Меҳнатда ҳам, спортда ҳам доимо ғолиб

47

Яқинда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида самбо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 13 та мамлакатидан 300 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган самбочиларимиз 12 та олтин медални қўлга киритиб, жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади. Спортчилар сафида «Ўзметкомбинат» АЖнинг электрда пўлат эритиш цехи ишчиси Сирожиддин Анорқулов ҳам бор.

Сирожиддин 2013 йилдан буён корхонанинг электрда пўлат эритиш цехида ишлайди. Бу ердаги машаққатли меҳнатига қарамасдан у комбинатга қарашли «Ёшлик» спорт мажмуасида ташкил этилган самбо тўгарагига қатнашарди.
Машғулотларда ўзини намоён қилди. У 2016 йилда спортнинг жанговар самбо йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида олтин медаль соҳибига айланди. Ўзбекистон миллий терма жамоасига қабул қилиниб, Болгарияда ташкил этилган жаҳон чемпионатида иштирок этди. Чемпион номига сазовор бўлгач, ушбу спорт йўналиши бўйи­­­ча билим ва кўникмаларини мунтазам равишда мустаҳкамлашида унга комбинат раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси катта ёрдам кўрсатиб келди.
Жорий йилнинг мартида ­Москвада самбо бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Анатолий Харлампиев хотирасига бағишлаб ўтказилган ушбу жаҳон кубогида 57 кг. вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, ушбу вазнда тенгсиз деб топилди.
Сирожиддинга бундан кейинги меҳнат ва спортдаги фаолиятида зафарлар тилаб қоламиз.

Дилдора АЛИМОВА,
Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг маданий-маърифий
ва спорт ишлари бўйича бош мутахассиси

Бошқа хабарлар