«Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида»

45

Республика танлови

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида бош­ланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ўртасида «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» Республика танлови ўтказилмоқда.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2019 йилнинг 23 август куни «Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги мавзуга бағишлаб кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилишига, хусусан, мактаб таълимини ривожлантириш, устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилмоқда.
3 босқичда ўтказилаётган мазкур танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар умумтаълим мактаб­ларида камида 20 йиллик педагогик, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида эса камида 10 йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.
Иштирокчилар тегишли ҳужжат ва материалларни Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашларида ташкил этилган Ишчи гуруҳларига тақдим этадилар.
Танлов ғолиблари Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида дип­лом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Хусусан,
I ўринга муносиб деб топилган соҳа ходими «Спарк» автомобили;

II ўринни эгаллаган иштирокчи «Samsung» музлатгичи;

III ўрин соҳиби «Samsung» кир ювиш машинаси билан тақдирланади.

Бундан ташқари, совриндорларга рағбатлантирувчи мукофот – Ноутбук топширилади.

Танлов тўғрисидаги батафсил маълумотларни
(71) 256-61-84, (71) 252-14-57, (71) 252-22-64
телефон рақамлари орқали олишингиз мумкин.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

Бошқа хабарлар