Мутолаа сабоқлари

58

Ихтиёрий ЭҲТИЁЖ

– «Китоб – бойлик. Сотиб олингани эмас, ўқилгани». Ушбу ҳикматни қайси адиб айтган?
Адабиёт муаллими Муҳиддин Холбековнинг салом-аликдан кейинги илк саволи шу бўлди.
Синфга бир муддат жимлик чўкди. Сўнг кимдир пичирлади.
– Устоз, китобхонлик, мутолаа ҳақида кўпчилик адиблар фикр билдирган. Айнан қайси бири айтгани эса ёдимизда йўқ.
– Наҳотки, бутун синф билмаса?! – Ўқитувчи бошини сарак-сарак қилди. – Бу яхши эмас…
Орқа партадан ҳаяжонли овоз эшитилди:
– Асқад Мухтор!
– Жуда зўр, раҳмат, ўғлим, деган жавобни олар эдинг, агарки телефон титмаганингда. Биринчидан, дарсда телефон ишлатиш қатъий тақиқланади. Иккинчидан, бу ўз-ўзини алдаш. Ҳақиқий изланган одам, аввало, китоб мутолааси билан шуғулланади. Ҳаётда бирор ютуққа эришаман, деган борки, миясини илм хазинаси билан тўлдиради.
– Узр, устоз, – қизариб кетган йигитча телефонини сумкасига солди. – Энди қайтарилмайди.
Катта ҳаётий сабоқ олган болалар дарс тугаши билан бу гал одатдагидек интернет-кафега эмас, қалб амри билан кутубхона томон йўл олишди.

ҚУДРАТЛИ ВОСИТА

…АҚШнинг Йел университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, китоб мутолаасини севадиган ва бу иш билан мунтазам шуғулланадиган кишилар бош­қаларга нисбатан 2 йил кўпроқ умр кўрар, ҳафтасига уч ярим соатини ва ундан кўпроқ вақтини ўқишга сарфлайдиган кексаларда эса ўлим хавфи яқин 12 йилда бошқа қарияларга нисбатан 20 фоизга кам бўлар экан. Бу, албатта, китобхонликнинг биз билган-билмаган сирли таъсири туфайли, албатта. Маънавий-маърифий – инсон ички дунёси, руҳияти, билимининг бойишига кўрсатадиган таъсирининг эса таърифи йўқ.
Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўртлаштириб қўяди. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради. Бироқ инсониятнинг минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоб боқийликка дахлдордир. Бинобарин, ёш авлодни миллий ­қадриятлар руҳида тарбиялашда китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ…
Кейинги дарсда Муҳиддин муаллим бу ­фикрларни шундай чиройли тарзда етказиб бердики, болалар адабиётга ошно тутинишганини билмай қолишди.

Китобхонлар қачон кўпаяди?

Китобхонлик оиладаги муҳитга бевосита боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясининг муҳим омили ҳисобланади. Уларнинг яхши кунлари, туғилган саналарида энг орзули совға, бу – китобдир. Қизининг сепидан китоблар тахлами жой олган қанча-қанча оилалар бор ахир! Унутмайлик: қуш уясида кўрганини қилади, деганлари айни ҳақиқатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 январда «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишни имзолагани китобхонлик давлат даражасидаги аҳамиятга молик масала эканидан далолатдир. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда ёшлар орасида китобхонликни оширишга қаратилган тадбирлар ва амалий ишлар ривожига янада кенг йўл очди.
Шунингдек, раҳбар ходимларнинг ўзлари ўқиган мактабларга китоблар совға қилиши йўлга қўйилгани ҳам ёш авлодни мутолаага қизиқтириш йўлидаги яна бир қадам бўлди.
– Ёшларнинг китобга бўлган муносабатини ўзгартириш учун, аввало, жамиятда ўқимишли инсонларнинг обрўси сарбаланд бўлиши лозим. Атрофдагилар унга мутолаа туфайли муваффақиятга эришган инсон сифатида қараса, жамиятда ўз-ўзидан китобга бўлган муносабат ҳам юксалади, – дейди «Академнашр» нашриёти бош директори Санжар Назар. – Ҳар бир жамият ўзи учун муҳим деб билган мақсадларига эришиш режаларини аниқ ва тўғри қўя олиши лозим. Китобхонлик борасида ҳам бесамар усулларни танлашдан эҳтиёт бўлишимиз керак, акс ҳолда, ёшларга акс таъсир кўрсатиб қўйишимиз ҳам мумкин.
Бугун катта эътибор билан мактабларга китоб совға қилиш, энг яхши китобхонларни автомашина билан рағбатлантириш каби усуллар орқали жамоатчиликка китобхонликнинг аҳамиятини таъсирчан тушунтиришга эришяпмиз. Жамиятнинг ўзида китоб ўқиш истаги, хоҳиши кузатилиши жараёни юзага келса, бу барчамизнинг ютуғимиз бўлишини ҳамиша ёдда тутайлик. Бунга эришиш учун эса, юқорида таъкидлаганимиздек, жамиятда ўқимишли инсон ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан юксак бўлиши керак. Шунда ёшларимизда ўқишга қизиқиш ортиб, тарғиботларимиз икки ҳисса самара бера бошлайди.

Аввал ўзимиз ўрнак бўлайлик!

– Болаларни китобхонликка қизиқтиришнинг алоҳида методик усуллари бор, – дей­ди Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 5-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Назокат Намозова. – Кўп саҳифали, катта ва қалин китоблар уларни зериктириб қўйиши мумкинлигини ҳам унутмайлик. Аввалига, бошланғич синфда ўқиётган болалар рангли, расмли ва бир ярим-икки бетлик ҳикоялар жамланган китобларни ўқиганлари маъқул. Қолаверса, болалар учун китоб танлашда ёзувларнинг катта-кичиклигига эътибор қаратиш лозим. Тажрибадан маълумки, катта-катта, аниқ ва тиниқ ёзилган китоблар уларнинг кўзини ҳам тез толиқиб қолишдан асрайди.
Бундан ташқари, болага «Китоб ўқи, китоб ўқи» деявериш ҳам унчалик тўғри эмас. У билан биргаликда мутолаа қилиш, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатини таҳлил этиш, болага тўғри хулоса чиқаришни ўргатиш ва ёрдамлашиш, ҳикоя асосида саволлар бериб, унинг жавобини рағбатлантиришгина кўзланган мақсадга яқинлаштиради. Ҳеч қачон «Бир соат китоб ўқисанг, кўчада ўйнашингга рухсат бераман», дея нотўғри рағбат йўлини танламанг, бу болада китоб ўқиш зерикарли жараён сифатида таассурот қолдириши мумкин. Ва албатта, ота-оналар ўзлари мунтазам китоб ўқиши, ундан олган таассуротларини болалар билан баҳам кўриш орқали фарзандларига намуна бўлишлари керак.

Мамнунлик ҳисси

… Орадан бир мунча вақт ўтди. Кейинги ўқув йилининг дастлабки кунида Муҳиддин Холбеков салом-аликдан сўнг шундай сатрларни ёддан айта бошлади:

Китобдин яхшироқ дўст йўқ жаҳонда.
Ғамхўринг бўлгай у ғамли замонда.
У билан танҳо қол, ҳеч бўлмас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.

Ушбу мисралар кимнинг қаламига мансуб?
Барча болалар қўлини баланд кўтариб, бир овоздан жавоб беришди:
– Абдураҳмон Жомий!
Йил давомида, қолаверса, ёз бўйи бир қатор китобларни ўқиган болалар ҳар қандай саволга жавоб беришга шай турганидан мамнун муаллим доскага илк мавзуни ёзди…

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар