Касаба уюшмаси Беларусь Республикаси фуқаросининг аризасини қаноатлантирди

76

Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Беларусь Республикаси фуқаросининг аризасини қаноатлантирди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, жорий йилнинг август ойида Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига Беларусь Республикаси Гродненск вилоятида яшовчи Анатолий Капычин ариза билан мурожаат қилган.

Аризада Анатолий Капычин “Сангзортранс” МЧЖда меҳнат фаолияти вақтида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолгани ҳамда мазкур ташкилот етказилган зарар учун товон пулини 2019 йил феврал ойидан буён тўлашни тўхтатганини қайд этиб, товон пулларини тўлаб берилишида касаба уюшмасидан амалий ёрдам сўраган.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими иш берувчи “Сангзортранс” МЧЖга жабрланувчи Анатолий Михайлович Капычиннинг 2019 йилнинг 1 февраль ойидан 2019 йилнинг 1 сентябрь ойигача тўланмаган жами 1 439 380  сўмни тўлаш бўйича тақдимнома киритилди.

Тақдимномада кўрсатилган товон пули 2019 йил 17 сентябрь куни “Сангзортранс” МЧЖ томонидан тўлаб берилган.

Бошқа хабарлар