«Мадад» ҳуқуқий мадад беради

26

Адлия вазирлиги ташаббуси билан аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилоти шаклидаги «Мадад» муассасаси иш бошлади.
Ушбу муассаса Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилди.

Қандай зарурат бор эди?

Таъкидлаш жоиз, аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш амалиёти шу кунгача ҳам қўлланиб келинаётган эди. Лекин бу ишлар доимий равишда ва тизимли равишда амалга оширилмаган. Шу боис, фуқаролар бундай маслаҳатларни қаерда ва қачон олиш ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган. Эндиликда мазкур фаолият алоҳида муассаса томонидан мунтазам ва тизимли тарзда амалга оширилади.

Ҳудудларда ҳам фаолият юритадими?

Албатта. Муассаса нафақат марказда, балки республикамизнинг 14 та ҳудудидаги бўлинмалари, шу билан бирга, туман (шаҳар)ларда фаолияти йўлга қўйиладиган ҳуқуқий маслаҳат бюролари орқали ҳам хизмат кўрсатади.

Асосий вазифаси нималардан иборат?

Биринчидан, муассаса фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича онлайн маслаҳат ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатади;
иккинчидан, кўнгиллиларни, яъни волонтёрларни жалб этган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгаришлар билан уйғун равишда кенгайтиради;
учинчидан, фуқароларнинг ҳу­қуқий маслаҳат беришга оид сўровларини таҳлил қилади. Таҳлил натижаси бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
тўртинчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усуллар, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини амалиётга татбиқ этади
бешинчидан, «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталини мунтазам равишда юритади ва янгилаб боради.

Маълумот учун: жорий йилнинг 25 апрель куни Адлия вазирлигининг Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликдаги лойиҳаси – «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга тушган эди. Мазкур портал Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганларга ҳам онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини яратди.
Бугунги кунда «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталидан 40 минг нафардан ошиқ фуқаро фойдаланган. Уларнинг 1400 нафардан ошиғи чет эл фуқаролари.
Сирасини айтганда, «Мадад» муассасаси фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда уларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, асосийси, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишда ўз номига мос равишда кўмакчи, таянч манба бўлиб хизмат қилади.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик
билан алоқалар бўлими

Бошқа хабарлар