Мажбурий меҳнатсиз мавсум ҳақиқатан шундайми ёки…?

35

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев­ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекис­тонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат батамом тугатилганини эълон қилгандан буён ўтган йиллар мобайнида барча соҳаларда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам бериш мақсадида қатор ҳуқуқий ҳамда амалий чора-тадбирлар кўрилди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, ушбу ташкилотнинг бир қанча асосий конвенциялари ратификация қилинди. ХМТ экспертлари иштирокида ­қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан мониторинг ўтказилди.
Кўрилган чора-тадбирлар ва кузатишлар болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш, шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик учун етарли меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш имконини берди. Буни жаҳон ҳамжамияти, ХМТ, Жаҳон банки ва Европарламент юқори баҳолади.
Аммо, афсуски, айрим ҳокимлар ва мансабдор шахслар томонидан таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ободонлаштириш, қишлоқ хўжалигидаги ишларга мажбурий жалб этиш, меҳнат қонунчилигини бузиш, хизмат мавқеини суи­истеъмол қилиш, ходимларга дўқ-пўписа қилиш каби ҳолатлар ҳамон кузатилмокда.
Ваҳоланки, амалдаги қонунларда ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этган шахс­ларга нисбатан жавобгарлик, жазо чоралари аниқ белгилаб қўйилган.

Айтиш мумкинки, бугун юртимизда болалар меҳнатига барҳам берилди, мажбурий меҳнатни йўқ қилишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди. Натижада кўп нарса ўзгарди. Масалан, қўлда терилган бир килограмм пахта учун 2016 йилда 260 сўм тўланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 800 сўмни ташкил этмоқда. Меҳнатга тўланадиган ҳақнинг сезиларли даражада оширилиши, биринчидан, мажбурий меҳнатнинг олдини олишда муҳим асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган бўлса, иккинчидан, мавсум асноси теримчиларнинг қўшни республикаларга чиқиб кетишига чек қўйилди.
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва унинг туман, шаҳар кенгашлари жойларда пахта терими мавсуми олдидан мажбурий меҳнатга оид қонунчилик, халқаро конвенциялар ва меҳнат стандартларининг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тарғибот ишларини амалга оширди. Ўтказилган 300 дан ортиқ учрашув ва давра суҳбатларида 5000 нафардан зиёд иштирокчиларга атрофлича тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан тузилган келишувга мувофиқ, ҳар ҳафтада ўқув-машғулотлари ташкил этилмоқда. Шу кунгача қарийб 420 нафар тингловчи ўқитилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 2019 йил 9 сентябрдаги «2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитлар яратиб берилиши, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ҳудудларда мониторинг ўтказилиб, бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мавсум давомида асосан 3 та муҳим йўналишга эътибор қаратилди.
Биринчиси, теримчилар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, тоза ичимлик суви таъминоти, овқатланиш жойи, ҳожатхона, ювиниш хонаси талаб даражасида бўлиши, меҳнатга ҳақ тўланиши каби масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
Иккинчиси, йиғим-терим мавсумида теримчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида Миллий мониторинг ўтказиш ҳамда амалга ошириладиган ишлар юзасидан кунлик маълумотлар бериб борилишини таъминлаш;
Учинчидан эса пахта мавсумида касаба уюшмалари Федерацияси ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларидаги юридик клиника ҳамда қайта алоқа механизми фаолиятининг тун-у кун узлуксиз режимда ишлаши йўлга қўйилди.
Барча ҳудудларда фермер хўжалиги раҳбари ва ходим ўртасида меҳнат шартномаси тузилишини таъминлаш, ҳар бир ишчи-ходим учун меҳнат дафтарчаси юритилишини назорат қилиш, теримда иштирок этиш орқали қўшимча даромад олишни мақсад қилганлар учун имконият яратиш, пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик, таълим ва соғлиқни сақлаш муасса­салари ходимлари, умумтаълим мактаб­лари ўқувчиларининг теримда ишти­рок этишига қатъиян йўл қўймаслик юзаси­дан таъсирчан назорат ўрнатилмоқда.
Жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан тартибли ўтказишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ҳудуд­лар­да уюшмаган аҳолидан иборат терим отрядлари ташкил этилди. Отрядларга обрў-эътиборли шахсларни танлаб олиш, уларга бюджет ҳисобидан 2 миллион сўмдан иш ҳақи бериш, отрядларда теримчиларнинг сони 50-70 нафардан ошмаслигига алоҳида эътибор қара­тилаётир.
Бундан ташқари, шу йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини бажаришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида «2019 йил пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт ва ташкилий-техник шароитлар» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида ХМТ ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлиги ҳақида тўхталиб, охирги икки йил ичида терим пулларининг сезиларли даражада оширилиши, Ўзбекистонда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятига рухсат берилиши ижобий натижалар бераётганлигини алоҳида таъкидлашди. Бундан ташқари, миллий мониторингда иштирок этиш учун бу йил чет эл касаба уюшмалари ташкилотлари вакилларининг таклиф қилингани ва Федерация тизимидаги «Қайта алоқа механизми» фаолияти намунали йўлга қўйилгани ижобий баҳоланди.
Бир сўз билан айтганда, хорижий экспертлар пахта мавсуми вақтида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслик ҳолатига юқори баҳо беришди.

Алижон
АБДУРАҲМОНОВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар