Меъдасиз яшаш мумкин(ми?)

59

Саратон хасталиги. Бу сўз кишини бир сес­кантиради. Давоси йўқ, деган тушунча онгимизга кириб қолган. Аслида-чи? Хасталикка учрамаслик учун нима қилиш лозим? Касалликнинг шифоси борми?
Энг кўп учрайдигани меъда саратони ҳақида фикр юритиш асносида ушбу саволларга жавоб излаймиз.

Саратон олди…

Меъдада саратон ривожланишидан олдин саратон олди касалликлар учрайди. Улар сирасига сурункали атрофик гастрит, пернициоз анемия, меъда сурункали яра касаллиги, гиперплас­тик полип, аденомалар, Менетрие касаллиги, меъда касалликлари сабабли ўтказилган жарроҳлик амалиёти ва бошқаларни келтириш мумкин. Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қилувчилар, тамаки ва нос чекувчиларнинг касалланиши хавфи, зарарли одатлари бўлмаганларга нисбатан 10 маротаба юқорилиги илмий жиҳатдан исботланган.

Касаллик географияси

Ҳозирги кунда меъда саратони билан касалланиш кўрсаткичи Шарқий Осиё ва МДҲ давлатларида жуда юқори. Юртимизда ҳам бош­­қа хавфли ўсмалар ичида меъда саратони кўп учрайди, эркаклар орасида 1-ўринда, аёллар орасида кўкрак бези ўсмасидан кейин 2-ўринда туради. Шунингдек, бу касаллик билан асосан 50 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсонлар касалланиши ҳам кишини ўйга толдиради.

Олдини олиш

Кейинги йилларда тиббиётнинг ривожланиши ва замонавий диагностик усулларнинг кенг татбиқ этилиши бу масалага сезиларли ижобий таъсир кўрсатмоқда. Лекин касалликнинг кечиккан даражаларида мурожаат қилиш ҳамон юқори фоизларни ташкил қилади. Бунинг асосий сабаби, аҳолининг асосий қисми касаллик ва унинг оқибати ҳақида етарлича тушунчага эга эмас.
Масалан, Япония, Корея ва Европа мамлакатларида меъда саратони 70 – 85 фоиз ҳолатда бош­ланғич босқичларида аниқланса, МДҲ мамлакатларида бу кўрсаткич 15-20 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткичлар замонавий диагностик ускуналардан ҳам кўпроқ, аҳолининг тиббий маданияти ва бу касаллик ҳақида қай даражада тушунчага эга экани билан боғлиқ. Ваҳоланки, ўз вақтида шифокорларга мурожаат этиш ва профилактик текширувлардан ўтиш касалликни эрта даврда аниқлашга имкон яратади.

Эрта босқич белгилари

Меъда саратонининг эрта босқичларида беморларни ҳеч нарса безовта қилмаса-да, лекин қуйидаги белгилар кузатилиши мумкин:
– сабабсиз умумий ҳолсизликнинг пайдо бўлиши, иш фаолиятининг сусайиши.
– сабабсиз иштаҳанинг пасайиши ёки йўқолиши, илгари истеъмол қилиб юрган овқатларга нисбатан ёқтирмаслик ҳисси пайдо бўлиши, айниқса, гўштли маҳсулотларнинг ёқмаслиги.
– камқонлик.
– баъзан сабабсиз тез озиш ва бошқалар.
Бу белгилар меъда саратони эрта давридан ташқари касалликнинг кечки босқичларида ҳам аниқланиши мумкин.
Ўсма жараёни ўсиб-ривожланиши давом этиб, меъда нормал фаолиятига таъсир кўрсатадиган даражага етганда, бошқа турли белгилар ҳам кузатилади. Масалан:
– қуюқ овқатлар истеъмол қилганда тўш ортида туриб қолиш ҳисси;
– «қадалиб» ўтиши;
– овқат ҳазм бўлмасдан туриб қолиш ҳисси;
– оғиздан нохуш ҳид келиши;
– кекириш, кўнгил айниши, қусиш, қориндаги оғриқлар ва бошқа белгилар ҳам кузатилиши мумкин.

Муҳим омили

Ҳозирги кунда меъда саратонини эрта аниқлашда – эндоскопик текширувнинг аҳамияти жуда катта бўлиб, у саратон турини аниқлашга ҳам ёрдам беради. Афсуски, баъзилар унинг қанчалик зарурлигини, аҳамиятини ва тўлиқ маълумот беришини тушунмай, ушбу текшириш усулидан бош тортадилар, бу эса касалликни ўз вақтида аниқлашга имкон бермайди.
Ҳозирги кунда меъда саратонини аниқлашда бошқа замонавий диагностик усуллардан ҳам фойдаланилади. Булар қаторига компьютер томографик, рентгенологик, генетик, иммунологик ва бошқа лаборатор текширувларни киритиш мумкин.

Тузалишга имкон бор

Кўпчилик инсонлар саратон касаллигини давоси йўқ дард деб ҳисоблайди. Лекин ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб бу касалликларни даволаш бўйича турли жарроҳлик усуллари ва дори-дармонлар ишлаб чиқилмоқда.
Мамлакатимизда меъда саратонини даволаш яхши йўлга қўйилган бўлиб, жуда яхши натижалар қўлга киритилмоқда. Буни даволаниш учун келаётган бошқа мамлакатлар фуқаролари мисолида ҳам билиш мумкин. Хусусан, Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида изланишлар кенг кўламда олиб борилмоқда.
Меъда саратонинг даволашда бошқа хавфли ўсма касалликлари каби жарроҳлик, кимё терапияси ва баъзан нур терапияси усулидан фойдаланилади. Меъда саратонини асосий даволаш усули жарроҳлик амалиёти ҳисобланиб, ўз вақтида малакали мутахасис – онколог томонидан ўтказилган операция саратон хасталигидан тўлиқ тузалишга имкон яратади.

Сунъий меъда ҳақида эшитганмисиз?

Меъдасиз одам яшаши мумкинми? Бу саволга қўрқмасдан «Ҳа» деб жавоб бериш мумкин. Аммо бу инсонлар бошқалардан фарқли равишда ҳаёт тарзини тубдан ўзгартиришлари лозим бўлади. Яъни бундай инсонларда нонушта, тушлик ва кечки овқат тушунчалари бўлмасдан, оз-оздан тез-тез овқат истеъмол қилишларига ва парҳез тутишларига тўғри келади. Лекин ҳозирги кунда Марказ ходимлари томонидан ишлаб чиқилган ва кенг миқёсда қўлланилаётган жарроҳлик амалиётидан бири меъда олиб ташлангандан сўнг бир вақтнинг ўзида «сунъий меъда» қўйиш амалиётидир. Бунда амалиёт ўтказиладиган беморда ўзининг ингичка ичагидан олинган бўлак, меъда ўрнини босувчи резервуар ясалади ва беморнинг касалланган меъдаси ўрнига қўйилади. Бундай жарроҳлик амалиётини ўтказган беморлар одатдаги ҳаёт тарзига қайтиши, меҳнат фаолиятининг тикланиши мумкин бўлиб, бошқа инсонлардан деярли фарқ қилмайди. Ҳаттоки, бу одамларда тана вазни ошиши ва маълум бир вақтдан сўнг парҳез тутмасдан одатдагидек овқатланиш тарзига ўтиш имконини беради. Илк бор 2003 йилда сурхондарёлик 16 ёшли ўспиринда мазкур амалиёт бажарилган. Одатда бу ёшда меъда саратони кам учрайди. Шунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиб ўзининг ингичка ичагидан «янги меъда» ясаб қўйганмиз. Бугунги кунда у савлатли эркакка айланиб, борча соғлом инсонлар қатори яшамоқда, оилали, фарзандлари бор, узоқ масофага юк ташувчи шофёр бўлиб ишлайди.
Марказда бир йилда 400 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилади, улардан 40-50 таси «сунъий меъда» қўйиш амалиётидир. «Сунъий меъда» меъданинг 50-60 фоизи функциясини бажариб беради. Касалликнинг кўпгина белгилари йўқолиб, камқонлик белгилари кузатилмайди.
Бу янгилик ҳақида дунё бўйлаб тиббиёт ­бўйича ўтказиладиган бир қатор конференцияларда маълумотлар берилиб, натижалар таҳлил қилингандан сўнг бошқа мамлакатлардан ҳам даволаниш истагини билдириб мурожаат этаётганлар сони муттасил ошиб бормоқда.
Мухтасар айтганда, бу касалликни эрта – ўз вақтида аниқлаш ва малакали мутахассислар – онколог­лар томонидан даволаниш, дарддан тўлиқ фориғ бўлишга имкон беради.

Дилшод Эгамбердиев,

Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори, тиббиёт фанлари номзоди

Бошқа хабарлар