“Оқ теракми, кўк терак?.. ёхуд чорасиз чўкаётган уй

152

Таҳририятимизга Термиз шаҳри, А.Жомий кўчаси, 6-бурилиш, 3-уйда яшовчи Ибодат Жўрабоевадан келган хат мазмунини ўрганиш давомида унинг “Чўкаётган уй”ини бориб кўрганимизга иккинчи йил кетаяпти. Ҳозир ҳам аҳвол яхши томонга ўзгаргани йўқ, – “Сурхон тонги” газетаси мухбири фуқаро мурожаати юзасидан мутадасаддиларнинг “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутаётгани хусусида ёзди. Қуйида мақолани тўлиқ ўқишингиз мумкин.

2018 йилнинг 2 январида тузилган “Сувоқова” ДУК Термиз шаҳар филиали далолатномасидан;

“2017 йилнинг октябрь ойида инвестиция дастурига асосан янги ташқи ичимлик сув қувурлари қурилиб, хонадон эгалари томонидан ички сув тармоқлари тортилган. Ушбу ишлар жараёнида фуқаро Ирода Жўрабоеванинг қўшниси ўзбошимчалик билан ташқи сув қувурига уланишда қувур хомут ёрдамида мустаҳкам ўрнатилмагани натижасида кўчага ичимлик суви чиқиб, И. Жўрабоеванинг уй биноси деворида ёрилишлар вужудга келган”, деган хулоса ёзилган. Агар хонадон эгалари томонидан ичимлик сув тармоқлари тортилган экан, нима учун улар орасида И. Жўрабоева қўшнисининг уланиши ноқонуний, деган тўхтамга келинди. Ушбу сув қувурига уланишларни ким назорат қилган? Жавобгар аслида ким?

Ёки 2018 йил 16 январда Термиз шаҳар прокуратураси Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи ва “Сувоқова” ДУК Термиз шаҳар филиали бошлиғига “…ўзбошимчалик билан ташқи сув қувурига уланган шахсларга чора кўриш мурожаатини ваколатингиз дорасида кўриб чиқиб, қонуний ҳал қилиш учун юборилмоқда” деган мазмунда хат чиқаради. Хўш нега ушбу хатнинг ижроси таъминланмади?

2018 йилнинг 25 январида Термиз шаҳар ИИБ томонидан ушбу кўчада яшовчи фуқаролардан тушунтириш хати олинади. Бу хатларда сув қувурлари соҳа ходимлари томонидан шошмашошарлик билан талабга хилоф тарзда ётқизилгани ва усти ёпилган сув қувурлари устидан асфальт ишлари давомида сув қувурларининг ёрилиб кетганлиги қайд этилган. Шунингдек “ДўстликБунёдкори” МЧЖ корхонасининг бу ишлари фойдаланишга қабул қилинмагани ёзилган. Нега фуқароларнинг тушунтириш хатларида билдирилган бу фикрлар мутасаддиларнинг бирон бир ҳужжатида қайд этилмаган?

 Аксинча, 2018 йилнинг 26 январида вилоят “Сувоқова” ДУК нинг вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғига ёзган хатида ва хонадон соҳибига йўллаган нусхасида “…қўшниси М. Худойқулова сув тақсимлаш қудуғи орқали уланмасдан тўғридан тўғри ўзбошимчалик билан хомут орқали ташқи ичимлик сув қувурига улангани маълум бўлди” деб ёзилган. Бу хулосани ҳам айнан “Сувоқова” ДУК Термиз шаҳар филиали мутасаддиси бераяпти. Нега сув тақсимлаш қувурига аҳоли кимнинг кўрсатмаси билан улангани, аслида асосий сув тақсимлаш қудуғига аҳолининг ички сув қувурлари қандай тартибда улангани ва қувурларнинг кейинги аҳволи ва яроқлилиги қай аҳволда эканлиги хусусида лом-мим дейилмаган?

Бу етмагандек, 2018 йил 10 февралдаги ДАҚН (Давлат архитектура ва қурулиши назорати) инспекцияси, ФВБ ходими, вилоят сув назорати инспекцияси бошлиғи ҳамкорликда тузган далолатнома ҳам шошмашошарлик билан, ҳатто ёзилган санаси қайд этилмаган, палапартиш битилган бўлиб, ФВБ ходимининг чўкаётган уйнинг яшашга яроқлилиги ёки яроқсизлиги хусусидаги хулоса ҳам эътибордан четда қолиб кетган. Мана сизга масъул раҳбарларнинг зиммаларига ишониб топширилган вазифага совуққонлик! Қолаверса, бу далолатномага ҳам айнан Термиз шаҳар “Сувоқова” ДУК хулосалари қандай бўлса, шу ҳолича кўчириб қўйилган. Наҳотки, инсон тақдирига шунчалик бефарқ ёндашилса?

2018 йилнинг 14 февралида Термиз шаҳар прокуратураси И. Жўрабоевага юборган жавоб хатида мурожаатида кўрсатилган масалалар юзасидан қўшимча чора-тадбирларни белгилаш мақсадида 14.02.2018 йилда Термиз шаҳар ҳокимлигига хат киритилгани қайд этилган ва келгусида ушбу масалада шаҳар ҳокимлигига мурожаат этиши тавсия этилган. Бироқ 2018 йил 13 апрелда Термиз шаҳар ҳокимлиги И. Жўрабоевага талафот кўрган уйини қўшниси таъмирлаб бериши юзасида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши баён этилган хат чиқаради.

Бундан норози бўлган И. Жўрабоева яна тегишли идораларга мурожаат қилади. 2018 йилнинг 7 майда Термиз шаҳар прокуратураси яна унга “…муқаддам ушбу мурожаатингиз ўрганилиб, Термиз шаҳар ҳокимлигига хат киритилгани маълум бўлди”, деган мазмунда хат йўллайди. Хуллас, мутасаддиларнинг “Оқ теракми, кўк терак?..” ўйнаётган жавоб хатларидан боши айланган бечора аёлнинг тоқатини яна синаб кўриш учун 2018 йилнинг 23 майида Термиз шаҳар ҳокимлигининг “қўшнингизнинг таъмирлаб бериши юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз лозимлиги маълум қилинади”, деган “шаблон” хати келади.

Агар шу жойда бир бечора аёлнинг “куйган кўрпасини устига куйдирган” хатларнинг тили бўлганда “қоғоз бўлганимга минг пушаймонман”,— деб айрим “хаттот”лик ҳадисини олганларнинг шаънини “шарафлаб” юборган бўларди.

Аммо 2018 йилнинг 6 июлида эса Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган “уй-жойингиз 3-секторга бириктирилган жамоат ташкилотларининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таъмирлаб берилиши маълум қилинади”, деган жавобдан қоғознинг ҳам бағри яйраб кетади.

Бироқ бу ширин гаплар қоғозга таскин бериш учун ёзилганмикан, Ирода опанинг қалбига ҳеч ким чироқ ёқмапти. Ноумид шайтон, дейишади. Бизнинг эса шайтон бўлгимиз йўқ. Сабаби, жазирама иссиқни кўчада ўтказган 61 яшар касалманд, ёлғиз онахонни қишли-қировли кунлар кечирмайди-ёв. Шунинг учун умид қилиб қоламиз, аммо “Оқ теракми, кўк терак?..” ўйнашга ҳушимиз йўқ.

Бу ҳолатдан мутассадиларни огоҳлантирганимизга ва уларнинг “таскинли“ ва “чиройли” гапларини эшитиб, хатни “ёпганимиз”га икки йил бўлаяпти. Аксига олиб, набирасини бағрига босиб, яшашга яроқсиз аҳволга келиб қолган уйда совуқ кунларга бардош берган онанинг сабри ҳали ҳам синалаётганидан бехабар қолибмиз. Энг ачинарлиси, момосининг уйқусиз тунларидан бохабар мурғак набира жамиятга ва давлатга нисбатан қандай муносабатда камол топади? Хўш, сабрнинг чегараси ҳали поёнига етмадими? Яна умид билан мутасаддиларга юзлашмоқчимиз. Ёки “яранинг газак отишигача” анча бормикан? Биз, албатта, мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.

Алиёр РАЖАБОВ,

“Сурхон тонги“ мухбири

Бошқа хабарлар