Ўзгаришлар оғушидаги оролбўйи

27

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиб, аҳоли билан мулоқот ўтказиш мақсадида шу йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлган эди.
Президентимизнинг ҳар бир ташрифидан кейин воҳа тараққиётида, Қорақалпоғистон ҳаётида муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда.

МЎЙНОҚДАГИ МЎЪЖИЗАЛАР

Бу ҳақда сўз борар экан, биргина Мўйноқ туманида янгиликларнинг саноғи йўқлигини таъкидлаш жоиз. Хусусан, мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами арафасида бу ерда катта корхона иш бошлади. Унда 350 нафар мўйноқлик хотин-қизлар иш билан таъминланди.
Салкам 10 миллиард сўмлик маб­лағ эвазига бунёд этилган «Мўйноқ текстиль» корхонасига Туркиядан замонавий дастгоҳлар олиб келинди. Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Келгусида корхона маҳсулотлари хорижга экспорт қилинади.
– Бундан уч йил аввал қай тарафга бош уришини билмай қолган мўйноқлик ёшларнинг шодлигини сўз билан ифодалаб бера олмайман, – дейди корхона ишчиси Динара Ерғалиева. – Мўйноқликларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Замонавий тикув дасгоҳларида кийим тикиш сирларини ўрганиб, кегусида кичик тикув цехини ташкил этиш ниятим бор.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Мўйноқ туманини 2019-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дас­турига 1 триллион 485 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Ҳозир тумандаги 41 та объект­­да 156 миллиард 991 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Мисол учун айтсак, «Мўйноқ аква саноат» давлат унитар корхонасида балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлашга мўлжалланган дастгоҳлар ўрнатилмоқда. Жорий йил якунида ишга тушиши режалаштирилаётган ушбу корхонада ҳар йили 3650 тонна маҳсулот қайта ишланиб, 9 миллионта балиқ консерваси, 780 тонна балиқ фарши, 400 тонна балиқ филеси ва 200 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
– Корхонамизга 60 минг 270 гектарлик тўққизта кўл бириктириб берилган, – дейди корхона директори Руслан Мамбетқадиров. – Завод қошида йилига 30-40 миллион дона чавақ етказиб бериш имкониятига эга инкубация цехи мавжуд. Бундан ташқари, минг тонна маҳсулотни сақлаш учун музлатгичли омборхона бунёд этилган. Умумий қиймати 20 миллиард 200 миллион сўмлик завод ишга тушгач, 58 нафар мўйноқлик иш билан таъминланади.
Ҳар ойда бир корхонани ишга тушириш нияти билан меҳнат қилаётган туман аҳолисининг шашти баланд.
– Бир замонлар, ҳаттоки, Нукус шаҳрида бўлмаган болалар сузиш ҳавзаси энг чека туманимизда барпо этилди, – дейди мўйноқлик Қуанишбой Абдимуратов. – Маданият уйи, музей, ёшлар маркази, очиқ осмон остидаги театр, стадион, мактабгача таълим муассасалари ва кўп қаватли турар жойлар, маъмурий биноларнинг қисқа муддатда қад ростлаётгани чинакам мўъжизадир.

ҚОНЛИКЎЛНИНГ ЯНГИ ҚИЁФАСИ

Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Қонликўл туманида 2019-2020 йилларга мўлжалланган қиймати 354 миллиард 388 миллион сўмлик 20 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 552 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Ўтган давр мобайнида туманда саноат, хизмат кўрсатиш, сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида кенг кўламли ишлар бажарилиб, кўплаб инвестициявий лойиҳалар амалга оширилди.
Қисқа муддат ичида йирик ип-калава ишлаб чиқариш корхонасининг ишга туширилиши нафақат Қонликўл, балки воҳа ҳаётида ҳам қувончли воқеалардан бири бўлди. Ўн гектарлик майдонда бунёд этилган корхонанинг умумий қиймати 312 миллиард 20 миллион сўмга тенг. Бугун корхонада 350 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилган ип-калава маҳсулотлари чет давлатларга экспорт қилинаётир.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида тумандаги «Берекетли нурлы жер» фермер хўжалигида ҳам бўлган эди.
– Президентимиз иш фаолиятимиз билан танишиб, ўзининг қимматли маслаҳатларини берган эди, – дейди Муратбой Жамғирбаев. – Хўжалигимиз ўтган йили ташкил этилган бўлса ҳам меҳнатимизга яраша ютуқларимиз бор. Ерга эътиборли бўлиб, агротехник қоидаларга қатъий амал қилинса, кўзланган натижага эришиш мумкин. Йил якунида олинажак даромаддан умидимиз катта. Лизингга трактор олмоқчимиз. Давлатимиз раҳбари берган маслаҳатлардан куч олиб, фаолиятимизни кўп тармоқли хўжалик асосида юритиш ниятимиз бор.

ЙИРИК ВА МАНФААТЛИ ЛОЙИҲА

Ўтган асрнинг 60 йилларида ишга туширилган «Тахиатош» иссиқлик электр станциясида турли муаммолар юзага келган эди. Айни чоғда бу ерда кореялик ҳамкорлар билан йирик иншоот барпо этилмоқда. Қуввати 230-280 мегаватт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари авжида.
– Жорий йил охирида буғ-газ қурилмасининг биринчи навбати фойдаланишга топширилиши режалаштирилган, – дейди корхонанинг лойиҳаларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Баҳром Иброҳимов. – Келгуси йил бошида қурилманинг иккинчи навбати ишга туширилгач, станция қуввати 273 мегаваттга ошади. Шунда бу ерда катта миқдордаги газ ва сув тежаш баробарида юзлаб янги иш ўрни яратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини узлуксиз сифатли электр қуввати билан таъминлаб туриш мақсадида барпо этилаётган йирик иншоотнинг умумий қиймати 678,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, келгусида у мамлакатимиздаги энг муҳим объектлардан бирига айланади.

ВАЗИФАЛАР АНИҚ

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев раислигида Нукус шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Қорақалпоғистонни ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама этилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Оролбўйида ҳам ижобий ва самарали ўзгаришларга эришилгани таъкидлаб ўтилди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қорақалпоғистонда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,4 фоиз, хизматлар кўрсатиш кўлами 18 фоиз қурилиш ишлари ҳаж­ми эса 45 фоизга ўсган.
Шу билан бирга, ҳудудда ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўп. Саноатни ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил этишга берилаётган эътибор етарли эмас.
Йиғилишда ҳудудни янада тараққий эттириш юзасидан бешта устувор йўналиш белгилаб берилди. Хусусан, ҳар бир шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг 2020 йил якунига қадар Мўйноқ туманида 100 ўринга мўлжалланган замонавий даволаниш-реабилитация марказини қуриб, фойдаланишга топшириш тўғрисидаги таклифи ҳам маъқулланди. Бу эса касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётганидан далолатдир.

Ортиқбой МАМУТОВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар