УСТЮРТДАН ХАЗИНА ИЗЛАБ…

43

Ёхуд нефтчилар эришаётган муваффақиятлар омили нимада?

Бугун Устюртнинг бепоён кенгликларида Ватан равнақи йўлида фидойилик билан фаолият юритаётган бир жамоа бор. Бу Устюрт қидирув бурғулаш бошқармаси – «Устюрт ҚББ» масъулияти чекланган жамияти ходимлари. Аҳил жамоанинг асосий иш жараёни ер қаъридан нефть ва газ конларини қидириб топиш ҳисобланади.

Уларнинг муваффақиятли меҳнати маҳсули сифатида яқин давр ичида янгидан «Оралиқ-1» ва «Қушқаир-1» конлари очилди. Жамоа жорий йилнинг ўтган олти ойида нефть ва конденсат захирасини бурғулаб топиш режасини 109,1 фоиз, табиий газ захирасини излаб топиш режасини 171,1 фоизга бажарди.
Айни пайтда корхонада 1281 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш маъмурият ва касаба уюшмалари зиммасидаги масъулиятли вазифалардан ҳисобланади. Жамоамизда ишлаётган ҳар бир аъзо, аввалло, иш берувчи билан касаба уюшмаси ўртасида имзоланган жамоа шартномасидан манфаатдордир. Чунки юридик кучга эга ушбу ҳужжатнинг ҳар бир банди ишчи-ходимларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларни ўзида мужассам этган.
Ишчиларимизда касалликлар аниқланса, дарров даволатиш ва профилактик чораларини кўришга ҳозирланамиз. 2019 йилнинг май-­июль ойларида 1250 нафар ходим даврий тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ишлаб чиқариш объектларида фаолият юритаётган ходимлар шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийим-бош билан таъминлаб борилади. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида ушбу мақсадлар учун корхона маблағларидан 500 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, озиқ-овқат билан таъминлашга 1 миллиард 325 миллион сўмдан ортиқ сармоя сарфланди.
Корхонада қидирув ва бурғулаш жараёни ўн беш кунлик (вахталик) асосда бажарилади. Ходимларимиз ишдан бўш вақтларини унумли ўтказиши учун ҳар хил маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этамиз.
Корхонамизда кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийларимиз ҳурмат-эътиборда. Бу йил 10 нафар ходимга дам олишга чиқиши муносабати билан корхона ва касаба уюшмаси ҳисобидан 57,5 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Ёнма-ён меҳнат қилиб, 50, 55, 60 ёшларини қарши олган 32 нафар ходим моддий рағбатлантирилиб, қимматбаҳо совғалар берилди.
Шу масканда меҳнат қилиб, пенсияга чиққан фахрийлар ҳам ҳамиша эъзозда. Улар ҳолидан доимо хабар олиб турилади. Хусусан, кўриш қобилиятида нуқсони бўлган Жапақ Ҳакимбоевга даволаниши учун кўмак берилган бўлса, узоқ йиллар корхонамизда фаолият кўрсатиб, пенсияга чиққан Василий Криковга иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси 1 миллион 400 минг сўм моддий ёрдам кўрсатди. Икки нафар фахрий «Қўнғирот» санаторийсида имтиёзли соғломлаштирилди.
Корхона касаба уюшма ташкилотига мурожаат этиб, ижтимоий ёрдам сўраган ҳар бир ишчи эътибордан четда қолмайди. Ўтган давр ичида 48 нафар ходимга корхона ҳисобидан 3,6 миллион ва касаба уюшма қўмитаси ҳисобидан 19, 5 миллион сўм миқдорида кўмак берилди. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган бир нафар талабага ўқув шартнома пулларининг бир қисми тўлаб берилди, туғуруқ таътилидаги бир нафар ходимга моддий ёрдам кўрсатилди.
Устюрт қидирув бурғулаш бошқармасида меҳнат қилаётган ёшлар кўп. Улар ўртасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш баробарида яқиндан суҳбат қуриб, фикрлашиб турамиз. Мулоқотлар давомида 21 нафар ёш оиланинг турар-жойга муҳтожлиги аниқланди. Маъмурият билан ҳамфикрликда намунавий лойи­­ҳа асосида бунёд этилган уйлардан 21 таси учун ипотека кредитлари корхона ҳисобидан тўлаб берилди. Ушбу мақсадларга 365,5 миллион сўм фоизсиз ссудалар ажратилди. Янги уйларга кўчган ёш оилаларда ҳовли тўйлари байрамга уланиб кетди.
Касаба уюшма аъзоларининг истак ва талаб­лари доимо эътиборга олинади. 85 нафар ходимнинг хоҳишлари инобатга олиниб, мамлакатимиздаги тарихий шаҳарлар билан зиёратгоҳларга олиб бордик.
Жамоамизнинг аҳиллигига кўрганларнинг ҳаваси келади. Яхши-ёмон кунларда, қувонч-у ташвишларда биргамиз. Яқинда «Аму ирғоқлари» ансамбли тайёрлаб келган концерт дастурига жамоамиз аъзолари билан бориб, кўнгилли дам олдик. Замонавий талқиндаги, тарбиявий аҳамиятга эга фильмларни қизиқиб кўрамиз.
Йил давомида ўз касбларига виждонан ёндашиб, фидойилик намуналарини кўрсатган ходимларимиз ва уларнинг оила аъзолари учун ҳар доим санаторийларга имтиёзли йўлланмалар тайёр. Шу кунгача касаба уюшма имтиёзларидан 22 нафар ходим фойдаланган бўлса, яна 33 нафар ходим «Геолог» санаторийсида корхона ҳисобидан бепул соғломлаштирилди.
Ёз мавсумида ишчиларининг фарзандларини намунали соғломлаштириш мақсадида маъмурият билан режа туздик. Унга асосан 160 нафар бола Шаҳрисабз шаҳридаги «Беруний» болалар дам олиш оромгоҳида ва 20 нафар бола Элликқалъа туманидаги «Орол болалари» марказида ҳордиқ чиқарди.
Бугун жамоамиз эришаётган ютуқларнинг асосий омили – бирдамликда, ҳамфикрликда. Бирлашган муродга етар деганлари аслида шу!

Махсет ҚУРБАНИЯЗОВ,
Устюрт қидирув бурғулаш бошқармаси
касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар