Нажот маърифатда…ми?

56

Тўйлар – ўзбек халқининг энг яхши куни. Шунинг боис аксарият одамлар ҳашаматли тўй маросимини ўтказиш, ўзини кўз-кўз қилиш, дабдабаю-асъаса учун бор-будини тикишга ҳам тайёр. “ХХI asr” газетаси бу борада Шаҳноза Соатованинг шахсий саҳифасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Қуйида тўлиқ ўқишингиз мумкин.

“Шўрои ислом” (бундан 100 йил аввалги парламентимиз деса ҳам бўлади) тўйларни ихчамлаштириш ҳақида қарор чиқарган экан. Ўқиб кўринг, юз йилда қанчалик ўзгармаганимизни, дабдабада, бидъатда, ҳашамга ўчлик ва мақтанчоқликда нақадар собит эканимизни кўринг. Бу иллатни на совет мафкураси, на мустақиллик ғояси йўқота олмади. Жадид боболаримиз нажотни маърифатда кўрган эдилар. У ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди.
Сенатнинг кечаги қарори қуйи қатлам учун, яъни одамлар нима дейди деб қарз-ҳавола билан тўй қиладиганлар учун қўл келади: ана, қарор бор, рухсат йўқ деб тўйларни қисқартиришлари мумкин. Бу яхши дастак ва қўллаб-қувватлайман. Аммо қўрқаманки, ушбу чора вақтинчалик натижа беради, токи тўйлардаги дабдаба ва янги хурмача қилиқларнинг трендстартерлари бўлган элита ва янги бойлар ўзгармагунча. Токи улар ўзларини ифода этиш учун тўйдан кўра арзирлироқ ва фойдалироқ ишларни қила бошласалар. Токи уларнинг қадриятлари тизими ўзгарса. Масалан, дабдабаю исроф эмас, хайр-эҳсон ва тараққиётга инвестициялар билан эл назарида туришни истасалар. Токи тўй маросимини ҳашамат билан ўтказиш қолоқлик белгиси эканини, 100 йил аввалги ўқимаган аждодларининг сарқити эканини, буни на диний, на дунёвий қонунлар ёқламаслигини тушунгунларича. Токи минимализм, дид-фаросат бугун трендда эканини англамагунларича.
10 та катта амалдор ва бизнесмен шундай намунали тўй ўтказиб берса, қолганлар уларнинг ортидан эргашаверади.

Бошқа хабарлар