Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковнинг «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» республика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирдаги нутқи

40

Ассалому алайкум, азиз устозлар, қадрли дўстлар!
Муҳтарам устозларимиз, ўқитувчи ва мураббийларимизни касб байрами муносабати билан шарафлашга бағиш­ланган тантанали тадбиримизга хуш келибсиз!
Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам ­Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъий саъй-­ҳаракатлари, раҳнамолиги билан, мана уч йилдирки, азиз устозларимизнинг касб байрами алоҳида ­эътибор ва эҳтиром билан нишонланмоқда.
Аслини олганда, давлатимиз раҳбари жамият тараққиётида ўқитувчининг, устоз ва мураббийнинг беқиёс ўрни, улкан салоҳияти муҳим аҳамият касб этишини қалбан ҳис қилган ҳолда, мамлакат раҳбарлигига сайланган кунданоқ таълим соҳасига, шу соҳада заҳмат чекиб йиллар давомида муносиб қадр тополмай, руҳан изтироб чекаётган азиз инсонларнинг ҳурматини жойи­­га қўйиш, уларнинг келажак авлодни Ватанга муносиб қилиб тарбия­лашдаги беқиёс хизматларини эътиборга олишни давлат сиёсатининг устувор вазифаси даражасида кун тартибидан туширмай келмоқдалар.
Ўтган қисқа давр ичида ўқитувчиларнинг ойлик маошлари икки ярим баробарга оширилди. Бу дунёдаги саноқлигина давлат раҳбарлари томонидан амалга оширилган сиёсатдир.
Ва, энг муҳими, ҳали иқтисодиёти ривожланиб улгурмаган, жамиятда ҳал этилмаган минглаб муаммолар мавжудлигига қарамай, Президент ­эртанги кун учун энг муҳим муаммони тўғри танлаб олди. Бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмаслигини бу ерда ўтирганларнинг ҳар бири жуда яхши идрок этиши, шубҳасиз.
Эътибор қилинг, биргина халқ таълими тизимида 550 минг нафардан ортиқ ўқитувчи ишлайди, олий ва ўрта махсус таълим, мактабгача таълим соҳаларида эса 130 минг нафардан зиёд муаллимлар, тарбиячи ва мураббийлар фаолият юритмоқда. Бу эса Президентнинг мазкур сиёсати натижасида Ўзбекис­тондаги қарийб уч ярим-тўрт миллион киши мана шу ғамхўрликни бевосита ўз ­оиласи, дастурхонида ҳис этмоқда, деганидир.
Энг муҳими эса соҳага эътибор туфайли таълим сифатининг кескин ошиши кутилмоқда. Энг яхши натижаларга эришаётган устозларни эса янада кўпроқ рағбатлантириш тизими яратилмоқда. Ахир биз бу кунни нақадар муштоқлик билан кутмаганмидик?
Шавкат Мирзиёевнинг таълим соҳасига қилаётган бундай юксак раҳнамолиги нафақат Ўзбекистондаги ўқитувчиларимиз, устозларимиз, балки бутун дунё жамоатчилигининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.
Тўғрисини айтганда, бу сиёсат замирида жуда катта рақамлар турибди.
Ўтган қисқа вақт ичида кўплаб таълим муассасалари реконструкция қилингани, янги мактаблар қурилиб, фойдаланишга топширилгани соҳадаги ривожлантириш тизимли ва комплекс равишда амалга оширилаётганининг ёрқин тимсолидир.
Азиз устозлар!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си ҳам муҳтарам Президентимизнинг ушбу ғамхўрлигидан руҳланиб, тизимда фидокорона меҳнат қилиб келаётган, таълим соҳасининг асл жонкуярларини тақдирлаш, уларга доимий эътибор кўрсатиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Бугунги кунда, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги 17 минг 981 та бошланғич ташкилотнинг қарийб 55 фоизи умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатмоқда.
Мазкур муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган Жамоа шартномалари орқали ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, республикамиз умумтаълим мактаб­ларидаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадилар. Яъни, ўзларининг асосий ишлари билан бир вақтда, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси вазифасини ҳам бажарадилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» республика танловини ташкил этди. Бундан кўзланган асосий мақсад фидойи ва жонкуяр ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини муносиб қадрлашдан иборатдир.
унда таълим муассасасида 20 йилдан ортиқ педагогик стаж­га эга бўлиш билан бирга 10 йилдан ортиқ касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган 1 минг 135 нафар ўқитувчи иштирок этиш истагини билдирди. Қувонарли томони, улар орасида республикамизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида фаолият юритаётган ўқитувчи ва мураббийлар жуда кўпчиликни ташкил этди.
Махсус комиссиялар номзодларнинг фаолиятини ошкора ва адолатли баҳолаб, ғолибларни аниқлаб берди. Биз бугун ушбу танлов ғолибларига катта ҳурмат ва эҳтиром билан мукофотларни топширмоқчимиз.
Бир сўз билан айтганда, кўрик-танловимиздан кўзланган мақсадга эришдик, деб айта оламиз. Аввало, ўқитувчига бўлган юксак ҳурмат масаласи ҳар бир таълим муассасасида муҳокамада бўлди.
Аслини олганда, кўрик танловда иштирок этишга жазм этган 1135 та бошланғич ташкилотнинг ҳар бири ҳам ўзига хос ғолибдир, дея оламан.
Комиссия аъзоларининг танлов бўйича хулосалари менинг шундай дейишимга асос бермоқда. Шулардан келиб чиқиб, ижозатингиз билан республика босқичига етиб келган 42 та бошланғич ташкилотнинг барчасига «Ибрат намунаси даражасидаги таянч бош­ланғич ташкилоти» деган мақом берсак, нима дейсизлар?
Ташкилотчилар, шунингдек, жойлардан тушган кўплаб таклифларни инобатга олиб, танлов доирасини кенгайтирган ҳолда уни ҳар икки йилда бир марта анъанавий тарзда ўтказиб бориш таклифини илгари сурмоқчиман.
Азиз дўстлар!
1 октябрь нафақат устозлар байрами, балки улар тарбиялаб вояга етказган миллионлаб инсонларнинг ҳам байрамидир. Шундай экан, биз ҳам фақатгина танлов натижалари билан кифояланмоқчи эмасмиз.
Мен сизларни бугунги тадбиримизда ўз ҳаётини келажак авлоднинг баркамол бўлиб ­вояга етиши, она юртимизга муносиб ворис­ларни тарбиялаш ишига бағишлаб келаётган, ўнлаб, юзлаб шогирдлар етиштириб халқимизнинг катта ҳурмат ва эъзозига муяссар бўлган азиз меҳмонларимиз билан ҳам таништириб ўтмоқчиман.
Хоразм вилоятининг Хива шаҳридан ташриф буюрган, қарийб қирқ йилдан буён «устоз» деган табаррук номни шарафлаб келаётган Ҳурмат Матчанов Хива шаҳридаги 121-давлат мактаб-интернати бошланғич синф ўқитувчиси, ўттиз уч йилдирки, мазкур мактаб-интернатнинг касаба уюшма қўмитаси раи­­си. «Халқ таълими аълочиси», «Шуҳрат» медали соҳиби Ҳурмат аканинг шогирдлари бугунги кунда халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Улардан етти нафари устози ёнида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Демак, Ҳурмат ака бугун ҳақли равишда устозларнинг устози ҳамдир.
Касаба уюшма қўмитаси сардори сифатида амалга ошириб келаётган ишлари таҳсинга лойиқ Ҳурмат аканинг ҳаёт йўли ҳам нафақат шогирдлари, издошлари, балки барча учун ҳам ибрат мактабидир.
Жиззах вилояти Зомин туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, 1994 йилдан ­бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Баҳром Номозов.
2014-2016 йилларда ушбу мактаб қатор кўрик-танлов, спартакиада ва фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаган. Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танловининг 2018 ва 2019 йилларда вилоят босқичи ғолиби бўлган Баҳромжонга келгусидаги эзгу ишларида улкан омадлар тилаб қоламиз.
Абдурашид Эргашев – 2003 йилдан Андижон вилояти Асака тумани 26-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси. Унинг бевосита ташаббуси билан мактаб маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг ижтимоий шерикчилик асосидаги фаолияти кўлами кенгайди. Айниқса, таълим сифатига мактаб миқёсида алоҳида эътибор қаратилган.
Абдурашиджоннинг шогирдлари фан олимпиадаларининг барча босқичларида кўп бор фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Тошкент давлат техника университети ­кафедра мудири, техника фанлари доктори, профессор Парахат Матякубова. Парахатхоннинг кейинги уч йилда 97 та илмий мақоласи чоп этилган, илмий тадқиқот ўтказиш учун режалаштирилган 17 та ишда илмий раҳбар бўлган, 7 та дарслик, 5 та ўқув қўлланма тайёрлаган. 37 йиллик педагогик стажга эга.
2019 йил «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. Назаримда, Парахатхон ўз ҳаёт йўли, қилаётган эзгу ишлари билан ҳар қанча фахрланса арзийди.
Парахатхонни Муҳтарам Президентимиз истаётган таълим ва фан фидойилари қаторида энг олдинги ўринларда, дея баралла айта оламиз.
Тошкент давлат техника университети қошидаги академик лицейнинг математика фани катта ўқитувчиси Жамшид Бўронов. 2018-2019 ўқув йилида у раҳбарлик қилган гуруҳ битирувчиларининг миллий ва хорижий олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 100 фоизни ташкил этган.
Биз ёш ўқитувчилар орасида Жамшиджондек малакали, ватанпарвар, ўз касбига бутун меҳрини бера оладиган устозларнинг кўпайишини жуда-жуда истар эдик.
Сайёра Маткаримова – 2004 йилдан Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Хўжайли тумани 1-умумтаълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси, «Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси», 2006 йилда «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови ғолиби бўлган.
Шубҳа йўқки, орамизда юксак марраларни забт этган ва ундан-да юқори чўққиларни кўзлаб, интилиб яшаётган яна кўплаб устоз ва мураббийлар бор.
Биз Федерация раёсати аъзолари бугунги тантанали тадбирга янада байрамона файз беришга қарор қилдик. Таълим соҳасидаги фидокорона меҳнатларига ҳурмат рамзи сифатида 5 нафар ўқитувчи ва устозга касаба уюшмалари Федерациясининг энг юксак мукофоти – «Эҳтиром» нишонини топширишга қарор қилдик.
Бу мукофот устозларнинг кўп йиллар касаба уюшмалари томонидан эъзоз ва эътиборда бўлишини таъминлайди. Уларга тизимдаги дам олиш масканлари, даволаш муассасаларида имтиёзли дам олиш ва даволаниш имкониятлари яратилади.
Шу билан бирга фидойи устозлардан 7 нафарига тизимдаги санаторийларда бепул дам олиш йўлланмаларини тақдим этмоқчимиз. Бу эса касаба уюшмалари тизимидаги заҳматли ва шарафли меҳнатингизга бизнинг миннатдорлигимиз рамзи бўлиб қолади, деб ўйлаймиз.
Раёсат аъзоларининг якдил қарорига кўра, уч нафар ўқитувчига қимматбаҳо совға ҳозирлаганмиз.
Ўйлаймизки, бугунги байрам шукуҳи бизни узоқ вақт тарк этмайди. Ва яна сизларга ваъда бериб айтаманки, биз муҳтарам юртбошимиздан ўрнак олиб, таълим соҳасининг энг яқин таянчи, ҳамкори бўлиб қоламиз.
Азиз дўстлар, яна бир бор барчангизни Ўқитувчи ва мураббийлар байрами билан самимий қутлайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик-саломатлик, юртимиз келажаги учун олиб бораётган эзгу ишларингизда улкан зафарлар тилайман.

Бошқа хабарлар