Тошкентда дзюдо бўйича Гран-при турнири бўлиб ўтади

32

19 сентябрь куни пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Ҳумо” спорт саройида дзюдо бўйича Тошкент Гран при халқаро мусобақасига қуръа ташланди.

70 дан ортиқ давлатдан 500 нафарга яқин спортчи иштирок этаётган мазкур нуфузли турнирда дзюдочилар 2020 йили Токиода ўтадиган олимпия ўйинлари учун керакли рейтинг балларини жамлайди.

Мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этаётган Тошкент Гран присида ўз вазнларида ғолиб бўлганлар 700 рейтинг балга, кумуш медаль соҳиблари 490, бронзачилар эса 350 рейтинг бални қўлга киритади. Бундан ташқари, 5-ўрин 252, 7-ўриндан жой оладиган спортчилар 182 балга эга бўлади.

Мусобақа 7 та эркаклар ва аёллар вазн тоифаларида ўтказилмоқда. Халқаро дзюдо федерацияси қоидаларига мувофиқ, мезбон давлат турнирнинг ҳар бир вазнида тўрт нафардан спортчи билан қатнашиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари ушбу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда 50 нафар энг сара спортчиларни беллашувларга ҳозирлашди.

Айтиш лозимки, 60 килограмм вазн тоифасида 2019 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиб, Олимпиада – 2020 рейтингида биринчи ўринга кўтарилган Шарофиддин Лутфуллаев Тошкент Гран присида қатнашмайди. Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фарход Тўраевнинг билдиришича, маҳоратли спортчимизни келгуси мусобақаларга, айниқса, Токио – 2020 олимпиадасида муносиб иштирок этиши учун ҳам Тошкент беллашувларини кузатувчи сифатида ўтказиши мақсадга мувофиқ.

22 сентябрга қадар давом этадиган халқаро турнирда Ўзбекистон шарафини Диёрбек Ўрозбоев, Шаҳрам Аҳадов, Сардор Нуриллаев, Ҳикматиллоҳ Тўраев, Муҳаммадкарим Хуррамов, Бекмурод Олтибоев, Диёра Келдиёрова ва Гулноз Матниёзова ҳамда умидли, ёш курашчиларимиз ҳимоя қилади.

Маълумот ўрнида fqnbi жоиз, мусобақаларни бевосита кўзатиб бориш учун “Ҳумо” спорт саройига кириш бепул. Беллашувлар соат 10:00 дан 19:00 га қадар давом этади.

Тўлқин РЎЗИЕВ

Бошқа хабарлар