Дунё ҳунармандлари анжумани

30

Қўқон шаҳрида I Халқаро Ҳунармандчилик фестивали бошланмоқда

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга дунёнинг 80 тага яқин мамлакатидан қарийб 300 нафардан ортиқ моҳир ҳунарманд ташриф буюрган.
Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилди. Шаҳар кўчалари байрамона безатилган. Қисқа қилиб айтганда, Хўқанди латиф бугун бутун дунё аҳлини лол қолдирадиган янги афсона тайёрлаган.
Фестиваль иштирокчилари ташриф буюриши кўзда тутилган 12 та тарихий обидани таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Бундан ташқари, 20 дан ортиқ Қўқон миллий ҳунармандчилиги намояндаларининг уй устахоналари, 4 та маданий дам олиш маскани фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар ташрифи учун тайёрланган. Фестивалнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтадиган «Худоёрхон ўрдаси» маҳаллий ва хорижлик ҳунармандларни ўз бағрига олган.
Марказий майдоннинг ён атрофида ҳунармандчилик санъатига доир турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ҳамда уларнинг сотуви ташкил этилади.
Фестиваль доирасида миллий либослар кўргазмали чиқишлари, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари намойиш этилади.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар