Саломлашиш ҳикматлари

70

Ассалому алайкум! Ушбу сўзлар замирида жуда катта ҳикмат яширин.
Халқимиз ва аждодларимиз буни яхши билган ва қадрлаган. Биз бугун ҳам ушбу эзгу ва гўзал қадриятларимиз билан фахрланамиз.

Бобом берган тиллолар

Ёш бола эдим. Беш-олти ёшларда. Бир куни уйга шошиб кирдим. Бобом ўтирарди. Менга қаради-да:
– Нима йўқотдинг, болам, – деди.
Атрофга қарайман, чўнтакларимни ковлайман – ҳамма нарсам жойида.
– Ҳеч нима, – дедим.
– Йўқ, болам, ниманидир йўқотдинг, топиб кел, – деди.
Индамасдан ташқарига чиқдим. Узоқ ўйландим. Ҳеч нарса йўқотмаганман. Охири эшикни ғирчиллатиб очиб, ичкарига юзландим. Бобом ёстиққа ёнбошлаганча ётибди. Менга ўткир нигоҳи билан юзланди:
– Топдингми?
Мен эса ерга қараганча совқотган қўлларимни ишқалаб, ерга қараб турардим. Бобом яна эшикни кўрсатди…
Эшик ортида ўйланиб турганимда ичкаридан энам чиқиб келди. Бошини бироз пастлатганча, «Уйга кираётганда салом бермадинг» дея қулоғимга пичирлади.
Тилло топиб олгандек, оғзим қулоғимда остона ҳатлабоқ бобомга қарата:
– Ҳессаломалайкум, – дедим.
Бобом эса:
– Ҳессаломалайкум эмас, Ассалому алайкум, дейилади, болам, – дея хатомни тўғрилади…
Бобом берган бу «тилло»лар менга бир умрга асқотмоқда.

Тарбия оқсаяпти

Қўшнингиз, жигарларингиздан бири сиз билан саломлашмади, дилингиз оғримайдими? Кейинги ­пайтларда саломлашиш камайиб кетаётгандек. Ёки бузиб, қисқаликка интилиш, бошқача – «замонавий» саломлашиш одатга айланаётгандек. Айрим ҳолларда баъзилар салом-аликни бузиб ишлатишади. Билса-билмаса хорижий сўзлар орқали кўришмоққа интилишади. Бу эса қайсидир маънода она тилимизга нисбатан ҳурматсизлик саналади. Шундай экан, барчамиз ёшларни салом-аликка, ва асосийси, тўғри саломлашишга ўргатишимиз лозим.
– Ёшлар орасида саломлашмаслик ёки «Ассалому алайкум» сўзини бузиб, қисқартириб ишлатиш чет эл фильмларининг таъсирида пайдо бўлган, наздимда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти бўлими раҳбари Дилмурод Худойшукуров. – Турли беўхшов ҳаракатлар тарзидаги кўришиш ҳам тақлид натижасидир. Ёшлар шу йўл билан тенгдошлари орасида ўзларини зўрроқ, нуфузлироқ кўрсатишга уринади. Қизиғи, бундай қилиқлар катта ёшдагилар орасида ҳам кузатиляпти. Сўкиниб сўрашадиганлар ҳам йўқ эмас. Бундайларга ақл ўргатсангиз, маслаҳат бермоқчи бўлсангиз, аксар ҳолларда гапингизга қулоқ тутишмайди. Демакки, оилада муҳит яхши эмас, тарбия оқсаяпти.

Энг эзгу тилак

– «Ассалому алайкум» сўзлари араб­чадан тилимизга ўгирганда «сизга тинчлик тилайман» маъносини беради, – дейди Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов. – Тинчлик тилашдан улуғроқ, эзгуроқ тилак йўқ. Пайғамбаримиз «саломлашишни ўрталарингизда ёйингиз» деганлар. Зеро, саломлашиш одамлар орасидаги меҳрни кучайтиради. Ислом қоидаларига мувофиқ танишми, бегонами – фарқсиз, ҳаммага салом бермоқ жоиз. Бегона одамга салом берсангиз муносабатлар илийди, кейинги сафар у ҳам салом беради. Бир неча маротаба учрашганингиздан сўнг танишга айланиб қоласиз. Пайғамбаримиз бир-бирингизга қўл бериб, табассум билан кўришганингизда гуноҳларингиз куздаги дарахт баргларидек тўкилади, деганлар. Қоидага кўра, кичик ёшдагилар катталарга, озчилик кўпчиликка салом бериши, мабодо кичик ёшдаги киши салом бермаса, унга ёши улуғ салом бериши лозим. Бу ҳаракатнинг тарбиявий хусусияти бўлиб, салом бермаган кишини уялтирасиз. Кейинги сафар у бу хатосини тўғрилашга ҳаракат қилади. Салом берилганда алик олмаса, хафа бўлмаслик керак. Бундай ҳолатда аликни фаришталар олишади. «Ассалому алайкум» сўзини бузиб айтиш маъносиз сўзламоқ билан баробардир. Айримларнинг саломлашишни унутиб қўйишини эса бартараф этиш мумкин. Оилада тарбияга эътибор қаратилмоғи, бу борада, айниқса, ёши катталар ғайрат кўрсатишлари шарт.

«Кимлигинг шундан маълум»

– Саломдан кишининг ақл-у фаросатини баҳолаш, унинг кибрли ёки камтарин инсон эканини билиш мумкин, – ­дейди филология фанлари номзоди Шаҳноза Алмаматова. – Олий ўқув юртида ўқиб юрган кезларимиз кекса бир ўқитувчимиз доим биз, талабаларга салом берарди. Унинг камтарлиги ҳаммада ҳавас уйғотган. Ҳазрат Навоий бежиз «Эл ичра ўлтурмоқ юқорироқдин, эл ичра ўлтурмоқ юқорироқ бил» мазмунидаги мисраларни битмаган. Яъники, ўзни элдан юқорироқ тутишдан кўра, эл орасида бўлган афзал. Шу маънода, аввал салом бермоқ ва мазкур ҳаракат билан одамларни кўришишга, яқинлашишга ундамоқлик катта савоб. Ақл-у заковатда тенгсиз ота-боболаримиз болаларни эртаклар орқали саломлашишга ўргатишган. Хусусан, ялмоғиз қанчалик ёвуз бўлмасин, салом беришни унутмаган қаҳрамонни икки ямлаб, бир ютиб юбормайди.
Халқимизда саломга оид ажойиб қадриятлар бор. Чунончи, бирор кишидан мужда келтирилганида «У салом айтди» дейилади. Шунда соғинч­нинг, меҳрнинг тафт-у ҳароратини ҳис этамиз, бизни қадрлашларини англаймиз. Қисқаси, салом-­аликда ҳикмат кўп.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар