«Чарм қўлқоп» усталарининг ёрқин ғалабаси

41

Бир неча кунки боксчиларимизнинг жаҳон чемпионатида қўлга киритган улкан ютуғи ҳақида юртдошларимиз фахрланиб, тўлқинланиб гапирмоқда.

Ҳа, ғурурланишга арзигулик иш бўлди. Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон «чарм қўлқоп» усталари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни забт этишди.
Баҳодир Жалолов, Миразиз Мирзахалилов ва Шаҳобиддин Зоиров давлатимиз байроғини баланд кўтариб, мадҳиямиз янграшига сабабчи бўлишган бўлса, Дилшодбек Рўзметов кумуш, Бобоусмон Батуров бронза медалига эга чиқишди.
Боксда «сўнгги раунднинг сўнг­­ги сонияларида рақибингни кўпроқ «дўппосла», шунда ютиш эҳтимолинг ошади» деган ёзилмаган қоида бор. Менимча, унинг боксчиларимизга асло дахли йўқ. Чунки, улар қайси раундда бўлмасин, рақибидан яққол устунлик қилишмоқда. Буни улар Осиё ва Жаҳон чемпионатлари ҳамда олимпиада ўйинларида эришилган улкан ютуқлар билан исботлашди. Илгари боксда байроқдор бўлган давлатлар вакиллари ҳам бизга ҳавас қилишаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Раҳмат сизга, ҳаммани ўзига, Ўзбекистонга қаратаётган, қадрдонлар!
Баракалла, юртини улуғлаган мард ўғлонлар!

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар