СИЁСАТНИНГ ХАЛҚЧИЛ МАЪНАВИЙ ҚИЁФАСИ

71

ёхуд мамлакатимизда ижтимоий фикр
қандай шаклланмоқда?

Жамоатчилик фикри. У қандай шаклланади, қандай ҳолатларда намоён бўлади? Давлат – жамият – шахс муносабатларидаги ўрни қандай? Бу хусусда олимлар кўп йиллардан бери муттасил баҳслашиб келадилар.

«Якка шахсларнинг фикри жамоатчилик фикрига айланмайди, у нари борса, маълум бир қатлам вакилларининг тор шахсий қарашлари даражасига кўтарилади, холоc», дегувчилар ҳам бор. Уларнинг фикрича, жамоатчилик фикрини давлатнинг ўзи юзага келтиради, яъни эришмоқчи бўлган мақсадини ўзига мақбул тарзда, «фалон жойда одамлар янги ташаббус билан чиқдилар, фалон корхона ишчилари таклиф киритишди» қабилида халқ, кўпчилик номидан баён қилади. Яъни одамларнинг фикри уюштирилади. Бошқа бир тоифа олимлар жамоатчилик фикри турмуш тарзи, талаб-эҳтиёж, харид қуввати, воқеа-ҳодисаларга муносабат боис туғилади, уни ўрганмаслик таназзулга олиб келади, деб ҳисоблайди.
Собиқ тузум мафкурачилари миллий туйғу ва ўзига хосликни писанд қилмай, одамларни «ягона совет халқи»га айлантириш шиорини ўртага ташлади. Бундай тутуруқсиз ғояни назарий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватловчилар топилди, аммо ҳаёт мантиғи сохтакорликни қабул қилмади. Чунки ягона оилага бирлашиш, бир хил турмуш тарзига ўтиш, бир хил ­фикрлаш ва ҳатто бир тилда сўзлашиш на жамоатчилик фикри ва на шахсий қараш эмас эди. Ўзбекистонда «марказ»нинг зуғуми билан пахта яккаҳокимлиги юзага келди, томорқаларгача пахта экилди, 6 миллион тоннали улкан ҳосил хирмонини яратиш «ўзбек пахтакорларининг орзу-умиди, қўлигул ўзбекистонлик­ларнинг ватанпарварлик бурчи», деб эълон қилинди. Матбуот саҳифалари шу «улуғ ният»ни шараф билан бажаришга бел боғлаган меҳнаткашларнинг ютуқлари ҳақидаги мақолалар билан тўлдирилди. Лекин охир оқибат бундай сохтакорликнинг «миси» чиқди.

Жамоатчилик фикри ҳамиша ҳам жамият барча аъзоларининг умумлашган, бир мақсадга йўналтирилган ­фикри бўлмаслиги мумкин, кўп ҳолларда у маълум муаммо ёки воқеа-ҳодисага бевосита алоқадор (у ёки бу маънода дахлдор) кишиларнинг манфаат илинжидаги фикри, шахсий қараши, муносабати шаклида юзага чиқади.


Жамиятдаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий ҳолатга қараб, баъзи ҳолларда якка шахсларнинг ҳақиқатдан узоқ, бирор бир воқелик, ўзгариш ёки қарор моҳиятини қасддан (тушунмасликдан) бузиб талқин этиши, иддаоси бошқаларга, маълум кишиларга таъсир кўрсатиши (кимдир унга қўшилиши) мумкин. Аммо шундай бўлганда ҳам у кўпчиликнинг муносабатига, яъни жамоатчилик фикрига айланмайди.
Жамоатчилик фикри жамият ҳаётидаги бирор бир янгилик, ўзгариш, муҳим қарор, қонунчиликка киритилган ўзгариш омма ҳукмига ҳавола этилганида, унга нисбатан муносабат асосида кўпроқ шаклланади.
Кейинги уч йил ичида мамлакат миқёсида қабул қилинаётган муҳим қарорлар лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилиши, сайёр қабуллар, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик ­фикрини ўрганиш республика маркази томонидан турли сўровларнинг ўтказилиши фикримизнинг далилидир. Бу усул одамларнинг ижтимоий фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади, таклифи инобатга олинган, ташаббуси қўлланган кишида Ватан тараққиёти, юрт равнақи ишига дахлдорлик туйғуси кучаяди.
Жамоатчилик фикри жамият аъзолари мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётига доир режа, якуний (йиллик, олти ойлик) маълумотлар, ҳисоб-китоблардан тўла хабардор бўлганида янада дадил шаклланади. Бунинг акси бўлса, одамлар орасида турли миш-мишлар, уйдирмалар урчийди ва бундай ҳолат жамоатчилик фикрининг чалғишига олиб келади.
Жамоатчилик фикри воқеалар ривожи таъсирида ижобий ёки салбий томонга ўзгариши мумкин. Шахснинг ўзига, касби, меҳнат фаолияти, эришган натижаларига эътибор уни янада яхшироқ, самаралироқ ишлашга ундайди, бошқаларга ижобий маънода ибрат бўлади. Кейинги йилларда республика касаба уюшмаларининг меҳнаткашларнинг самарали дам олишларини ташкил этишдаги фаоллиги ҳам шундай ибратга моликдир.
Жамоатчилик фикри аҳоли қатламларининг маълум манфаатлари ҳамда эҳтиёжлари, шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллиги (ташаббускорлиги, воқеа-ҳодисаларга муносабати) асосида кўпроқ шаклланади. Шу боис, одамларнинг мурожаатларига доимо эътиборли бўлиш, оммавий ахборот воситалари таҳририятларига келаётган хатларни, йиғинларда билдирилаётган талаб-истак­ларни ўз вақтида ўрганиш ғоят муҳим. Чунки ҳар қандай муаммони жойида ва ўз вақтида газак олдирмай бартараф этиш осон, муаммо чуқур илдиз отиб, бошқа ёндош муаммолар ҳам юзага келгач, аҳволни ўнглаш анча қийин кечади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг одамларни тинглаш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, муаммоларни кечиктирмай ҳал қилиш, ташаббускорликни қўллаш сиёсати дунё ҳамжамияти олдида янгиланаётган Ўзбекистоннинг ижтимоий-маънавий имиджини яратди. Қабул қилинган қатор Фармон ва қарорлар таълим-тарбия, маданият, ижодкорлик, соғлиқни сақлаш, ҳунармандчилик соҳалари ходимлари меҳнатини янада қадрлаш, иш ва яшаш шароит­ларини яхшилашга бағишландики, бу мамлакатимизда бундан буён жамоатчилик фикрига жиддий эътибор берилишининг далолатидир.
Жамоатчилик фикри эркин фуқаролик жамиятининг ижтимоий-сиёсий ҳолатини ўзида аниқ акс эттиради. Шўролар салтанати минтақамизда асрлардан бери мавжуд бўлган жамоатчилик фикрини ўрганиш тамойилига эътибор бермади. Ижтимоий, маиший эҳтиёжлар ўрганилмади, ташаббуслар эшитилмади ва қўлланмади. Аксинча, тадбиркорлик, ишбилармонлик қонун йўли билан тақиқлаб қўйилди. Бундай ғайриинсоний сиёсат охир-оқибат тузумнинг ўзини таназзулга олиб келди.
Инсоният тарихида келгуси авлодлар эътибор бериши ва қатъий амал қилиши зарур бўлган сабоқлар кўп. Улардан бири шуки, ёш авлод тарбиясини бир зум бўлсин ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Бир кунлик эътиборсизлик кейинчалик минг кунлик ташвишга замин яратиши мумкин. Бу сабоқ, айниқса, бугун – глобаллашув шароитида, ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун кураш дунё миқёсида давом этаётган бир пайтда ғоятда муҳим. Бу иш наинки ҳар бир ота-она, устоз-мураббийнинг, айни чоғда, жамият ҳар бир аъзосининг, давлат ва жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалар, маҳалла фаоллари, касаба уюшмалари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳам муштарак вазифаси ҳисобланади. Ёшлар тарбияси қаерда суст бўлса, ўша ерда тарбия иши таназ­зулга юз тутади, ҳаётий тажрибаси кам ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб қолади. Социолог олимлар жиноий хатти-ҳаракатлар миллий-маънавий илдизлар заифлашган, миллий анъ­аналарга риоя қилиш сустлашган, талаб-эҳтиёжлар инобатга олинмаётган, ишсизлик кучайган ҳудудларда кўпроқ содир бўлишини аллақачон исботлаб берганлар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати халқни эшитишдан бош­ланди. Бу ўзимизда ҳам, хорижда ҳам расман эътироф этилган ҳақиқат. Давлатимиз раҳбари порталига йўлланган мурожаатларнинг аксариятида жойларда йиллар давомида ечилмай ётган муаммолар, мутасаддиларнинг ёшларни иш, уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик, боқувчисиз қолган оилаларни, ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги сусткашликлар, қонун ва адолат тамойилларининг бузилиши каби кўпдан-кўп нохуш ҳолатлар баён қилинди ва уларнинг аксарияти қисқа вақт ичида бартараф этилди. Яқин ва узоқ қўшнилар билан алоқаларнинг тикланиши, йўлларнинг очилиши, икки томонлама манфаатли иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши Ўзбекис­тоннинг бугунги янги замонавий қиёфасини эл-юртга, минтақа ва дунёга намоён этди. Бу сиёсатнинг илиқ шабадаси қўшни мамлакатлар сиёсатида ҳам ўз аксини топди. Давлатимиз раҳбари томонидан «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш ҳақида»ги Қонуннинг имзоланиши муштарак маънавий қадриятлар, анъанавий дўстлик, ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида янги қадам бўлди. Буларнинг барчаси эл-юрт манфаатлари, миллий юксалиш мақсадларига асосланган янги сиёсатга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади, жамият аъзоларининг, айниқса, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширди.
Бугун биз Ўзбекистоннинг янги мақоми бутун дунёда эътироф этилаётган, мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиш кучайиб бораётган бир шароитда яшамоқдамиз. Халқимизнинг эркин ва демократик жамият қуриш йўлидаги қатъий иродаси истиқлол солномасининг сўнг­­ги уч йиллик саҳифасини одамларнинг янгича онг-тафаккури билан безагани ғоят муҳим.

«Ижтимоий фикр» респуб­лика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан ўтказган сўровлари натижаси буни яққол кўрсатиб турибди.
Сўровларда иштирок этганларнинг 98,5 фоизи кейинги йигирма саккиз йилда босиб ўтилган йўлнинг энг муҳим ютуғи – халқаро майдонда Ўзбекистон обрўсининг ортиши ва тан олиниши, 91,2 фоиз киши мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида демократия тамойилларининг қарор топиши, 90,2 фоизи мамлакатда тинчлик ва барқарорликнинг сақланиши ва 89,7 фоизи иқтисодиётнинг ўсиши, турмуш сифатининг мазмунан яхшиланиши деб ҳисоблайди. Мамлакатимиз раҳбарияти ўтказаётган ташқи сиёсатни 95, 7 фоиз, ички сиёсатни 85,4 фоиз киши қўллаб-қувватлашларини билдирган.
Жавоблардан англашиладики, истиқлол йилларида сўровларда иштирок этган кишиларнинг 96 фоизи оиласининг моддий ва ижтимоий мавқеи яхшиланган, 75, 3 фоиз киши ўзининг бугунги ҳаётидан қониқади. 99 фоиздан кўпроқ респондентлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигидан, мустақил мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаётганидан, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан фахрланишларини баён қилишган.


Жамоатчилик фикри давлат бошқаруви ҳамда ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги билан чамбарчас боғлиқ тушунча. Мамлакатимизда «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» Қонун, «Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффоф­лигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарорининг қабул қилиниши, ҳукумат портали доирасида очиқ маълумотлар портали фаолият юритаётгани, матбуотда «Депутат қонун лойиҳасига эътироз билдирди», «Қонун лойиҳаси қайтарилди», «Вазирлик ахбороти сенаторларни қониқтирмади», «Топшириқ вазирлик томонидан бажарилмаган», «Давлат дастурининг ижроси қониқарлими?» каби танқидий мақолаларнинг эълон қилиниши, жойларда ҳокимликларнинг халқ билан очиқ мулоқотлари жамиятимизнинг ошкоралик ва очиқлик сари қўяётган дадил қадамларидир.
Сир эмаски, собиқ тузум пайтида мамлакат ҳаётига оид энг муҳим маълумотлар (муҳим бўлмаганлари ҳам) халқдан, маҳаллий ҳукуматдан яшириб келинган. Ўзбекистон ҳудудидан қазиб олинаётган ва марказга пешма-пеш жўнатилаётган ерости бойлик­лари ҳақидаги маълумотлар ҳеч қаерда ошкор қилинмаган. Бугун энди бундай маълумотлар марказий банк томонидан расман эълон қилинмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг йиғилиши, муҳим масалалар муҳокамаси он-лайн тарзида эфирга узатилди. Телевидениенинг махсус пресс-клубида мансабдор шахслар иштирокида жиддий муҳокамалар ўтказилмоқда. Интернет сайтларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида, Кун.уз сайтида авваллари мутлақо «қўл урилмаган», тақиқлаб қўйилган мавзуларда туркум мақолалар, журналист суриштирувлари натижалари чоп этилаётир.


Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Мақсад – ахборотларнинг ошкоралиги ва сифат даражасини яхшилаш, уларни фуқароларга ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш механизмларини такомиллаштиришдан иборат. Буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, мамлакатимизда жамоатчилик ­фикрининг тўғри ва холис шаклланишига хизмат қилади. Буни шу йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига навбатдаги сайлов ўтказилиши муносабати билан «Ижтимоий фикр» маркази ўтказган сўровлар натижаларида ҳам яққол кўриш мумкин. Сўровларда иштирок этганларнинг 82 фоизи бўлажак сайловларда иштирок этиш­ларини, 84,8 фоизи мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётига қизиқиш­ларини маълум қилганлар. Осиё ва Европага қиёслаганда ҳам кўзни қувонтирадиган бу рақамлар мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқимиз қўллаб-қувватлаётганидан, ёшларимизда ижтимоий фаоллик, ташаббускорлик ҳисси, фикр уйғоқлиги ўсиб бораётганидан, янада муҳими – Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати халқчил маънавий қиёфа касб этаётганидан далолат беради. Халқни тинг­лаш ва унга яқин бўлишгина шундай ­натижага олиб келиши мумкин.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Мирзо Улуҳбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети доценти,
“Олтин қалам” XIV миллий мукофоти ғолиби

Бошқа хабарлар