Адиб абадияти

59

Кун билан тун, иссиқ билан совуқ, яхши билан ёмоннинг алмашиниб туриши ҳаётнинг азалий қонунидир. Аммо инсониятнинг бахти шундаки, жамият табиатнинг бу темир қонунлари асосида яшамайди.

1937 йилга қадар ижод нашидаси билан яшаган Абдулла Қодирийнинг ўша йили қамоққа олиниши билан адиб манглайига «халқ душмани», «миллатчи» ва «аксилинқилобчи» деган тамғалар босилди. Сталиннинг оламшумул жиноятлари фош этилган 1956 йилга қадар бу мудҳиш тамғалар олиб ташланмади. Ўзбекистон зиёлиларининг шу йили бўлиб ўтган қурултойида улуғ адибнинг оқлангани ҳақидаги хушхабар эълон қилинган кундан шу вақтгача бўлган муддатда унинг Инсон ва Адиб сифатидаги обрў-­эътибори ва шуҳрати ошса ошдики, асло камаймади. Абдулла Қодирий бошига тушган булутли кунларнинг энди ҳеч қачон қайтмаслиги аниқ. Унинг адиб сифатидаги шуҳрати ва ижодининг оламшумул бадиий қиммати эса ошишда давом этади. Бунинг сири нимада?

Бу саволга ҳаммани ҳам қаноатлантира оладиган жавобни топиш қийин. Шунинг учун ҳам дастлаб Қодирийнинг адабиёт оламига кириб келиш йўли ва бу йўлнинг айрим бекатларига назар ташласак, ўринли бўлади. Ҳаёти йўли билан таниш бўлган китобхонлар шуни яхши биладики, у нафосат оламидан узоқ оилада дунёга келган. Ота-онаси Эски Тошкентнинг Самарқанд дарвоза даҳасига кўчиб борганларидан сўнг тошлоқ ерни тош ва харсанглардан тозалаб, деҳқончилик билан шуғулланишган. Абдулла Қодирий болалик ва ёшлик йилларида деҳқончилик илмини ўрганган. Кейин тирикчилик тақозоси билан вассачилик қилган. Аҳён-аҳёнда Турсуной ая деган қўшнисидан халқ китобларида тасвирланган воқеаларни жон қулоғи билан эшитган. Приказчиклик қилиб юрган кезларида жадид газеталарида босилган мақолаларни ўқий бошлаган. 1914-15 йилларда эса ўзбек театрининг биринчи асари – М.Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасини томоша қилиб, шу қадар ҳайратга тушганки, ҳатто «Падаркуш»да тасвирланган воқеага ҳамоҳанг «Бахтсиз куёв» драмасини ёзиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолган!..
Лекин бундан кейин бўлажак адибни оила ва рўзғор ташвишларидан қутулиб, «ёзув столига ўтирди», деб бўлмайди. Унинг севимли «иш»и Эски Жўва бозорига бориш, тегирмон, ҳунармандларнинг устахоналари, чойхоналарда дўст-ёрлари билан суҳбатлашиш эди. У ана шу жараёнда ХХ асрнинг биринчи чорагидаги ўзбек халқининг қайноқ ҳаёти билан танишди, ёш-у кексалар, аёл-у эрлар, Тошкентда яшаган ўзбек-у қозоқларнинг тиллари ва лаҳжаларини мукаммал ўрганди, уларнинг дард ва қувончлари, орзу ва армонларини қалбига муҳрлади. Шундай пайтда Беҳбудий «Домла»сининг саҳнадан туриб «…Бизларни хонавайрон, бачагирён ва беватан ва банди қилган тарбиясизлик ва жаҳолатдур, беватанлик ва дарбадарлик, асорат, фақирлик ва зарурат ва хорликлар ҳама илмсизлик, бетарбияликни меваси, натижасидур…», деб айтган сўзлари унинг қулоқлари остида қайта-қайта жаранглайдиган бўлди. У

«Илму маърифат ҳам ҳунардин
қолди маҳрум бизни халқ,
Маърифатсизлик балосиға
йўлиқғон бизни халқ…»

байти билан бошланган шеърини ўқиб, Чўлпон билан бирга ўзи ҳам кўз ёшларини тўкди. Унинг назарида, Тавалло

Фош ўлди олам ичра, бил, эй дўстлар, аҳволимиз,
Ҳайратда қолди кўрган эл бизни қилган афъолимиз…

деган сатрлари билан халқнинг кўзини очишга интилаётган эди.
Абдулла Қодирийда ҳам бошқа халқлардан орқада қолган, оғир иқтисодий, ижтимоий ва маданий аҳволда яшаётган ватандошларини мудроқ ҳолатдан уйғотиш орзуси уйғонади ва у жадид шоирларидан ибрат олиб, ёзади:

Кўр бизнинг аҳволимиз,
ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни
пулға сотамиз…

Коримиз шундан иборат бўлди
ушбу вақтда,
Ўнтадин бедона боқиб,
ёзу қиш сайротамиз…

Қодирий «Бахтсиз куёв» драмаси билан Беҳбудийнинг, шеърлари билан эса Фитрат, Чўлпон ва Таваллолар сафига келиб қўшилгандек бўлди. Лекин шу даврда рўй берган тарихий воқеалар – Чор Россияси зулмига қарши кўтарилган 1916 йил қўзғолони, 1917 йил Февраль инқилоби, Туркистон Мухторият ҳукуматининг барпо этилиши ва большевиклар томонидан тор-мор қилиниб, Қўқон шаҳрининг қонга ботирилиши, 1917 йилдан кейинги талотўплар уни ўзбек халқининг тарихий тақдири тўғрисида ўйлашга мажбур этди.
Амир Темур давридаги миллий уйғониш… Ижтимоий, иқтисодий, илмий ва маданий тараққиёт… Қудратли ўзбек салтанатининг шаҳзодалар ўртасида парчалана бошлаши… ХVII аср охири – ХVIII аср бошларидан эса миллий таназзул булутининг жаннатмонанд Туркистонни қуршаб олиши… Буларнинг ҳаммасига сабабчи, Қодирий назарида, «Темур Кўрагон каби доҳийлар, Мирзо Бобур каби фотиҳлар, Форобий, Улуғбек ва Ибн Сино каби олимларнинг ўсиб унган ва нашъу намо қилган бир ўлкани ҳалоқат чуқурига қараб судрағучи» хонлар ва беклар эди. Агар улар айш-ишратга берилмай, халқни ота-боболари каби миллий тараққиёт, ақл ва заковат йўлидан ­бошлаб борганларида Туркистон Чор Россиясининг соғин сигирига айланмаган бўларди. «Иттифоқни не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди», – дей­ди Юсуф ҳожи ўғли Отабек билан мулоқоти чоғида.
Бу ҳақ сўзлар Юсуфбек тили билан айтилган, аммо ўзбек халқининг яқин тарихига назар ташлаб, унинг таназзулга тушиш сабабларини англаган адибнинг сўзлари эди. Юсуфбек ҳожи фикрини давом эттириб, яна бундай сўзларни айтади: «Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тагига сув қуядирған бўлсақ, яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ, ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз». Юсуфбек ҳожи тилидан бўлса-да, бундай сўзларни большевиклар Туркистонда ҳукмронлик қила ­бошлаган 20-йилларнинг бошларида айтиш катта жасорат эди.
Хуллас, Қодирий ХХ аср бошларида жаҳолат иқлимида яшаган халқ ва Ватан фожиасининг ижтимоий сабабларини хон ва амирларнинг мамлакатни бошқариш сиёсатида кўради. Бу ҳақда шеърлар эмас, романлар ёзиш керак, деган хулосага келади у.
Лекин ҳали ўзбек адабиётида роман жанри яратилмаган, Туркистонда Европа андозасида ёзилган романни ўқийдиган китобхон ҳам ҳали туғилмаган эди. Шунинг учун Абдулла Қодирий Туркистон халқи шу вақтгача севиб ўқиб келган «Тоҳир-Зуҳра»лар, «Чор дарвеш»лар, «Фарҳод-Ширин»ларнинг бадиий услубидан фойдаланган ҳолда янги тарихий-маданий даврнинг «Тоҳир-Зуҳра»си ва «Фарҳод-Ширин»ини ёзишга аҳд қилди.
Агар баён қилинган фикр ва мулоҳазаларни якунлаб айтсак, Қодирий «Ўтган кунлар» романини ёзишга киришган кезларида, биринчидан, ўзбек халқи ҳаётини китоблардан эмас, балки халқнинг турли қатламлари ичида яшаб ўрганди, унинг танбаллигини ҳам, меҳнаткашлигини ҳам, қусурларини ҳам, фазилатларини ҳам ўз кўзи билан кўрди; халқни ташкил этган турли-туман типларнинг гап-сўзларини, юриш-туришларини, феъл-атворларини беш қўлдек билиб олди. Турсуной аянинг адабий гурунг­ларида қатнашиш, жадид газеталарини ўқиш, «Падаркуш»ни кўриш, Мискин, Хис­лат, Камий, Ғулом Зафарий сингари тошкентлик шоирлар билан мулоқотда бўлиш, «Турон» кутубхонасидаги газета, журнал ва китобларни (жумладан, Журжи Зайдон асарларини) мутолаа қилиш жараёнида у бадиий ижод «сирлари»дан воқиф бўлди. Абдулла Қодирий 20-йилларнинг бошларида эса ўзида роман ёзиш учун етарли ҳаётий тарихий материал ва адабий куч борлигини сезди.
Китобхонларнинг «Ўтган кунлар» романини қарийб бир ўтиришда, тонг отганини билмай ўқиб битишининг сабаби шундаки, романнинг жуда кўп саҳифалари шундай Истеъдоднинг қалами ва шундай Юракнинг қони билан ёзилган.
Нақл қилишларича, кунларнинг бирида Абдулла Қодирий таклиф қилганларига қарамай, тунги таомга чиқмаган. Жосият биби ўғлининг шу вақтда йиғлаб ўтирганини эшитиб, унинг хонасига йўл олади. «Бибим бечора, – деб ёзади адибнинг фарзанди Ҳабибулла Қодирий, – сак­раб ўрниларидан туриб, дадамнинг уйига йўл олдилар. Кап-катта кишининг йиғлашидан ҳайратга келиб, мен ҳам бибим ортидан эргашдим. Кирсак, дарҳақиқат, у киши юм-юм йиғлар, курсига тирсакланиб олиб, тўхтовсиз ёзар эдилар. Бибим дадамнинг бу ҳолига бир оз қараб турдилар-да, бир нарсани тушундилар шекилли, индамай, мени бошлаб орқага қайт­дилар ва ўтириб чой ича бошладилар. Мен бибимдан сўрадим:
– Она, дадам нега йиғлаяптилар?..
– Даданг жинни бўлиб қолипти… – жавоб қилдилар бибим ва бошқа сўз айтмадилар».
Маълум бўлишича, адиб шу вақтда Кумушнинг ўлими саҳнасини тасвирлаётган экан.
Ёзувчи қаҳрамонларнинг қувончидан қувониб, кулфатидан куйиб, ўлимидан ўлиб асар ёзгандагина унинг асари умрбоқий асар, унинг ўзи эса буюк ёзувчи даражасига кўтарилади.
Абдулла Қодирий шундай буюк ёзувчи эди.

Наим КАРИМОВ,
академик

Бошқа хабарлар