Муҳим масалаларга алоҳида эътибор

616

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси катта мажлислар залида касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Қорақалпоғис­тон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раислари, Федерация Кенгаши ҳамда тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Федерация Кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.

Дастлаб 4 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланган масалалар, хусусан, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари қониқарли эмаслиги, қатор спорт федерациялари ва ҳокимликлар юқори натижаларни таъминлайдиган спортчиларга шароит яратишга етарлича эътибор бермаётгани танқид қилингани қайд этилди. Ушбу мусобақада касаба уюшмалари тасарруфидаги спорт муассасаларида тайёргарлик кўраётган спортчилар учун барча шароитларни муҳайё қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мусобақаларга пухта ҳозирлик кўриш масалалари муҳокама этилди.
Кун тартибига кўра, яқин кунларда бошланадиган пахта йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, бу борада тизимли ишларни амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Узоқ йиллар давомида шаклланиб қолган, пахта йиғим-терим мавсумида янада яққол кўзга ташланиб, халқимизнинг шаъни ва давлатимизнинг нуфузига салбий таъсир кўрсатувчи мажбурий меҳнат амалиётидан бутунлай воз кечиш, ҳар ким иш ва ўқиш жойи­­да ўзига юклатилган вазифаларни ҳалол ва сидқидилдан бажариши учун шароит яратиш бугунги кун талабига айланмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси пахта йиғим-терим мавсумида меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида теримчилар учун қулай меҳнат шароит­лари яратилиши, меҳнат муҳофазаси ва гигиена қоидаларига риоя этилиши, уларга сифатли иссиқ овқат берилиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилган қайта алоқа механизми мавсум давомида узлуксиз ишлаб туришини таъминлаш, бунда 1092 рақамли «Ишонч телефонлари», интернет сайтлар, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланишни, қолаверса, мавсум давомида Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ННТлар билан ҳамкорликда пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўлмаслиги борасида республиканинг барча ҳудудларида миллий мониторинг ўтказишни йўлга қўймоқда.
– Жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида миллий мониторинг ўтказишда АҚШ ҳамда Европа давлатлари касаба уюшмалари вакилларидан экспертларни таклиф этганмиз, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. – Шу билан бирга, халқаро мониторинг гуруҳи ҳам мавсум пайтидаги жараённи кузатиб боради.
Касаба уюшмалари негизида ташкил этилган юридик клиника, қайта алоқа механизмининг тун-у кун ишлаб туриши, ҳудудларда тайинланган вакиллар бошқа жамоатчилик ишларидан озод қилиниши ҳамда мурожаатлар бўйича ўрганиш ўтказиши учун транспорт билан таъминланиши кўзда тутилган.
Эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилди. Бу жараёнда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва бунда барча зарурий чораларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади
Йиғилишда жорий йилдаги ёзги соғломлаштириш мавсуми якуни, болалар оромгоҳларининг мавсум давомидаги натижалари таҳлил қилинди. Жумладан, 2019 йилда оромгоҳлар фаолияти ўтган йиллардагига қараганда анча самаралироқ бўлгани, кўпроқ болалар оромгоҳларга жалб этилиб, айрим оромгоҳлар 5-6 смена ишлагани, мавсум пайтида болалар билан боғлиқ бирорта кўнгилсиз ҳодиса юз бермагани алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида бош­ланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ўртасида «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» республика танлови ўтказилиши бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ушбу танлов 3 босқичда ўтказилади. Унда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар умумтаълим мактабларида камида 20 йиллик педагогик, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида эса камида 10 йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.
Қайд этилдики, танлов ғолиблари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Чунончи, 1-ўринга муносиб деб топилган соҳа ходимига «Спарк» автомобили топширилади.
Йиғилиш кун тартибига кўра, 2020 йилда Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ўтказиладиган ҳисобот-сайловларга тайёргарлик кўриш, кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлашнинг янги ва самарали механизмларини амалиётга татбиқ қилиш, ташкилий ишларни тартибга солиш, қолаверса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг янги кўринишдаги логотипини ишлаб чиқиш бўйи­­ча танлов эълон қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, йиғилишда касаба уюшмаларининг бош­қарув тизимини қайта кўриб чиқиш, МДҲ ва бошқа чет эл касаба уюшмаларининг тузилиши, тажрибаларини ўрганиш ҳамда таклифлар бериш бўйича топшириқлар берилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар