Бу касбда энг муҳими маҳорат

54

Корхонамизда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бирламчи ўринда туради. Меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ва корхонадаги ҳолатни яхшилаш чоралари доимий назоратда. Ҳамма бўлинмаларда жорий йил учун ходимлар билан ишлаш режалари тайёрлаб чиқилган бўлиб, унга қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бўлинмалар тегишли ­инструкция, меъёрий ҳужжатлар, меҳнат хавфсизлиги учун зарур барча ҳимоя воситалари, мосламалар, жиҳозлар ҳамда махсус кийим билан таъминланган. Тўққизта ўқув майдончаси ва 13 та техник ўқиш хонаси белгиланган талаблар асосида жиҳозланган. Уларда ходимлар малакасини ошириш ва фаолиятда хавфсизлик талабларига риоя этиш бўйича техник ўқишлар мунтазам ўтказилади. Профилактик тадбирлар иш вақтида жароҳатланиш ва шу каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган.
Ҳар чоршанба куни хавфсизлик қоидаларига қай даражада риоя этилаётгани ўрганилиб, мониторинг қилинади. Аниқланган қоидабузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилади. Қолаверса, ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши бўйича алоҳида текширувлар ўтказилади. Жумладан, биргина шу йилнинг ўтган даври мобайнида корхона тасарруфидаги бўлинмаларда 1904 нафар ходим иштирокида 269 та ёнғин ва аварияга қарши машқлар ўтказилди.
Меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги, техника эксплуатацияси, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тушунтириш бўйича маслаҳат хоналари ташкил этилган. Бундан ташқари, ходимлар билан ҳар куни эрталаб иш бошланишидан олдин ярим соат давомида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича ўқув машғулотлари ўтказилади. Корхонада иш вақтида жароҳатланиш хавфи юқори бўлган «тор жойлар» аниқланиб, уларни бартараф қилиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилади.
Яқинда ишчи-ходимларнинг ўзаро тажриба алмашинувини таъминлаш мақсадида вилоятдаги электр таъминоти корхоналарининг таъмирлаш бригадалари ўртасида касб маҳорати бўйи­­ча мусобақа ташкил қилдик. Унда ишчиларнинг биринчи ёрдам кўрсатиш, иш жойини ­тайёрлаш, автотранспорт ҳолати ва техника хавфсизлиги қоидаларига қанчалик амал қилишлари бўйича билимлари синовдан ўтказилди. Натижалар бўйича Питнак, Урганч ва Янгиариқ ТЭТК жамоалари фахрли ўринларни эгаллади ва жамиятнинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Раҳбар ходимларнинг масъулияти, меҳнат муҳофазаси талабларининг бажарилиши устидан назоратнинг керакли даражада ўрнатилгани, ходимларнинг фидокорона меҳнати туфайли 2014 йилдан буён корхонамизда ходимларнинг иш жараёнида жароҳатланишига йўл қўйилмади.

Ражаббой ОТАЖОНОВ,
«Хоразм ҳудудий электр
тармоқлари» АЖ
бўлим бошлиғи

Бошқа хабарлар