Тадбиркор қурилиши бошланган болалар боғчаси учун ресурсни яна қанча кутиши керак?

86

Ҳеч кимга сир эмаски, яқин-яқингача мамлакатимизда мактабгача таълим тизими энг қолоқ соҳалардан бири бўлиб келаётган эди. Президентнинг соҳага алоҳида эътибори билан янгиликлар эпкини эса бошлади, минглаб ота-оналар фарзандини боғчага бериш умидида бениҳоя қувонди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан бу ишларга ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик шаклларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мактабгача таълим муассасаларининг янги биноларини қуриш, бу ишга тадбиркорларни жалб этиш ва уларга имкониятлар яратиш бошлаб юборилди. Болаларни мактабгача таълимга қамрови ошди. Бунда албатта боғча-уйлар ва давлат шерикчилиги асосида қурилаётган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг роли катта бўлаётганини таъкидлаш лозим.

Хоразмлик тадбиркор Умаржон Худойберганов ҳам нодавлат мактабгача таълим муассасаси очишни ният қилиб Қўшкўпир туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади. Тадбиркорнинг ушбу мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилгач, ҳақиқатан ҳам тумандаги Кенагас қишлоғи ҳудудида жойлашган Қоромон маҳалласида болалар боғчаси йўқлиги боис тадбиркор Умар Худойбергановнинг аризаси қаноатлантирилиб, унга туман захирасида турган ердан 7000.0 кв. метр ер майдони ажратиш тўғрисида туман ҳокимининг 2019 йил 11 февралдаги 1105қ-сонли қарори чиқарилди. Шундай қилиб 200 ўринга мўлжалланган «Шоҳ-Султон-Азиз» нодавлат таълим муассасаси қурилишига тамал тоши қўйилди.

Тадбиркор Умар Худойберганов қурилиш учун архитектура лойиҳа ҳужжатлари тайёрлатиб, вилоят давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясидан қурилишга рухсатнома ва хулосалар олгач, ўз маблағи ҳисобидан қурилиш ишларини бошлаб юборди.

Қурилиш ишлари жорий йилнинг февраль ойида бошланган бўлса апрель ойига келиб бинонинг биринчи қавати тўлиқ битказилиб, томи бетон плиталар билан ҳам бостирилди. Бу орада, тўғрироғи 2019 йилнинг 6 майида 0280-944/13 сонли «Шоҳ-Султон-Азиз» нодавлат мактабгача таълим муассасаси билан Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида битим ҳам имзоланди.

Ушбу битимда томонларнинг мажбуриятлари аниқ-равшан ўз аксини топган. Битимда кўрсатилишича давлат шерикчилиги асосида қурилаётган мазкур МТМга давлат томонидан ажратилаётган кредит маблағи 4 миллиард сўм бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Демак, нодавлат мактабгача таълим муассасасининг умумий смета баҳоси 5 925 419 769 (беш миллиард тўққиз юз йигирма беш миллион тўрт юз ўн тўққиз минг етти юз олтмиш тўққиз) сўмни ташкил этади.

Тадбиркор битимда кўрсатилган 1 миллиард 925 миллион сўмдан зиёд ҳажмдаги қурилиш ишларини бажариб қўйди. Энди давлат томонидан тадбиркорга бериладиган имтиёзли кредит маблағларини олиш ва қурилишни қишнинг қировли кунларига қолдирмасдан қуриб битказиш кўндаланг масала эди. Умар Худойберганов АТБ «Инфинбанк» Хоразм вилояти бўлимига кредит олиш учун мурожаат қилади. Орадан 5 ойча вақт ўтсада кредитдан дарак бўлмайди. Қурилиш ора йўлда қолиб кетади. Режага кўра Мустақиллик байрами арафасида ишга тушиши мўжалланган мазкур боғчада маблағ йўқлиги сабаб ёзи билан биронта ҳам иш қилинмади.

Бу ишлардан ҳафсаласи пир бўлган, яхшигина маблағини ҳали йўқ нарсага «тикиб» қўйган тадбиркор турли идора ва ташкилотларга мурожаат қилади. Мурожаатларнинг айримларига жавоб келади, айримлари шунчаки кўрилиб қўя қолинади. «Инфинбанк» Хоразм вилояти бўлими ҳамма ҳужжатларни тўғрилаб юқори ташкилотларга жўнатгани, аммо улардан жавоб йўқлигини айтишдан нарига ўтмайди.

– Келишувдаги кредитни вақтида ажратиб беришларини сўраб республика прокуратурасига ҳам, мактабгача таълим вазирлигига ҳам, молия вазирлигига, халқ қабулхоналарига ҳам мурожаат қилдим, ҳеч наф бўлмаётир, – дейди тадбиркор У.Худойберганов. – Молия вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги сизнинг боғчангиз учун кредит маблағи ажратишимизни сўраб рўйхат бермаган деса, Мактабгача таълим вазирлиги банкдан бизга ҳужжатлар келмаган, деб рўкач қиляпти.

Хуллас, ҳамма ҳужжатлар рисоладагидек тайёрланган. Аммо жойлардаги мутасаддилар тадбиркорни мана беш ойдирки «отангга бор, онангга бор…» қабилида сарсон қилмоқда. Агар кредит маблағлари ўз вақтида ажратилганида эди мактабгача таълим муассасаси аллақачон фойдаланишга топширилиб, 200 нафар болажонлар у ерда тарбия топаётган, 45 нафар ходим иш билан таъминланган бўлар эди. Тадбиркорнинг ҳам икки миллиардга яқин маблағи ҳаракатсиз ётмаган бўларди.

Тадбиркор Умар Худойберганов бундай сансалорликдан безор бўлиб яна банкка мурожаат қилади. АТБ «Инфинбанк» Хоразм вилояти бошқарувида тадбиркор билан суҳбат бўлиб ўтади. Тўғрироғи банк ҳақиқатан ҳам барча ҳужжатларни тўғрилаб жўнатганини исботлайди.

Бизнингча энди ҳамма гап Мактабгача таълим вазирлигида қолдиёв. Улар рўйхатни тўғри шакллантириб берса Молия вазирлиги ресурс ажратадиган. Тадбиркорни овараи сарсон қилмасдан ўз вақтида кредит маблағларини ажратиб беришганида олам гулистон эмасмиди.

Президент жон куйдириб, тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб бераётган, қолаверса «Икки одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимга кўтараман», деб турганда бундай ҳолатларга йўл қўяётган мутасаддилар ишини қандай баҳолаш мумкин? Бу тадбиркор фаолиятига, жамият ривожига тўсиқ эмасми? Булар юзасидан Мактабгача таълим ҳамда Молия вазирликларидан аниқ жавоб кутамиз.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,

журналист

“Оила даврасида” газетаси

(2019 йил 26 сентябрь, 40-сон)

Бошқа хабарлар