Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги унга қандай ёндашилмоқда?

41

Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни четлаб ўтиш мумкинми? Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган 1232 та корхонада ўтказилган мониторингда ана шу масалага ойдинлик киритилди. Таъкидлаш ўринлики, аксар иш берувчилар меҳнатга муносиб шароит яратилиши тарафдори.

– Меҳнат соҳасидаги ўрнатилган тартибдан амалиётда самарали фойдаланиш шарт, – дейди «TEZKOR EKO» МЧЖ раҳбари Зоҳид Янгибоев. – Қонунлар доирасида иш юритмаслик, хавфсизлик қоидаларига риоя этмасликнинг оқибати кўнгилсизликдан бош­­қа нарсага олиб бормайди.
Бахтсиз ҳодисалар барча соҳаларда учраб туради. Масалан, вилоятда ўтган йилнинг саккиз ойида ишлаб чиқариш билан боғлиқ 8 та ҳолат қайд этилган. Улардан бири эса ўлим билан тугаган. Рақамлар тилида жуда жўн кўринган мазкур кўнгилсизликларнинг ортида қанча оиланинг изтироби ётибди.
Бу ҳолат меҳнат муҳофазасига дахлдор ташкилотларни оёққа турғазгани ҳам бор гап. Ташкилот ва корхоналарда меҳнат муҳофазаси чуқур ўрганилди. Хавфсизлик қоидаси бўйича ўқувлар сифатига эътибор қаратилди. Давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳамкорликдаги фаолият самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилди. Хўш, бу ишлар натижа бердими?
– Бажарилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида меҳнат билан боғлиқ бахтсиз тасодиф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 тага камайди, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов. – Касаба уюшмалари ва давлат меҳнат инспекцияси меҳнат шароитларини ўрганиш юзасидан доимий кузатув ва мониторинглар ўтказишмоқда.
Кузатилмоқда… Ўрганилмоқда… Бартараф этилмоқда. Бу биз кўниккан одатий ҳолат. Аммо, бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронга айланган, саломатлигини тиклай олмаган ёхуд товон пулини ололмаган фуқаролар ҳам бор. Улардан ўнлаб мурожаатлар тушгани ҳам ҳақиқат.
– Мамлакатимизда «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Афсусланарлиси, баъзи корхона ва ташкилот раҳбарлари ана шу қонун мазмун-моҳиятини англаб етмаётир, – дейди Усмон Каримов. – Агар ҳар бир ташкилотда мажбурий суғурта ўз муддатида амалга оширилса, бу ташкилотга, айнан иш берувчига катта фойда беради. Ҳар бир ходим бир йилда бир маротаба ўз корхонаси томонидан суғурта қилинади. Мабодо, ходим билан иш вақтида бирор бир тасодифий ҳолат ёки жароҳатланиш юз берса, ташкилот сира ҳам молиявий зарар кўрмайди. Барча сарф-харажатларни суғурта компаниялари тўлиқ қоплаб беради. Ходим манфаатини ўйламаслик мумкин эмас. Шунинг учун қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган имтиёздан нега иш берувчи фойдаланмаслиги керак? Ўзини билган ҳар бир раҳбар буни тўғри англаши шарт, деб ўйлайман.
Маълумотларга кўра, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган аксарият корхоналарда ана шундай ҳолат кузатилган. Ўрганилган 24 та корхонанинг бирортасида ҳам мажбурий суғурта қилиш қоидасига амал қилинмаган. Мутахассислар тавсияси ва тушунтириши асосида уларда суғурталаш ишлари амалга оширилган. Бандлик бошқармаси ва касаба уюшмалари ҳамкорлигида ҳудуддаги 1373 та ишлаб чиқариш жамоаларига тавсиявий хатлар жўнатилган. 18 нафар мансабдор шахс жиддий огоҳлантирилган.
– Корхонамиз тизимида 4 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилади. Озгина эътиборсизлик, эҳтиётсизлик кўнгилсизлик билан тугаши мумкин, – дейди Самарқанд вилояти электр тармоқлари корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Наби Назаров. – Тўғрисини айтганда, онда-сонда бўлса-да, ишлаб чиқариш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлган. Бахтсиз ҳодисага учраган ходим ва унинг оиласига белгиланган моддий ва маънавий зарар суммаси ҳам анчайин йирик. Шунинг учун йил бошидан биринчи қиладиган ишимиз ходимлар ҳаётини суғурталаш бўлади. Бу маблағ бир кишига тўланадиган зарарнинг олдида арзимас, аммо фойдаси жуда катта.
Фалокат оёқ остида, дейишади. «ҒУRQAT DIL ROZIS» МЧЖ раҳбарлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳодисага тайёр эмас эди. Корхонага иш жойида хавфсизлик талабларига риоя этилмагани, ишловчиларга етарлича шароит ташкил этилмагани, соғлом ва хавфсиз меҳнат муҳити яратилмагани қимматга тушди. Баландликда иш бажараётган ходим Зафар Ҳаитов йиқилиб тушди. Энг ачинарлиси, корхонада ходимлар ҳаёти ҳам суғурта қилинмаган экан. МЧЖ раҳбарлари масъулиятдан ўзларини минг олиб қочишмасин, қонун барчага баробар. Улар ходимга ёки унинг оиласи аъзоларига кўрилган зарар ва товон пули тўлашга мажбур. Бу эса корхона раҳбарларига кўпам ёқмайди. Чунки зарар ишлаб чиқариш жараёнига ҳам таъсир этмасдан қолмайди, албатта.
Кўриниб турибдики, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш албатта зарур.

Нурилла ШАМСИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар