ЁШЛИК РАНГЛАРИ

60

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 22 нафар ёш ижодкорнинг 10 минг нусхадан иборат, лотин ва кирилл алифбосида чоп этилган китобларининг тақдимот маросими ўтказилди. Унда шоир ва ёзувчилар, публицистлар, адабиётшунос олимлар, драматург ҳамда таржимонлар иштирок этди.

Китоблари чиққан ёшларнинг қўлёзмалари Республика ёш ижодкорларининг Зомин ва “Истеъдод мактаби” семинарларида нашрга тавсия этилган. Аксарият ўғил-қизлар Зомин семинарида иштирок этган. Бу тоғлар қўйнида икки йил бурун қайта тикланган адабиёт байрами ўз меваларини бера бошлаганининг исботи бўлгани эътироф этилган тадбирда уларнинг ёрқин истеъдоди, ижод маҳсулларининг залвори ҳақида атрофлича сўз юритилди. Устоз ижодкорлар қалбида кўклам кўкараётган, асарларида ёшлик ранглари жилва қилаётган ушбу ижодкорларнинг барчасига олдиндаги заҳматли, ўз ўрнида шарафли бўлган ижод йўлида оқ йўл тилашди. Ёш ижодкорлар ҳам билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, келажакда халқимиз, миллатимиз қалб-қўри битилган асарларни ёзиб, устозларга муносиб издошлар бўлиб етишишга ваъда беришди.  

– Бу ёшларнинг ижод намуналарини ўқиб қатор янгиликларни кўраман. Барчасида ҳозирги замон нафаси уфуриб турибди. Уларнинг биз кўрмаган, хаёлимизга келмаган жиҳатларни илғаяётганидан хурсанд бўламан, – деди Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон. – Айниқса, болалар адабиёти йўналишида ижод қилаётганларни асло назардан қочирмайман. Уларда ҳақиқий истеъдод меҳнат билан уйғунлашган. Демак, ўз устида ишлаяпти. Насиб этса, келажакда етук ижодкорлар бўлиб етишади. Барчасига дастлаб ота-она, оила, туман, охир-оқибатда юртимиз, миллатимиз фахри бўлиб юришларини тилайман.   

Тақдимотда ёш ижодкорларга ўз китоблари ва қалам ҳақи тантанали равишда топширилди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ

Бошқа хабарлар