Академик ҳузурида

62

Андижон давлат университетига тез-тез бориб тураман. Нафақат вилоятда, балки рес­публикамизда ҳам ўз ўрнига эга бу таълим даргоҳи остонасини ҳатлар эканман, сабоқ берган устозларим кўз ўнгимда гавдаланади: Офтобхон Холботирова, Галима Мусина, Сайфиддин Жалилов, Рустамбек Шамсутдинов, Одилхон Ниёзов… Бугун ҳам бу ерда ўз соҳасининнг етук олимлари саналмиш Иброҳимжон Асқаров, Маъмуржон Саидхонов, Мўминжон Мамажонов каби инсонлар, Элёрбек Холмирзаев, Отабек Мухторов, Фаррух Йўлдошев сингари ёш авлод вакиллари устозлар изидан бораётир.

Яқинда ушбу масканга яна йўлим тушди. Бу гал Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби Сирожиддин Зайнобиддинов билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим. Мулоқот давомида кўз ўнгимдан у кишининг босиб ўтган йўли бир-бир ўтди.
Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетидан бошланган олим илмий фаолиятининг харитаси, ҳатто, олис Францияга қадар етиб борди. «Олим бўлсанг, олам сеники», деганлари балки шудир?! Тошкентдан сўнг она шаҳрига қайтиб келган олим турли вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилиб, алал-оқибат университет ректори лавозимига муносиб кўрилди.
Инсонга мансаб бериб сина, дей­дилар. Устоз ҳар қанча юксалмасин, одамийлик мулкидан чекинмади. Шунинг учун ишида унум, ҳаётида ҳурмат-эътибор қозонди, катта-ю кичикнинг қалбига йўл топ­­ди. Бугунги кунда университет «Қаттиқ жисмлар физикаси» кафед­расининг профессори Сирожиддин Зайнобиддинов илмий ва ҳаётий бой тажрибаларидан ёшларни баҳраманд этиб келмоқда.
Олим ҳаётида сўнгги уч йил катта муваффақиятларга бой бўлди. Президентимиз ташаббуси билан қайтадан жонланган Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди. Ана шундан кейин белгиланган йўл харитасига мувофиқ, устоз чекка ­қишлоқлардаги мактабларга бориб, ёш иқтидорларни излаш, уларнинг келгусида комил инсон бўлиши учун очиқ мулоқотлар ўтказди. Бу борада унга университетдаги олимлар – Баҳодиржон Раҳмонов, Баҳодиржон Асқаров, Абдукарим Акбаров ҳамроҳлик қилди. Олим бу учрашувларни бевосита ўзи ўқиган мактабидан бошлаганида ҳам катта маъно мужассам, албатта. Олган таассуротларини маҳаллий ва ­республика матбуоти орқали ўртоқлашди, радиоэшиттириш­лар иштирокчисига айланди. Шу билан бирга, ҳаммуаллифликда уч тилли луғатни нашрга тайёрлаб, чоп эттирди. Нуфузли илмий кенгаш аъзоси сифатида, университетдаги ёш физик олимларнинг фалсафа доктори даражасини олишларида илмий раҳбар, расмий оппонент сифатида қатнашиб келаётир.
Андижон давлат университети талабалари нақадар бахт­­ли! Чунки уларнинг Сирожиддин акадек фақат ўз соҳасигина эмас, бош­­қа ёндош соҳалардан ҳам бирдек воқиф, сўзи ҳикмат тўла мураббийлари бор. Бундай инсонлар ўгитини олган, сабоғини, одамийлик қирраларини ўзлаштирган авлод эса асло кам бўлмайди.

Нодирбек АБДУРАЗЗОҚОВ,
фахрий муаллим

Бошқа хабарлар