Янги уйларда шодиёналар

73

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда.

Хусусан, соҳа фаоллари олис туманларнинг чекка қишлоқларида истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг шароитлари билан танишиб чиқди. Эҳтиёжманд 3444 та хонадонга маиший техникалар олиб берилди. Уй-жойи таъмирталаб ҳолатга келиб қолган оилаларнинг хонадонларида қурилиш ва пардозлаш ишлари амалга оширилди. Шу кунга қадар рўйхатга олинган 560 та оиладан 529 тасининг уйларида таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

Манзилли дастурга мувофиқ, 112 та оила уй-жой билан таъминланиши белгиланган эди. 2019 йилнинг февраль ­ойида Тахтакўпир туманида 6 та, март ойида Тахиатош туманида 60 та ва июнь ойида Тўрткўл туманида 5 та оилага янги уйларнинг калитлари топширилди. Замонавий турар-жойларга эгалик ҳуқуқини олган 71 та хонадон эгалари ҳовли тўйларини ўтказдилар.
Қораўзак тумани «Бердақ» ОФЙда бўлиб ўтган тадбирда Нукус шаҳри, Қораўзак, Кегайли, Амударё, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот, Хўжайли, Нукус, Чимбой, Элликқалъа ва янгидан ташкил этилган Бўзатов туманларидан жами 30 оилага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида бўй тиклаган ва иккиламчи бозордан сотиб олинган уй-жойларнинг калитлари топширилди.
– Беғараз амалга оширилаётган ижтимоий муҳофазадан қанчадан-қанча эҳтиёжманд инсонларнинг кўнгиллари обод бўлаётганини кўряпмиз, – дейди бирлашма раиси Улуғбек Жалменов. – Дастур доирасида ўз уйи бўлмаган, ночор аҳволда ҳаёт кечираётган 101 та оилага замонавий турар-жойлар тақдим этилди.
Элликқалъалик Юлдуз Атамуратова туғишгани Саломатдин билан оғир аҳволда кун кечирар эди. Маҳалла-кўй, қўшнилар ота-онасиз болаларни ташлаб қўймади. Маҳалла фаоллари кўмагида Саломатдиннинг тўйи ўтказилиб, касаба уюшмалари ёрдамида томорқасига дарахт кўчатлари экилди.
– Ота-онамиз оламдан ўтгач, Саломатдин икковимиз қийин аҳволда қолдик, – дейди элликқалъалик иккинчи гуруҳ ногирони Юлдуз Атамуратова. – Бахтимизга яхши инсонлар бор экан, қараб туришмади. Туман ҳокимлиги «Дўстлик» ОФЙдан 8 сотих ер ажратди. Касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан эса уч хонали замонавий уй қуриб берилди. Янги уйда бугун жигаримнинг оиласи билан бахтиёр ҳаёт кечирмоқдамиз.
Ҳаётнинг оғир синовлари Юсуповлар оиласини четлаб ўтмади. Ота-онасидан ажраб қолган тўртта фарзанднинг каттаси Одилбек укаларини эргаштириб, қариндош-уруғлариникида юрди.
– Ота-онамиз 2012 йили оламдан ўтганди, – дейди Одилбек Юсупов. – Шароитимизни ўрганиб чиққан фаоллар бизга замонавий уй-жойлардан бирини ажратиб берди. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Укаларим тарбияси билан энди ўзим шуғулланаман. Ниятимиз – комил инсонлар бўлиб вояга етиш, Ватанимизга, халқимизга чин дилдан хизмат қилиш.

Ортиқбой МАМУТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар