Хавфсиз меҳнат – асосий мақсад

49

ёхуд меҳнат муҳофазаси ҳақида мулоҳазалар

Кўпчилик қатори интернетга кириб, ижтимоий тармоқдаги турли-туман янгиликларни, «гап-сўз»ларни кузатиб бораман. Баъзан айрим воқеа-ҳодисаларга билдирилган муносабат ва изоҳларни ўқиб, «тутаб» кетаман ҳам. Бу ҳаётда нималар юз бермайди ахир? Масалан, қайсидир фаррош дераза ойнасини артаётиб, учинчи қаватдан йиқилиб тушади… Кимнидир кучли қувватли электр токи уради…

Аслида, буларнинг ҳаммаси эҳтиётсизлик, меҳнат муҳофазасига амал қилмаслик оқибатида юз берган кўнгилсиз ҳодисалардир. Бу «жараён»да жабрланувчилар, бевақт ҳаётдан кўз юмганлар ҳам бор. Ўта оғир кулфат. Аммо ижтимоий тармоқларда бундай воқеа-ҳодисалар умуман бошқача талқин қилинади. Эмишки, фаррош ўз жонига қасд қилган ёки кимдир уни атай туртиб юборган. Сочи бехосдан лентага ўралиб қолган қиз тўйга қаршилигини ўз сочи ва жони билан «ифодалаган эмиш»…
Очиғи, ана шундай ва шунга ўхшаш изоҳ ҳамда муносабатларни ўқиганимда, пашшадан фил ясайдиганларга қўл силтагим келади. Негаки, мен юқоридаги бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларидан озми-кўпми хабардорман. Билганим шуки, кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларнинг аксарияти ишлаб чиқариш жараёнида меҳнат муҳофазаси ва техника хафвсизлигига амал қилмаслик оқибатида содир бўлган. Афсуски, ҳамма корхона ва ташкилотларда ҳам меҳнат муҳофазаси талаб ва қоидаларига тўлиқ амал қилинавермайди. Айрим ишчи-ходимлар меҳнат муҳофазасига оид эҳтиёт чораларига «ҳеч нарса қилмайди-ку» дея бефарқ, беэътибор бўлишади. Оқибатда эса кўза кунда эмас, кунида синади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, хусусан, Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан юқоридаги каби ишлаб чиқаришда учраб турадиган турлича кўринишдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Масалан, «Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат» шиори остида жойларда ўтказилган тадбирларда иш берувчи ҳамда ходимлар меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид ҳуқуқий ҳужжат, меъёрий талаблар билан атрофлича таништирилди. Аниқланган камчилик ва муаммолар юзасидан тегишли тавсиялар берилиб, йўриқнома ва қўлланмалар тарқатилди.
Таъкидлаш жоизки, меҳнат муҳофазасига оид ушбу тадбирлар Федерация тизимидаги барча тармоқ ва бирлашмалар томонидан ҳамкорликда амалга оширилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳам белгиланган, берилган вазифалардан келиб чиқиб, тармоқ бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда танқидий-таҳлилий руҳда тадбирлар ўтказиб, уларга амалий ва назарий ёрдам кўрсатди. Жойлардаги ўрганишлар жараёнида бир қатор камчиликлар ва муаммолар аниқланди. Масалан, тармоқнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Кегейли, Элликқалъа, Беруний ва Чимбой туманларида меҳнат муҳофазасига оид ишлар тўлиқ ташкил этилмаган. Иш берувчи ва ходимлар томонидан меҳнат муҳофазаси талабларига амал қилинмаслиги оқибатида охирги бир йил ичида 5 та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Бу кўрсаткич тармоқ бўйича респуб­ликада энг юқори ҳисобланади. Ваҳоланки, иш берувчи ҳам, ходим ҳам меҳнат муҳофазаси талабларига тўлиқ ва қатъий амал қилишлари шарт.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбирлар «ишламаяпсан, қилмаяпсан» деган мазмунда ўтказилаётгани йўқ. Аввало, иш берувчи ҳамда масъулларга услубий-­амалий ёрдам кўрсатилди, соҳага оид тавсия ва маслаҳатлар берилди. Шунингдек, ходимлар, турли корхона ва ташкилотдаги бошланғич ташкилотлар вакилларини рағбатлантириш мақсадида анъанавий Республика кўрик-танлови ташкил этилди. Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича ўтказилган мазкур танловда «Энг яхши ташкилот», «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси», «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил», «Меҳнат муҳофазаси бўйича энг ёш мутахассис» каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Совриндорларга берилган мукофотлар уларнинг масъулиятли меҳнат фаолияти ҳамда фидойилигига берилган эътибор ва эътироф бўлди.
Маълумки, меҳнат муҳофазасига оид тадбирлар жойларда ҳар йили ўтказилади. Йилдан-йилга уларнинг қамрови кенгайиб, мазмуни бойиб бормоқда. Албатта, бунда Касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг алоҳида ўрни бор. Хусусан, ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллик­ларининг олдини олиш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 28 февралдаги Раёсат қарори ва мазкур қарор асосида амалга оширилиб келинаётган чора-тадбирлар ­фикримизнинг ёрқин далилидир.

Бегали САЙДАЛИЕВ,

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси

Бошқа хабарлар