Имтиёзли уйлар имтиёзсизлаштирилдими?

33

Ўз имкониятларидан фойдаланиб билим олаётган, шу билимларни жамият ривожи учун сарфлаётган, юксак натижаларга эришаётган, юрт номини дунёга танитаётган ёшларимиз кўп. Улар ўз интеллектуал салоҳиятини ошириш, кейинги марраларга дадил қадам қўйишга шай бўлгани ҳолда, тирикчилик ва оила-рўзғор кам-кўстлари билан чалғиб қолиши ижобий ҳодиса эмас.

Келажаги порлоқ ёш оилаларга иқтисодий ҳолатларини тиклаб олишлари учун имконият бериш уларни янада руҳлантириши шубҳасиз. Шундай имкониятлар қаторида фаол ёшларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида бериладиган уй-жойларни келтириш мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 сентябрда қабул қилинган «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шу жараённи янада такомиллаштириш мақсад қилинган.

Ҳозирда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун 3 180 та тураржойлар қурилмоқда. 2019 йилда уларнинг 2116 таси ёшларга топширилиши мўлжалланган.

Ёшлар уйлари энди қай тартибда берилади?

Ёшлар уйларини олишга ёш оила аъзоларининг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган ёхуд фарзанд тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз ота ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила. Шунингдек, никоҳдан ажралган бева эркак (бева аёл) бўлиши мумкинлиги белгиланган. Уларга Ёшлар иттифоқи тавсияномаси билан ҳудудий комиссия қарори асосида имтиёзли ипотека кредити ажратилади. Янги қарорга кўра, ёш оилаларга имтиёзли уй-жойлар олиш учун бериладиган ипотека кредити бошланғич бадалининг 65 фоизигача бўлган қисмини 7 йил муддатга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши назарда тутилган. Имтиёзли уй-жойларнинг бошланғич бадалининг қолган 35 фоизини номзоднинг ўзи тўлаши керак. Масалан, бир уйнинг нархи тахминан 250 миллион сўмга тенг бўлса, шунинг бошланғич тўлови — 25 фоизи 62 миллион сўм атрофида. Шунинг 65 фоизи 40 миллион сўмга яқин бўлади. Қолган 22 миллион сўм маблағни ёш оиланинг ўзи тўлаши айтилмоқда. Бошланғич бадалнинг Ёшлар иттифоқи тўлаши белгиланган қисми ссуда тарзида, яъни гаров эвазига берилиши белгиланган. Ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган фоизлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 25 фоизи миқдорида тўланиши қайд этилган.

Аввалги тартиб қандай эди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрда «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва унинг 2017 йил 12 сентябрдаги таҳририга кўра,  фаол ёшлар учун мўлжалланган уйлар: «5 йиллик имтиёзли  давр билан, дастлабки бадални тўламасдан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг  қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг фоизли ставка билан 20 йил муддатга бериладиган имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш йўли билан мулк қилиб берилади» деб белгиланганди. 5 йиллик имтиёзли давр давомида 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан, кейинги даврда Марказий Банкнинг қайта молиялаш ставкасига кўра кредит узиб борилар эди. Аввалги тартибга кўра, Ёшлар иттифоқи бошланғич бадални тўлиқ тўлаб берган. Беш йиллик имтиёзли даврдан сўнг бу сумма уйнинг умумий қийматига қўшиб тўлаб борилган. Ҳозир Ёшлар иттифоқи томонидан ссуда тариқасида бериладиган бошланғич бадал 2019 йилнинг 3-чораги якуни бўйича республика бюджетининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисм ҳисобидан ажратилиши белгилаб берилган. Молиявий манбанинг мавҳумлиги бошланғич тўловнинг тўланиши ва ёшларнинг янги уйларга жойлашишини кечиктириши мумкин. Чунки бу биргина Ёшлар иттифоқига боғлиқ ҳолат эмас.

Ёшлар янги қарорни қандай қабул қилди?

Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси қонун ҳужжатлари муҳокамалари порталига жойлаштирилганида унга кўплаб муносабатлар билдирилди. Уларнинг аксарияти ёшлар уйларига номзодлар ёки номзодлик арафасида турганлардир. Янги қарорга кўра, имтиёзли ипотека кредитининг бошланғич бадалининг 35 фоизини тўлаш ёш оила зиммасига тушяпти. Эндигина олий таълимни тугатиб, бир ишнинг бошини тутиб, яқиндагина ёш оилалар сафига кирганлар бошқаларга арзимаган маблағ бўлиб кўринган бу суммани тўлашга қийналишини ҳисобга олиш керак. Айнан шу ўзгариш ёшларни сергаклантирди. Ҳисоблаб кўрсак, 2019 йилда корхона ва ташкилотлардаги номинал ўртача иш ҳақи 2 миллион сўмни ташкил қилади. Таълим тизимида бу кўрсаткич 1,6 миллионга етган. Агар оила аъзоларининг иккови ҳам ишласа, оиланинг ўртача бир ойлик даромади 4 миллион сўмни ташкил қилади. Тошкент шаҳри миқёсида ҳисобласак, бир оиланинг ойлик харажатлари 2 миллион бўлди, дейлик. Уйга номзодларнинг айни вақтда ижарада яшашини ҳисобга олсак, яна бир-бир ярим миллион сўм қўшилади. Агар уларнинг фарзандларини ҳам ҳисобга олсак, бу харажатлар янада ошишини тахмин қилиш мумкин. Шундай шароитда Ёшлар иттифоқи томонидан бошланғич бадал тўланиши ана шундай шароитдаги ёшларга катта мадад бўлаётган эди. Бироқ қарор билан ана шу имтиёзнинг камайиши ёшларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, номзод доимий иш жойидан ва давлат солиқ хизматидан охирги 12 ойдаги даромадлари тўғрисидаги маълумот беришини ҳам ҳисобга олиш керак. Дейлик, оилада фақат бир киши давлат ташкилотида ишласа ёки 12 ой давомида етарли даражада маош олмаган бўлса, ипотека кредити олишда муаммо пайдо бўлиши мумкин. Чунки ёш оиланинг кредитни тўлашга лаёқатли эканига ишонч ҳосил қилиш зарур. Имтиёзли уй-жой дегани текин уй-жой дегани эмас, балки давлатнинг ўз ёшларига узоқ муддатга билдирган ишончидир.

Муҳокамалар шу йилнинг 10 сентябрига қадар давом этиб, 11 сентябрь куни қарор лойиҳаси деярли ўзгаришсиз тасдиқланди. 12 сентябрдан бошлаб фаол ёшларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар бериш янги тартиблар асосида амалга ошириляпти.

Аслида мураккаб иқтисодий шароитда давлатнинг ёшларга шунча имтиёзлар бераётгани катта иш. Бу имтиёзларга эга чиқадиган ёшлар мамлакат тараққиётига таъсир кўрсатадиган потенциалга эгалигини ҳисобга олсак, бу уларни руҳлантиришга, келажакда ўз касбий фаолиятидан чалғимасдан, моддий муаммоларни ўйламасдан ишлаш, ижод қилиш ва янада юқорироқ натижаларга эришишига туртки бўлади.

Биласизми?

Қуйидагилар ёшлар уйларини имтиёзли шартлар асосида олиши мумкин:

– тураржой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган ёш оилалар (давлат мукофотлари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиблари, нуфузли халқаро ва республика мусобақалари, танловлар ва олимпиадалар совриндорлари);

– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил мобайнида фаолият олиб бораётган ижтимоий фаол ёш оилалар (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши тақдимномаси асосида);

– фаолият юритаётган меҳнат жамоасида алоҳида намуна ва хизмат кўрсатган ёш оилаларга (давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларининг раҳбарлари тавсиясига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши тақдимномаси асосида).

Иброҳим ХОДЖАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Mahalla” газетаси

(2019 йил 26 сентябрь, 42-сон)

Бошқа хабарлар