Отабек шуурининг оний сурати

27

ёхуд Қодириёна тимсол-рамзнинг
беқиёс тантанаси

ёхуд Қодириёна тимсол-рамзнинг
беқиёс тантанаси

Тахмин қилинса, «Ўткан кунлар»нинг аввалида келадиган «Ёзувчидан» сўзини Абдулла Қодирий асарга сўнгги нуқта қўйгач ёзган. Роман яратиш ғоя­­си туғилган ва шаклланган кезларда адиб «янги асар» ҳаваси билан яшаган бўлиши мумкин, лекин у романнинг ипидан-игнасигача айнан мана шундай тугал шакл-шамойилга келишини аввалдан тасаввур қилиши мумкин эмасди. Муаллиф сюжет қурилишида, жумладан, серҳая­жон лавҳалар яратишда оддий халқ руҳига сингиб кетган эртакчилик, достончилик услубидан унумли фойдаланган, шу билан бирга воқеалар, зиддият-у тўқнашувлар занжири тизгинини мутлақо ўз ҳолига қўйган, бунинг натижасида роман яратилган давр кишиларини қўйиб турайлик, ҳозир ва келгусида уни ўқишга жазм этажак барча тоифадаги китобхонларнинг ҳам ҳаммаси бирдек илғайвермайдиган адабий тажрибалардан моҳирона фойдаланган.
Адибнинг ўзи «кичкина бир тажриба» деб атаган бундай услубий ёндашувлар қаҳрамонларнинг, айниқса, мураккаб руҳий ҳолатлари тасвирида кўпроқ учрайди.

Отабекнинг хаёл одами экани ўқувчига асарнинг илк фаслидаёқ аён қилинади. У хаёл ичида ўтириши, хаёлланиши ва, умуман, табиатан хаёлчан ва гўшанишин одам экани романнинг кўп ўринларида таъкидланади. «Меҳробдан чаён» қаҳрамони Мирзо Анвар қайсидир жиҳатлари билан Отабекка ўхшаб кетади: ингичка табиатлик-нозиктаъб, вазмин, мулоҳазакор, кези келганда, жасорат кўрсатишга-да қодир. Феъл-атвори, сажиясига кўра, у ҳам ўй одами, лекин унинг бу хусусиятига асарда, Отабекдан фарқли ўлароқ, алоҳида урғу берилмаган, таъкидланмаган. Дастлабки икки йирик асарига мутлақо ўхшамаган ҳавас, тажриба ва мажбурият эҳтиёжидан келиб чиқиб яратилган «Обид кетмон» қиссасининг қаҳрамони бўлмиш Мулла Обид ҳам табиатан ёлғизликка мойил одам, шунга қарамай, у қарийб «ўйламайди», биринчи бор асар иккинчи бўлимининг дастлабки саҳифаларига борибгина дафъатан ўйга толади (колхоз тўғрисида), холос.

Бадиий асар бош қаҳрамонига доир кузатишларимизни айни шу нуқтаи назарда баён этишдан кўзда тутилган мақсадимизни асослашга ҳаракат қиламиз.
Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар»ни ёзишда халқ ўртасида кенг оммалашган анъанавий эртакнавислик, ривоятнависликдан мерос шартлилик услубидан усталик билан фойдаланди, бу ҳол асарнинг оммабоплигини таъминлашда катта аҳамият касб этди, бироқ адибнинг бошқа бир катта мақсади, «ёзмоққа ниятлангани» «янги замон романчилиги билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба»га қўл уриш эди. Муаллифнинг ушбу нияти қаҳрамонларнинг фавқулодда ҳолатларда чуқур руҳий изтиробларга тушиш манзаралари тасвирида буткул ўзгача бир кўринишда намоён бўлган. Лўнда айтадиган бўлсак, нисбатан олганда, у ушбу мақсадига Отабек образини яратишда кўпроқ эришган.
«Ўткан кунлар»даги рамз-тимсоллар поэтикаси алоҳида бир олам, бу олам шу қадар ранг-баранг, шу қадар серқатлам, шу қадар сержилваки, уларни ўрганиш, таҳлилга тортиш адиб маҳоратининг илдизларини роман ўзида мужассам қилган ижтимоий-сиёсий мақсад-муддаолардан кўра, кўпроқ, ортиқроқ, теранроқ кашф этиш имконини беради.
Абдулла Қодирий романчилик мактабини яратгани аллақачон халқаро миқёсларда эътироф этилган, бироқ ушбу «мактаб»да қаҳрамон руҳий ҳолатининг энг оғир, қалтис ва таҳликали лаҳзаларини тасвирлаш маҳорати алоҳида мавқега эгалиги, алоҳида мактаб ичидаги мактаб экани етарлича умумлашма баҳосини олмаган, назаримизда.
Роман воқеалари динамикаси оҳиста, сокин ривожлана боради. Муҳими, бош қаҳрамон ўйлари, кечинмалари умумий оқимдан узилиб қолмайди, балки сюжет йўналишидаги ҳар бир тўлқин эпкини, шабадаси унинг қалби-шуурига тегиб ўтади. Мисол учун, «Анови ярасининг устига (ишқ яраси − Х.Д.) Тошкент фожиаси келиб қўшилгач, Отабек тағин ҳам хаёлчанланган, тағин ҳам хомушлиги ортган эди».
Бу – бошланиши.
Алҳол, Отабек ота-она орзусидаги тўйга ризолик беради, энди шу орзу ҳақидаги хабарни Марғилонга етказиш мажбурияти уни йўлга тушмакликка қистайди. У ортиқча бир оғирлик билан, иккиланишлар билан йўлга қўзғалар экан, отнинг бошини ўз ихтиёрига қўяди. Эътибор берайлик, руҳий изтироб кучайган дамларда Отабек от тизгинини ўз ихтиёрига қўйгани каби, адиб айни шундай дамларда тасвирга мутлақ «эга»лик ҳуқуқидан воз кечади, яъни у ҳам тасвир тизгинини ўз ҳолига қўяди. Чунки қаҳрамон «юз хил совуқ, ярамас хаёллар қўлида эзилиб, ўзининг дунёда борми-йўқлигига ҳам тушунмай» қолган бир пайтда муаллифнинг ҳам руҳий аҳволи уникидан кам эмасди.
Тошкентдан Марғилонга келган тўй хабарини қайин ота, қайин она ва куёв биргаликда ўлтириб муҳокама қилишмоқда. Бу пайтдаги Отабекнинг аҳволини тасаввур қилиш маҳол. Руҳий азоб-изтироб исканжасида қоврилаётган Отабек кўзда ёш билан минг бир хижолатда ташқарига чиқиб кетади. Ўзини чалғитиш мақсадида беихтиёр Фузулий девонини варақлашга тутинади. Бироқ кўнгил ғашлиги ёзилмайди. «Нима учундир ҳозир унда бирор фожиага тушкувчининг ҳолати бор эди». Навбатдаги тасвир янада чуқурлашганига эътибор қаратайлик: «Киши изтиробга тушган кезларда тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир йўсинсиз ишларга уринадилар».

Мазкур жумла ўрни келганда шунчаки ёзилган тасвиргина эмас, назаримизда у − романнавис-адибимиз бадиий маҳорати сирларини англаш сари йўл очувчи фавқулодда жиддий концептуал қараш, нуқтаи назар, ўзига хос бадиий тафаккур тарзини ўрганишда, хусусан, Қодирийнинг психологик ­тасвир маҳорати сирларини кашф этишда жуда-жуда қўл келадиган КАЛИТдир. Ихтиёрсиз, йўсинсиз ҳолатга тушган қаҳрамон руҳий оламини, хатти-ҳаракатларини маромига етказиб тасвирлашда Қодирий томонидан топилган бадиий кашфиётдир.

Демак, Абдулла Қодирий бир оғиз жумлада китобхонларни (уларга қўшиб ижодкор аҳлини) огоҳлантирмоқда. Фикримизни янада лўндалаштирсак, ўқувчини романда учрайдиган мураккаб ҳолатлар тасвирини идрок этишда уқувлироқ, зийракроқ бўлишга ундамоқда. Энди буёғига китобхон ҳушёр бўлмоғи, қаҳрамон бошидан ўтказаётган изтиробли кечинмаларни бор мураккаблиги билан илғай билмоғи зарур. Зеро, воқеалар давоми шуни тақозо этади.
«Қувланиш» фаслига келамиз. Шом намозига отланган қутидор эшикда Отабекка рўпара келади ва уни уятсиз дея қувиб солади. «Бундай муомала олдида Отабекнинг қандай ҳолда қолиши изоҳга унча муҳтож бўлмаса керак» дея тасвирлайди адиб. Лекин изоҳ-тасвирга нуқта қўймайди, балки уни тубандагича давом эттиради: Отабек қозиқдек қоқилиб қолади, на юра олади, на сўзлашга тили келади. У «эсини бошига йиғиб михланган еридан қўзғалганда, шом намози ўқилиб битган» (у шу аҳволда қанча фурсат туриб қолганини чамалаб кўрайлик!), шундан кейинги унинг ҳаракатлари мошинавори, яъни ҳуши ўзида эмаслик ҳолатида кечади.
Вазият, унга қўшилиб асаблар ипи янада таранглашади, чигаллашади. «Жонсиз бир хабар ва қўрқинч бир кеч» фаслида кульминация авж пардасига кўтарилади.
Отабек бирор бир янгилик эшитиш мақсадида қутидорнинг уйидан чиққан икки бегона кишининг изидан тушади ва иттифоқо Кумушбибининг эрга берилаётганидан, ҳатто тўй кунлари белгиланганидан хабар топади. Бу совуқ хабар Отабекнинг баданидан жонини суғуриб олади гўё, унинг ҳуши бошидан учади, эсанкирайди, мошинавори қадам ташлайди, ўзини қаёққа уришни билмай Марғилон кўчаларида тентакларча югура бошлайди. Унинг бу ҳолига қараш юракларни ёради ва ҳақиқатда ҳам тасвирга қалам кучи ожиз қолади. Қалам кучи ожиз қолган дақиқаларда адибимиз… қаламни ўз ҳолига қўяди − қоронғу кузнинг қоронғу бир тунида Отабек «Хўжа Маъоз» қабристонига киради. Тасвир тўласича қодириёна тимсол-рамз измига ўтади.
Қоронғуликка манба бўлган мозористон чангалзорини Марғилон кўчаларида телбаларча югураётган Отабекнинг дарди дунёси деб тасаввур қилайлик. Шу дамда Отабекнинг шуурида кучли бир ел турди, «сочлари ўсиб соқолига қўшилиб кетган бир девона» тимсолидаги ёвуз кучлар Отабек шуурини худди гулхан янглиғ кавлаб тўзитиб юборди; «битта-яримта тўкилмай қолган япроқлар» − Отабекнинг сўнг­­ги умидлари узила бошлади; «ел кучайгандан кучайиб борар» − ғаразгўйлар таҳдиди авжига минди; Отабекнинг метин бардоши устма-уст босиб келган ел бўкиригига дош беролмаслик хавфи туғилди − «шох-шаббалар қарс-қурс синар»ди; наҳотки, Отабекнинг мустаҳкам иродаси ҳам − «кекса ёғочлар ғийқ-ғийқ этиб ёлбориш товуши чиқаргандек» заифлашаёзди; йўқ, Отабекнинг иродаси унча-мунчага эгилмайди, букилмайди, башарти, манфур кучлар «чинор» − Отабекни йиқитгудек бўлса-да, у «девонанинг гулханини тўнка-пўнкаси билан кўтариб чакалакнинг ичига отган»дек, ёвуз кучларни парчалаб ташлайди!

Замон қарға-зоғлари тинчланса − «кўкни ўраб олган» қора булутлар ҳам тўс-тўсга бўлинади», ана шунда «Ой (яъни Кумуш) ҳам қора парда ичидан ярим юзини очади», ҳозирча «ой парчаланган қора булутлар билан бекинмачоқ ўйнаган каби» − Кумушнинг тақдири чиркин ниятли кишилар қўлида ўйинчоқ қилиняпти; ҳали Ҳомид, Содиқ тоифасидаги манфурлар «чинор шохларига тасбеҳ каби тизилган» бойқушлардек кўп (йиртқич бойқушларнинг эзгу мақсадларда фойдаланиладиган тасбеҳга қиёсланиши қанчалик жоиз, буни алоҳида ўйлаб кўришга тўғри келади. − Х.Д.). Улар «ой булутлар остига кирса» роҳатдан чиғ-чиғлаб сайрайдилар; Кумушнинг бу ҳолга тушиши Отабекни тасвирга тил ожиз бир кўйга солади − «бойқушлар сайроғи ичидан инграниш каби бир товуш ҳам эшитилгандек бўладир»…

Отабек психологиясининг, қолаверса, романнинг кульминацияси – «Хўжа Маъоз» мозори тасвири! Роман воқеаларининг ўзига хос ажиб тугуни вужудга келди ушбу тасвирда, шундан кейинги воқеалар жараёнида мазкур тугун аста-секин ечила боради.
Қодирий мазкур усулни «Меҳробдан чаён»да қарийб айнан такрор қўллаган. Абдурауф тунқатор Мирзо Анварга Солиҳ махдумнинг қизини сўраб боришганини айтади, айтиб қўя қолмай, «Биз, қиблагоҳ учун кечарсиз, деб ўйладик» дея чаёндек ниш санчади ҳам. Анвар «бу заҳарли сўз билан илон каби тўлғаниб олса ҳам, бутун кучини сарф қилиб, сир бермасликка тиришади». Бироқ бу билан тасвир тугамайди, балки у қуйидагича давом этади: «Ҳаво текис қорамтил булут билан ўралган. Қўқоннинг машҳур шамоли қанот ёйган эди. Қорамтил булутлардан қуйироқда олақарғалар қанот қимирлатмай саёҳат қилар ва онда-сонда ёмғир қатралари томчилар эди.»
Кўринадики, Мирзо Анвар ҳам Отабекда бўлгани каби ихтиёрсиз, йўсинсиз ишга уринади – у оғир мушкулот остида қолган, унинг ҳам дард-у ­дунёси зимистон, зимистон руҳият манзарасини ўқувчи кўз ўнгига келтиришда адиб «Ўткан кунлар»да тунги мозористон, «Меҳробдан чаён»да эса қорамтил булутли тун тасвиридан фойдаланган.
Мантиқан ҳақли савол туғилади: ХХ асрнинг иккинчи ярмига келибгина жаҳон адабиётида кенг оммалашган «янги роман»чиликка хос бадиий тасвир унсурларидан Абдулла Қодирий хабардор бўлиши мумкин эдими? Афсуски, бу саволга асосли жавобимиз йўқ, ­аммо-лекин бадиий ижод, бадиий тафаккур қонуниятларидан келиб чиқилса, саволни жавобсиз қолдирмаслик эпини топиш мумкин. Авваламбор, Қодирий ёшлигидан фавқулодда донишманд инсон бўлиб вояга етган, инсон ва дунё мазмун-моҳиятини ғоятда чуқур ва теран идрок этган, энг муҳими, ана шундай ёндашувлари табиий равишда узукка кўз қўйгандек муносиб – новаторона бадиий услуб унсурларининг яратилишига олиб келган. Таассуфлар бўлсинким, муҳтарам адибимизга булар сингари адабий-бадиий кашфиётларни янаям баланд пардаларда давом эттириш насиб қилмади, баттол замон касофати ўлароқ, улар кейинги авлод адиблари томонидан давомли анъанага айлантирилмади ҳам.

Армонли фараздан тасалли истайди кўнгил: аёвсиз тақдир ва аянчли қисмат шафқат қилганида эди, миллий романчилигимиз отабеги бўлмиш Абдулла Қодирий ўзи тамал тошини қўйган айни шу йўсиндаги ижодий услуб анъаналарини янада ривожлантирган, яна ­кўплаб ноёб ва нодир асарлар яратиши муқаррар эди…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

Бошқа хабарлар