БОЛАНГИЗНИНГ АЖНАБИЙ «ДЎСТИ»

139

ёхуд қўғирчоқлар фақат овунчоқ эмас…

Самарқандга зиёратга борганимда Регистон майдонидан қизларимга атаб ҳунармандларнинг миллий урфда тайёрлаган қўғирчоқларини олиб келдим. Орадан бир неча кун ўтиб, қизалоқларим кўчадан йиғлаб келди. Мен олиб келган қўғирчоқларни кўрган қўшни болалар масхаралашибди. Қизларим «заводской» қўғирчоқ олиб берасиз», дея хархаша қилишди. Ноилож, уларга болалар дўконидан бошқа қўғирчоқ олиб бердим. Зиёратдан олиб келган қўғирчоқлар эса шу-шу токчада турибди…

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мактаб ёшигача бўлган болаларнинг камол топишида ўйинчоқлар беқиёс аҳамият касб этади. Жумладан, дунёқарашни кенгайтиради, сўз бойлигини шакллантиради, мулоқот қилишга ўргатади. Чунки ўйинчоқлар образи бола тасаввурида бир умр сақланиб қолади. Ўз-ўзидан аёнки, миллий руҳ билан суғорилган ўйинчоқлар фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялашга ёрдам беради. Лекин хорижда ишлаб чиқарилган ва турли йўллар билан юртимизга олиб келинган, бугунги кунда бозор расталарида сотилаётган ажнабий ўйинчоқларнинг аксарияти ҳақида бундай дея олмаймиз.
– Машина, фотоаппарат, дурбин, тикувчилик дастгоҳи, учиш воситалари каби ўйинчоқлар ўғил-қизларнинг техника тузилиши ва кўринишига оид тасаввурларини бойитса, қурилиш, конс­трукторликка доир ўйинчоқлар болаларнинг айни шу соҳаларга доир билимларини оширади, – дей­ди Мирзачўл туманидаги «Бинафша» мактабгача таълим муассасаси раҳбари Хурсаной Норматова. – Ранги ва тузилишига кўра йиғиладиган ўйинчоқлар хотирани мустаҳкамласа, спортга доир ­ўйинчоқлар улғайиб келаётган авлод вакилларининг саломатлигини яхшилаш ва жисмоний тарбияга бўлган қизиқишларини кучайтириш учун хизмат қилади. Қизалоқларни санъат оламига етак­лайдиган қўғирчоқлар инсонда ғамхўрлик туйғусини ­шакллантиради. Кўз олдингизга келтиринг, қизингиз қўғирчоғини овқатлантиряпти, кийимини алмаштиряпти. Касал бўлиб қолса, даволаш йўлларини қидиряпти. Қисқа қилиб айтганда, у меҳрини намоён этмоқда, қўғирчоғини фарзанд ўрнида кўряпти.
Аммо ўтган асрда ушбу ўйинчоқнинг янги тури – «Барби»лар пайдо бўлди. Психологлар ­фикрига кўра, мазкур қўғирчоқлар ҳам болада ғамхўрлик ҳиссини уйғотади. Аммо ушбу туйғу қизалоқларда ғамхўрликнинг бошқа кўринишини шакллантирар экан. Хусусан, «Барби»да аёлларга хос ташқи белгилар бўрттириб намоён этилган. Ушбу ўйинчоқлар жамланмасида «Барби»нинг уйи, кийимлари, дугоналари, турмуш ўртоғи… хушторлари бор. Табиийки, бундай етуклик ёшидаги «қизни» беланчакка солиб бўлмайди. Аксинча, уни кийинтириш, бўянтириш, «йигитлари» билан учрашувга олиб чиқиш керак. «Барби» бусиз ҳам шош­қин замонда болаларимизни эрта улғайтириб қўяётгандек, назаримизда. Хуллас, у билан «Она-бола» ўйинини ўйнаб бўлмайди.
Тўғри танланган ўйинчоқ боланинг дўсти, суянчиғи ёки эрмагига айланиши мумкин. Оиладаги муҳит, ёш орасидаги фарқ, тортинчоқлик каби сабаблар боис кўпчилик болалар ёши катталар билан мулоқотга кириша олмайди. Уларнинг кичикларга доим ниманидир ўргатиши, тушунтириши, қоида ва меъёрларга бўйсунишни талаб этиши муомалани қийинлаштириши мумкин. Ўйинчоқлар орасида бола ўзини катталардек тутади, эркинроқ ҳис қилади. Улар билан суҳбатлашади, топшириқлар беради, жазолайди, яна ҳам аниқроғи ва асосийси, ўйин қоидасини белгилайди. Бу ҳам бола учун етишмаётган муҳитни юзага келтириш, ундаги ижобий хусусиятларни юзага чиқариш учун хизмат қилади.
Мазкур мавзуни қаламга олишдан аввал ўйинчоқ дўконида бўлиб, ота-оналарнинг фарзандлари учун қандай ўйинчоқлар олиши билан қизиқдик. Қизлар учун асосан қўғирчоқлар, ўғил болалар учун эса машиналар харид қилинар экан. Кичик ёшли болалари учун ота-оналар асосан конструкторлик ўйинчоқлар олишади. Бу қувонарли ҳол, албатта.
Аммо қўғирчоқлар орасида чайқалиб турадиган одам скелети, бир кўзли махлуқ, жуда очиқ кийинган қўғирчоқ каби маънавиятимизга зид ­«ўйинчоқ»лар ҳам бор. Ярим яланғоч кийимли қўғирчоқлар орқали болалар кийиниш маданиятидан сабоқ олишадими ёки уларга инсон танаси тўғрисида батафсил маълумот бериш кўзда тутилганми? Даҳшатли қўғирчоқлар кичкинтойларни қўрқитиш мақсадида тайёрланган бўлса ажаб эмас. Бундан мақсад, болада ҳар қандай ноодатий вазиятга, қўрқинчли ҳолатларга мослашиш кўникмаларини шакллантиришми?
Хуллас, саволлар кўп. Аммо инсоннинг дунёқараши унинг кичиклигида шаклланишини ҳисобга олсак, масалага жиддий қараш зарурлигини анг­лаймиз. Балки ваҳима кўтаришга на ҳожат, буёғи тараққиёт, замон ўзгаряпти дерсиз. Аммо гап фарзанд­ларимиз, уларнинг эртаси ҳақида боряпти. Тасаввур қилинг, йиллар ўтиб оилангизда на қарашлари, на қадриятлари сизга мос инсон пайдо бўлди. Унга суяниш уёқда турсин, келишиб яшай оласизми? Халқимизнинг комил инсонни тарбиялашга хизмат қиладиган ажойиб қадриятлари бор, уларни йўқотиш миллийлигимизни, ўзлигимизни йўқотишдир.
Шу маънода, ёши кичик боламизнинг ўйинчоқлар оламини тарк этиб, эрмаги телевизор, телефон, компьютер бўлиб қолганига қувонмайлик. Айни шу матоҳлар уларни биздан узоқлаштириб, одамлар билан мулоқотини чегаралаб қўймаяптими? Интернетда, баъзи хориж телеканалларида намойиш этилаётган лавҳалар, анимацион ва бадиий фильмлар олдида даҳшатли ўйинчоқлар, шарманда қўғирчоқлар ҳеч нарса эмас, дегувчилар топилар балки.
Аммо… болалигиданоқ фарзандларимизни ­онгга қилинаётган хуружлардан, «ғоя»лардан ҳимоялайлик. Гап болаларимиз, эртанги кунимиз ҳақида борар экан, улардан эътиборимизни аямайлик. Улар учун ўйинчоқ харид қилаётганда сифати, соғлик учун безарар эканига аҳамият берайлик.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар