнинг синовлари стандартлари ташкилоти (АSTM)нинг 12 мингдан зиёд стандартдан фойдаланиш имконияти яратилди.
Германия, Туркия ва Қозоғистон мамлакатлари хорижий экспертларнинг хулосалари асосида метрология соҳасини тубдан такомиллаштириш бўйича «Йўл харита»си ишлаб чиқилди ва амалга киритилди. Ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотларга берилган миллий сертификатларни ва синов натижаларини чет эл бозорларида тан олишни таъминлаш мақсадида Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Покистон, Ҳиндистон давлатлари билан музокаралар ўтказилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж компанияларга сотиш тизимини яратиш мақсадида 60 та фермер хўжалигида Global G.A.P. сифатни бош­қариш тизими стандартларини жорий қилиш ишлари бажарилмоқда. Айни вақтгача 4 та Global G.A.P. ҳамда 1 та Organic стандарти амалиётга жорий этилди.
Халқаро стандарт ҳамда синов услубларини жорий этиш натижасида истеъмол бозорига сифатсиз бўлган 52 турдаги 1 миллиард 905 миллион сўмлик маҳсулот кириб келинишининг олди олинди.
Миллий эталон базасини ривож­лантириш мақсадида мутлақ босим, ортиқча босим, намунавий куч бирлиги эталонлари харид қилиниб, ишга туширилди. йил якунига қадар ҳарорат ва узунлик эталонлари харид қилиш режалаштирилган. Тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2023 йилгача эталонлар умумий сони 33 тага етказилади.
Агентлик тизимидаги ўлчаш лабораторияларини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш мақсадида 51 дона янги ускуна харид қилиниб, 53 та метрологик текширув услублари жорий қилинди.
Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамда энергия ресурсларидан унумли фойдаланишни таъминлаш мақсадида Жанубий Кореянинг 751,8 минг доллар миқдоридаги грант маблағлари доирасида Ўзбекистон миллий метрология институтига маиший газ ва электр ҳисоблагичларни қиёслаш ускуналари ҳамда ҳарорат эталони ўрнатилди.
Бундан ташқари, 12 та лаборатория халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди. Аккредитланган 77 та синов лабораториясида инспекция назорати ўтказилиб, 13 ҳолатда белгиланган талабларга мослиги тасдиқланди, 12 тасида тугатилди ва 52 тасида фаолият вақтинча тўхтатилди.
Аккредитация марказини халқаро ILAC/IAF ташкилотларига аъзо қилиш доирасида Германия ва Туркия давлатларининг халқаро экспертлари жалб қилинди. Маҳаллий экспертлар малакасини ошириш мақсадида Туркия аккредитация идораси ва Словакия аккредитация идораси билан 3 тадан (SNAS) қўшма баҳолаш аудитлар ташкил этилди. Бу каби ўзгариш­лар маҳсулотларимизнинг жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади

Абдурауф РАСУЛОВ,
«Ўзстандарт» агентлиги
Матбуот хизмати раҳбари

Бошқа хабарлар