УСТОЗЛАР – КАСАБА УЮШМАЛАРИ ЭЪЗОЗИДА

83

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» рес­публика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда катта иш тажрибасига эга педагоглар, соҳага эндигина кириб келаётган ёш муаллимлар, таълим муассасаларидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ва фаоллар иштирок этди.
Тантанали тадбирни Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков очиб, соҳа ходимларини байрам билан қутлади. Президентимиз ­Шавкат ­Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, касаба уюшмалари томонидан соҳа ходимларига кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиром ҳақида сўз юритди. Ҳар бир соҳадаги ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётгани, мазкур жараёнда таълим тизимини такомиллаштириш, масъулиятли ва шарафли касб эгалари бўлган ўқитувчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларнинг нуфузини оширишга катта ­эътибор берилаётганини ­эътироф этди.
Кейинги йилларда халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ота-­оналар ва жамоатчилик фикри инобатга олиниб, мамлакатимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Педагог­ларга ҳар томонлама эътибор қаратилиб, ойлик маоши икки ярим бараварга оширилди. Буларнинг барчаси соҳа ривожи ва устоз ва муаллимларга бўлган беқиёс эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, малакаси ва жамиятдаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тизимли тадбирлар амалга оширилмокда. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгаши тизимидаги муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган Жамоа шартномалари орқали ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланмокда.
Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимиз ­Шавкат ­Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг тўлақонли амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Устоз­лар – касаба уюшмалари ­эъзозида» респуб­лика танлови ўтказилиши эълон қилинган эди.
Мазкур танлов уч босқичда ташкил этилиб, унда энг чекка ва олис ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва мураб­бийлар ҳам қамраб олинди.
Иштирокчиларни баҳолашда уларнинг ёш авлодга таълим-тарбия бериш, ўғил-қизларнинг маънавий ва интеллектуал оламини бойитиш, ватанпарварлик руҳида тарбия­лаш, касаба уюшма қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашдаги амалий ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашларида тузилган комиссиялар томонидан иштирокчиларнинг фаолияти адолатли баҳоланиб, юқори натижа кўрсатган номзодлар вилоят босқичига йўлланма олди. Ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида ташкил этилган махсус комиссиялар республика босқичи қатнаш­чиларини аниқлаб берди.
Касаба уюшмалари Федерациясида тузилган махсус комиссия республика босқичида ҳар бир ҳудуддан биттадан энг юқори балл тўплаган 14 нафар соҳа ходими орасидан финал босқичи ғолибларини саралади.

АРДОҚҚА МУНОСИБ ФАХРИЙЛАР

Тадбирда дастлаб таълим тизимида узоқ йиллардан бери меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришиб келаётган фидойи устоз ва мураббийлардан бир гуруҳига касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олиб, саломатлигини ­мустаҳкамлаши учун йўлланмалар топширилди.
– 37 йилдан буён мураббийлик қиламан, – ­дейди Тошкент давлат техника университети профессори Парахат Матякубова. – Ўтган йиллар давомида Корея, Германия ва Канада давлатларида бўлиб ўтган илмий анжуман ва халқаро конференцияларда иштирок этдим. Яқиндагина Канадада ўтказилган бутунжаҳон форумида «Йил мутахассиси» номинациясини қўлга киритиб, олтин медаль ва диплом билан тақдирландим. Экспертлар яратган илмий янгилигим, яъни дон маҳсулотлари намлигини назорат қилиш бўйича қурилма лойиҳаси ва унинг дастурий таъминотини юқори баҳолашди. Айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу янгиликни амалиётга татбиқ этиш устида ишламоқда. Касаба уюшмаларининг фаолиятимни эътироф этиб, юртимиздаги энг яхши санаторийлардан бирига йўлланма бериши эса қувончимга қувонч қўшди.

ФАОЛЛИК РАҒБАТИ

Шундан сўнг олий ва халқ таълими, мактабгача таълим, ихтисос­лаштирилган махсус таълим муассасаларида самарали меҳнат қилиб келаётган, соҳани ривожлантириш ҳамда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбия­лаш билан бирга касаба уюшма ишини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар Касаба уюшмалари Федерациясининг «Энг фаол ёш ўқитувчи», «Инновацион фаол ходим» ва «Энг маҳоратли ўқитувчи» номинацияларига сазовор бўлиб, муносиб тақдирланди.
«Инновацион фаол ходим» номинацияси соҳибаси Юнусобод туманидаги 560-кўп ихтисосли махсус мактабгача таълим муассасаси методисти Феруза Каримова янги педагогик технологиялар, интерфаол усулларни амалиётга жорий этган ва бир қатор инновацион тадқиқотлари билан юқори натижаларга эришган.
«Энг маҳоратли ўқитувчи» номинация­­си совриндори Шайхонтоҳур туманидаги 527-мактабгача таълим муассасасининг жисмоний тарбия йўриқчиси Азиза Юнусова эса спорт соҳасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган. Унинг шогирдлари 100 дан зиёд мусобақаларда ғолиб бўлган.
«Энг фаол ёш ўқитувчи» номинациясига муносиб топилган Тошкент давлат техника университети қошидаги академик лицейнинг математика фани ўқитувчиси Жамшид Бўронов олий таълим муассасаларига ўқувчилари энг кўп кирган устоз сифатида эътирофга сазовор.

ЭҲТИРОМИМИЗ СИЗГА!

Тадбир давомида кўплаб шогирдлар етиштириб, соҳа ривожи йўлида барча имконият ва салоҳиятини намоён этиш баробарида бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида фаоллик кўрсатиб, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи устозлар, шунингдек, меҳнат фахрийларидан бир гуруҳи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ««Эҳтиром» нишони билан тақдирланди.
– Чексиз ҳаяжондаман, – дейди Хоразм вилояти Хива шаҳридаги 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати бошланғич синф ўқитувчиси, «Эҳтиром» нишони соҳиби Ҳурмат Матчанов. – 41 йиллик фаолиятим давомида ёш авлодга қўлдан келганча таълим-тарбия бериб келяпман. Шогирдларим ҳаётда ўз ўрнини топаётганидан қувонаман. Меҳнатим қадр ­топганидан бахтиёрман.

МЎЙНОҚЛИКЛАРГА ТУҲФА

Президентимиз жорий йилнинг август ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мазкур ҳудудда яшаётган аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, қатор ­ташаббусларни илгари сурган эди.
Белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тантанали тадбирда Мўйноқ туманидаги «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳига «Damas» автомобили совға қилингани бунинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Автомобиль калити Мўйноқ туманидаги 2-умумтаълим мактаби директори, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Мўйноқ тумани кенгаши раиси Мирзабек Хожаметовга топширилди.
Ёш авлод вакилларини маънавий, жисмоний ва интеллектуал жиҳатдан ривожлантириш, шунингдек, ёзги мавсум давомида ўғил-қизларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этадиган муассаса учун ушбу совға муносиб туҳфа бўлди.
– Туманимизда 31 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг фарзандлари таълим ва тарбия олиши йўлида ҳудуддаги 17 та умумтаълим мактабда 720 нафар педагог ходим меҳнат қилмоқда, – дейди М.Хожаметов. – Бундан бир неча йил муқаддам оғир табиий шароит туфайли айрим устозлар ўз ишини ташлаб кетишга мажбур бўлганди. Эндиликда Президентимизнинг ҳудудимизга тез-тез ташриф буюриб, ёшларимиз, аҳоли учун барча зарур шароитларни яратиш кераклиги ҳақидаги ғоялари халқимиз, шу жумладан, педагоглар учун ҳам келажакка умид ва ишонч бўлмоқда. Айни пайтда туманимизда мўйноқлик болалар учун 200 ўринли «Оқ кема» соғломлаштириш оромгоҳи қурилмоқда. Шу кунларда унинг қурилиши якунланиб, пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Кейинги йил ёз мавсумида оромгоҳ беш навбатда 1000 нафар болани қабул қилади.
Бундан ташқари, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун ҳудудимизда санаторий қурилиши ҳам режалаштирилган. Ҳадемай, мазкур иншоотлар қуриб битказилса, туманимиз кўркига кўрк бағишлайди.

ЛОБАРХОН «SPARK» СОҲИБАСИ

Тантанали тадбирнинг «Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида» респуб­лика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган қисми ниҳоятда ҳаяжонга бой бўлди.
Дастлаб, совриндор бўлган 11 нафар ўқитувчига диплом ҳамда ноутбук топширилди. Шундан сўнг энг ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги 69-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Дилором Тошмуродова танловнинг 3-ўрин соҳибаси бўлди. Унга 3-даражали дип­лом ҳамда «Samsung» кир ювиш машинаси топширилди. Навоий вилояти Конимех туманидаги 2- умумтаълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Нурия Тўрақулова 2-ўринга муносиб топилиб, 2-даражали диплом ва «Samsung» музлатгичи билан тақдирланди.
– Фаолиятим давомида жамоа ходимларининг ижтимоий ҳимояси, дам олиши, соғломлаштирилиши каби жиҳатларга қўлимдан келганча эътибор қаратиб кел­япман, – дейди Дилором Тошмуродова. – 2017 ва 2018 йилларда бўлиб ўтган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг респуб­лика босқичида мактабимиз ўқитувчилари юқори ўринларни қўлга киритган бўлса, мактаб бошланғич касаба уюшма ташкилотининг фаолияти вилоятимизда ҳамиша биринчиликка муносиб кўрилади.
Бугунги эришган ютуғим меҳнатларимнинг амалдаги эътирофи бўлди. Бунинг учун ташкилотчиларга раҳмат. Келгусида ҳам қўлимдан келгунча жамоа манфаати йўлида фаолият олиб бораман.
Ва ниҳоят, танловда муваффақиятли иштирок этган Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Лобархон ­Рустамова 1-ўринга муносиб кўрилди. Унга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1-даражали дипломи ва «Spark» автомобили топширилди.
– 25 йилдан буён ўқитувчилик касбида фаолият юритиб келаман, – дейди ҳая­жон билан Лобархон Рустамова. – Устоз мақомини «Энг ­эътиборли, энг азиз касб» деб таъкидлашларидан жуда қувонаман. Бу касбни эгаллаганимга кўксимда ҳамиша фахр туйиб келаман. Мукофотга келсак, у ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадам, таълим тизимидаги фидойилар учун муносиб рағбатдир. Шу билан бирга, барча тақдирланганлар қаторида, менга берилган ўзига хос катта ­масъулият ҳамдир. Келгусида ҳам ёшларни баркамол авлод қилиб тарбия­лашда ўз меҳнатимни асло аямайман.
Тантанали тадбирга таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури янада файз бахш этди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ, Зебо НАМОЗОВА,
Озода РЎЗИҚУЛОВА, «Ishonch» мухбирлари

Бошқа хабарлар