Беғубор ва бетакрор онлар яратиб…

70

Жиззах вилоятида мактаб ўқувчиларининг жорий йил ёзги таътил даври кўнгилли ва мароқли кечди. Фориш, Зомин, Шароф Рашидов, Ғаллаорол туманлари ҳудудида жойлашган 10 та стационар оромгоҳда 5304 нафар, вилоятдаги таълим муассасалари қошида ташкил этилган 161 та кундузги оромгоҳда 9975 нафар бола соғломлаштирилди. Ўтган йили 5,5 фоиз болажонлар оромгоҳларга қамраб олинган бўлса, бу йилги кўрсаткич 7,9 фоизга етди.

Мавсумда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан ҳамкорликда ногирон, боқувчисини йўқотган вояга етмаганлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни имтиёзли ва бепул йўлланма билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, жорий йилда 100 нафар ногирон ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари касаба уюшмалари маблағи, 100 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва 80 нафар Оролбўйи минтақаси болалари давлат бюджети, 62 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳомийлар маблағлари, 165 нафар профилактик ҳисобда турувчи оилалар болалари ҳокимликлар, 749 нафар ўқувчилар жамоа шартномалари орқали оромгоҳларда бепул ҳордиқ чиқарди.
Аксарият болалар оромгоҳ­лари мавсумда 4-5 босқичда, Шароф Рашидов номли оромгоҳ эса 7 босқичда фаолият кўрсатиб, республикадаги энг илғор оромгоҳлар қаторида эътироф этилди.
Жиззах шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида 2019 йил ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг мавсум якунларига бағишланган анжумани бўлиб ўтди.
Унда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этган ташкилотлар ҳамда оромгоҳларда фаолият юритган энг фаол, ташаббускор ходимлар рағбатлантирилди.
«Лочин» оромгоҳи тарбиячиси Гавҳар Худойқулова «Энг ғамхўр тарбиячи», «Зангори олов» оромгоҳи бош етакчиси Ёдгор Тўлаганов «Энг фаол етакчи», «Зомин санрайз» оромгоҳи ходими Хуршид Жонибеков «Энг яхши спорт мураббийи» деб топилди. Шунингдек, «Энг яхши тиббиёт ходими», «Энг яхши пазанда», «Энг намунали стационар оромгоҳ», «Энг ­мас­ъ­улиятли ташкилотчи», «Энг яхши оромгоҳ бошлиғи», «Энг яхши ҳамкор», «Энг ғамхўр ҳомий» номинациялари бўйича ғолиблар муносиб тақдирланди.
– Болалар билан ишлаш, уларнинг беғубор оламини ҳис қилишнинг ўзи бир бахтдир, – дейди «Лочин» болалар соғломлаштириш оромгоҳи тарбиячиси Гавҳар Худойқулова. – Шундай шарафли касбда ишлаётганим, ушбу анжуманда «Энг ғамхўр тарбия­­чи» номинацияси ғолиби бўлганимдан хурсандман.
Мавсумда энг намунали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишда фаол иштирок этган ҳомий ташкилотлар, хўжалик органлари, ҳокимликлар, ҳамкорлар, идора ва ташкилотлар муносиб тақдирланди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар