Ходим ҳимояси — ютуқлар дояси

51

Тошлоқ туманидаги «Daewoo Textile» масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда 3264 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Шундан 2105 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. 30 ёшгача бўлган ёш ходимларнинг сони эса 1269 нафар.

Таъкидлаш жоизки, пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона маҳсулотининг 80 фоизи хорижга экспорт қилинади. Корхонада ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароитлари яратилгани учун ҳам иш сифати ва кўлами ошиб бормоқда. Ишчиларга махсус кийим-бош, сут ва сутга тенглаштирилган маҳсулотлар, дори-дармонлар олиш ҳамда тиббий кўрик учун қарийб 400 миллион сўм сарфланди. Корхонада ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларга моддий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхона касаба уюшма қўмитаси ҳисобидан 251 нафар ходимга салкам 20 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Ишчи-ходимларнинг 865 нафар фарзандига ўқув қуроллари жамланмасини харид қилиш учун 41 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Корхона касаба уюшма қўмитаси фаолиятига яқиндан ёрдам берган ходимларга мукофот пуллари берилди.
Булардан ташқари, корхонанинг бир гуруҳ ишчи-ходимлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм шаҳарларига саёҳатга юборилди. Ходимларнинг фарзандларини ёзги оромгоҳларда дам олиши учун 175 та имтиёзли йўлланма олиб берилди.
Корхонада меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий амал қилинади. Шу боис бу корхонада бахтсиз ҳодисалар, касб касаллик­лари кузатилмаган. Амалга оширилаётган ишлар, саъй-ҳаракатлар эътибордан четда қолмайди, албатта.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг республика босқичида «Энг яхши ташкилот» номинациясида корхона ғолибликни қўлга киритди. Бу ютуқ ўз-ўзидан келгани ва берилгани йўқ.
— Корхонамиз бош директори Чо Синг Хён танлов ғолиби бўлганимиздан жуда хурсанд. Бу ҳақда Жанубий Кореядаги дўстлари ва ҳамкорларини ҳам хабардор қилди, – ­дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Гулнора Юсупова. – Корхонамиз ишчи-ходимлари эътибордан беҳад мумнун. Биз бундан буён ҳам ишлаб чиқариш ва меҳнат муҳофазасида юқори натижаларга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Бегали САЙДАЛИЕВ,
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси

Бошқа хабарлар