Касбимга меҳрим янада ортмоқда

49

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида кун тартибига қўйилган долзарб вазифалар биз – ўқитувчиларга чиндан-да жуда катта масъулият юклади.

Тадбирда мен ҳам вилоят ҳокимлиги студиясидан қатнашдим. Президентимизнинг нутқини, фикр-мулоҳазаларини диққат билан тингладим. Шу соҳа вакили сифатида тизимга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан, таълимни ривожлантиришга қаратилган катта режалардан беҳад қувондим. Шунинг баробарида тўпланиб қолган жиддий камчиликларда ҳамкасбларим қатори менинг ҳам айбим бор деган ўй кўнгилдан ўтди.
Эътибор беринг, сўнгги икки йилда мамлакат бўйича 12 минг 871 нафар эркак ўқитувчилар халқ таълими тизимига қайтибди. Бу, шубҳасиз, таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири борлигини ҳисобга олиб, кўрилган аниқ чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлар меваси.
Ёки дейлик, рағбат масаласи. Қайд этилганидек, охирги уч йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Давлат миқёсидаги бундай ғамхўрлик барча ҳамкасбларим қатори, менинг фаолиятимга ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Иқтисодий имкониятларим ортиб, рўзғоримга барака кирмоқда. Ишга нисбатан янаям меҳрим ошди. Ахир кундалик маиший ташвишлардан қутулгач, ўқитувчининг касбига бўлган меҳри ҳам ортади-да.
Қалб амри билан айтганда, шу кунга қадар давлат томонидан соҳа вакилларига яхшигина имконият ва имтиёзлар берилди. Бу жараён давом этмоқда. Наинки моддий рағбат масаласида, балки ўқитувчиларни нокерак ҳамда вазифасига кирмайдиган юмушларга жалб этмаслик, маҳаллий ҳокимликларнинг уларнинг ишига аралашмасликлари борасида ҳам. Хуллас, муаммоларни бартараф этиш учун давлат томонидан жиддий қадамлар ташланди. Энди қадам ташлаш навбати – ўқитувчиларга!
Ҳа, асосий муаммолар айнан ўқитувчиларда қолди. Чунки рағбат, эътибор ва ғамхўрлик юқоридан бўлаётган экан, обрў, ҳурмат-эҳтиром, иззат-икром қуйидан топилади. Боиси, билимли, ўз устида изланиб ишлайдиган, ёшларга меҳр билан сабоқ берадиган, уларнинг кўнглига йўл топа оладиган ўқитувчигина ана шундай рутбага, жамиятда қадр-қимматга сазовор бўлади.
Гап келганда айтай. Яқинда янги ўқув йили олдидан сарҳисоб ва режаларга бағишланган анъанавий август кенгаши чоғида Асака тумани халқ таълими бўлими мудири Ўткирбек Сулаймонов билан дилдан мулоқот қилдик. Аён бўлдики, ўқитувчиларнинг билимдонлиги борасида яхшигина муаммоларимиз бор экан. Қаранг, олий малака тоифаси ҳимояси учун тест жараёнида туманимиздан қатнашган 13 нафар педагогнинг 3 нафаригина синовдан ўтди. Биринчи тоифали 66 кишидан 41 нафари етарли балл йиға олмасдан бир поғона пастга, яъни иккинчи тоифага тушган бўлса, биринчи малака тоифасига даъвогар ҳисобланмиш 309 нафар ўқитувчининг 147 нафаригина етарли балл йиға олган, холос. Бу рақамлар ҳар бир муаллимни ўйлантириши, жиддий изланишга, малакани оширишга, иштиёқ билан ишлашга ундаши зарур. Чунки таълим тизимида ўқитишнинг янги ёндашувларига, халқаро тажрибаларни қўллашга ўтаётган эканмиз, биринчи навбатда ўқувчининг эмас, ўқитувчининг саводхонлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Саводхон, билимдон ва жонкуяр ўқитувчи эса ҳар қандай ўқувчининг кўнглига йўл топа билади, уни ортидан эргаштира олади.
Мамлакат миқёсидаги йиғилиш баҳонасида мен ҳам дўппини бир четга қўйиб, жиддий ўйландим, ўзим учун режалар белгилаб олдим. Тизимда ўттиз йилга яқин ишлабман. Салоҳиятим етганича кўплаб шогирдлар тарбияладим. Аммо бу ўқиш-ўрганиш жараёни тўхтаб қолади, дегани эмас. Президентимиз эътибори бошқалар қатори мени ҳам ижодий изланишга, фидойилик билан меҳнат қилишга руҳлантирмоқда. Шу билан бирга, қурбим етганича ёш ҳамкасбларимга ҳам ҳаётий тажрибаларни, бор билимимни ўргатишга интилавераман.
Мана янги ўқув йили ҳам бошланди. Биз ҳам қадамларни каттароқ олишимиз керак.

Абдурашид ЭРГАШЕВ,
Асака туманидаги 26-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси

Бошқа хабарлар