«Рақс сеҳри» дилларни мафтун этди

57

Қўҳна ва ҳамиша навқирон Хивада «Рақс сеҳри» халқаро рақс фестивали ўтказилди.

Унга 20 га яқин хорижий давлатлардан 100 дан ортиқ меҳмон ташриф буюрди. Улар орасида машҳур раққос ва рақс гуруҳлари бор. Грузиянинг «Рустави», Тожикистоннинг «Зебо», Индонезиянинг «Nusantara», Ҳиндистоннинг «Kalakriti», Қозоғис­тоннинг «Номад» каби рақс жамоалари шулар жумласидандир.
– Бу йилги фестивалда хорижий давлатлардан ташриф буюрган рақс гуруҳларининг эканлиги биз учун яна бир имконият, – дейди «Ниҳол» давлат мукофоти соҳибаси, истеъдодли раққоса Дилноза Ортиқова. – Фестиваль доирасида ташкил этилган маҳорат дарсларида тажриба алмашдик, улардан рақс маданияти сирларини ўрганибгина қолмай, ўзимизнинг миллий рақс мактабимиз ҳақида ҳам муфассал маълумот бердик.
Уч кун давом этган тадбирларнинг биринчи кунида миллий либослар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 50 дан ортиқ миллий либослар намойиш этилди.
Рақс усталари томонидан турли маҳорат дарс­лари, ижодий учрашувлар, фольклор гуруҳлар ва ансамбллар чиқишлари, анимацион шоулар, саҳналаштирилган томошалар, қўғирчоқ театрлари тақдимоти, ҳунарманд­лар, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари, «Ўзбекистон миллий рақс санъати» фотокўргазмаси, миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, қатнашчиларга миллий таомларимиз тортиқ қилингани, меҳмонлар Хоразм нонларини ёпиш жараёнларига гувоҳ бўлишгани фестивалга янада файз бағишлади.
– Фестивалда хорижлик олимлар, блогер ва таниқли журналистлар ҳам қатнашди. Жумладан, британиялик журналист-блогер, халқаро рақс ассоциацияси аъзоси Роза Веркое, Италия давлат телевидениеси бош муҳаррири Консуэло Женнари, Ал Жазира телеканали бошловчиси Муҳаммад Сиафик бин Азман, Франциянинг Овернь вилояти пресс-клуби ва журналистлар уюшмаси раҳбари Сониа Рейн ва ­бошқалар жараёнларни жаҳон ОАВларида тезкорлик билан ёритиб боришди, – дейди Туризмни ривожлантириш департаменти Хоразм вилояти ҳудудий бўлими мутахассиси Райҳона Давлетова. – Бу эса жаҳон аҳлининг она диёримиз, бетакрор санъатимиз, анъаналаримизга қизиқишини янада оширди.
Шунингдек, «Рақс санъатида миллий анъаналарнинг аҳамияти» мавзуида илмий-амалий анжуман, давра суҳбатлари, тақдимотлар, маҳорат дарслари ташкил этилиб, рақс санъатининг нуфузини янада ошириш юзасидан кўплаб қимматли фикрлар билдирилди. Меҳмонлар тарихий обидаларни томоша қилиб, Ичан қалъада фольклор этнографик ансамблларининг ранг-баранг ижодиётидан баҳраманд бўлдилар.
Фестивалда фаол иштирок этган ёрқин истеъдод соҳибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Якунда гала концерт уюштирилиб, дунёнинг бетак­рор куйлари, рақслари ижро этилди.

Дилрабо КУРЯЗОВА,
журналист



Бошқа хабарлар