Меҳнат бозорида нима ўзгарди?

28

«Тойлоқ бетонкаси» номини олган катта йўл ёқасидаги бу гўша барча фаслларда одамлар билан гавжум. Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Нуробод туманлари, ҳатто қўшни Қашқадарё вилоятидан келган ёлланма ишчилар асосан ана шу ерда тўпланишади. 300-400 нафар киши орасида ҳунарманд­лар ҳам, тўғри келган юмушни бажаришга бел боғлаганлар ҳам кўп.

– Мардикор бозорини тартибга солиш мақсадида бандликка кўмак­лашиш маркази ҳузурида «Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси» ташкил этилган, – дейди Тойлоқ тумани Бандликка кўмаклашиш маркази директори Мансур Гадоев. – Муддао бир марталик иш талабгорларига шарт-шароит яратиш, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш, ишга ёлланишда имкон қадар кўмаклашишдан иборат.
Бюро фаолияти билан танишар эканмиз, ёлланма меҳнатга чиққанлар учун соябонли махсус ўриндиқлар, ювиниш хонаси ташкил этилганини кўрдик. Келгуси йилдан ошхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ҳам қуриб ишга тушириш режалаштирилаётганини айтишди. Ҳар куни эрталаб соат олтидан тўққизгача бир марталик ишга ёлланувчи фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, фаолият йўналиши қайд этиб ­бориляпти.
– Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, бандлик ва меҳнат муносабатлари бош­қармаси ҳамкорлигида ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасига бир марталик иш илинжида юрган фуқароларни жалб этдик, – дейди Мансур Гадоев. – Тойлоқ ва унга ёндош туманлардаги 65 та корхона, ташкилот ва муассасаларда 400 дан ортиқ бўш (вакант) ҳамда квота иш ўринлари мавжуд экан. Бироқ, ишга талабгорлардан атиги 52 нафаригина тегишли йўлланма олишди. Уларнинг 37 нафари хотин-қизлар, 12 нафари ёшлардир.
Аммо… Таклиф этилган иш ўринлари мардикор бозоридагиларга унча манзур бўлмади. Нега? Ахир, рисоладагидек иш бўлса-ю ундан юз ўгириш тўғрими? Бу ерда ишга ёлланишни кутиб турганларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
– Иш берувчи билан мана шу ернинг ўзида меҳнат кўламига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини ва соатини келишиб оламиз, – дей­ди ўзини ургутлик Гулҳаё Абилова дея таништирган жувон. – Бир кунда 80-100 минг сўмгача ҳақ оламиз. Бир ойда саккиз юз, бир миллион сўм ойлик маош менга тўғри келмайди.
– Ҳар куни ишда бўлишни оилавий шароитимиз кўтармайди, – ­дейди Тойлоқ тумани «Элипок» маҳалласида яшовчи Д.Султонова. – Бир-икки кун ишлаб, топилган пулни рўзғор ками-­кўстига яратяпмиз. Бизга шу усулда ишлаш маъқулроқ.
Тойлоқда ташкил этилган вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш бюроси нафақат тойлоқлик­лар, балки иш масаласида мурожаат қилган ҳар бир фуқарога хизмат кўрсатади. Мурожаатчининг масаласи онлайн тарзда ҳал этилади. Бу ерда ўзини-ўзи банд қилган фуқароларга бир марталик иш билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома олишига кўмаклашади. Айни чоғда юз нафардан ортиқ фуқаролардан меҳнатнинг мазкур тури билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлиш тўғрисидаги аризалар қабул қилинган.
– Ўтган фурсат оралиғида 120 нафарга яқин ёлланма меҳнат қилувчиларга ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди, – ­дейди бюро мутасаддиси Элёр Рустамов. – Боғдорчилик юмушларида ишлаб, меҳнат ҳақини ололмаган тўрт нафар ёлланма ишчиларга ҳақини ундириб бердик. Аста-секинлик билан бўлса-да, бюро ва меҳнат бозори вакиллари ўртасидаги муносабат ижобий томонга ўзгариб бормоқда.
Ишонч ҳосил қилдикки, ёлланма меҳнат вакилларининг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солиш борасида ижобий саъй-ҳаракатлар бош­ланган. Энг муҳими, эндиликда мардикор ва унинг меҳнат ҳуқуқи борасида қайғурувчи бор. Эзгу ниятлар билан бошланган ишнинг самараси ҳам шунга яраша бўлишига шубҳа йўқ.

Нурилла Шамсиев,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар