Қалбларга умид бағишлаб

55

Касаба уюшмалари Федерацияси юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишларга камарбаста ташкилотлар қаторида инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш йўлида ибрат олгулик ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Хусусан, турли соҳаларда сид­қидилдан меҳнат қилаётган, ижтимоий кўмакка муҳтож ходимларнинг 87 нафарига «Умид гулшани» ҳамда «Бўстон» санаторийларида саломатликларини тиклаш учун бепул йўлланмалар ажратилди.
«Умид гулшани» санаторийсида дам олувчиларга нафақат саломатликларини тиклаш, балки ўзидан зурриёд қолдириш, фарзанд кўриш бахти ҳам улашилади. Шифокорлар эзгу умидларни дилига тугиб келганларга замонавий ускуналар воситасида ташхис қўйиш, малакали хазмат кўрсатиш билан биргаликда руҳий мадад ҳам кўрсатадилар. Даволаниб кетганларнинг маълум вақт ўтгандан сўнг оиласида фарзанд ­дунёга келгани ҳақидаги хушхабар улар учун ҳам катта мукофот эканини ушбу ­маскан мутасаддилари ҳамиша алоҳида фахр-ифтихор билан таъкид­лашади.
Бепул йўлланма асосида келган фуқароларнинг дам олишини мазмунли ташкил этишга катта аҳамият қаратилди. Уларнинг Тошкент шаҳрида мустақиллик йилларида барпо этилган мажмуаларга, Занги ота зиёратгоҳига ташрифи уюштирилди. Ўзбек миллий академик драма театрида спектакль томоша қилишди. 12 кунлик дам олиш мазмунли ўтиши учун барча шароитлар яратилди.
– 20 йиллик меҳнатим давомида бундай эъзозни кўрмаган эдим, – дейди Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Мўйноқ тумани Тик-­озек овулидаги қишлоқ оилавий полик­линикаси фарроши Жумагул Еримбетова. – Юртимизда шундай гўзал масканлар борлиги, бу ­масканларда олижаноб, меҳрибон инсонлар фаолият кўрсатаётгани кўнглимни тоғдек кўтарди.
Ҳар иккала санаторийда бепул йўлланма асосида дам олаётган ходимлар учун икки қисмдан иборат байрам тадбирлари ташкил этилди. Санатор-курортлар бошқармасининг маданий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Маҳмуда Мурзаева мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза қилди.
Санъаткорлар томонидан тақдим этилган куй-қўшиқлар тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар