Шаҳарлик муаллима

54

Чарос Умарова шаҳарда туғилиб ўсган. Бугун ҳам Қарши шаҳрида яшайди. Аммо Қамаши туманидаги Гулшан қишлоғидаги 44-умумтаълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ беради. Қатнаб ишлайди. Олис йўл босиб… Ўз истаги билан… Бундан олдин эса тўрт йил Касби туманидаги 3-умумтаълим мактабида ёшларга сабоқ берган.

– Фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, – дей­ди муаллима, – шаҳар ва қиш­лоқ болаларининг ўқишга қизиқишида фарқ катта экан. Яъни, қишлоқ ўғил-қизларида илмга чанқоқлик ҳисси анчайин юқори. Касбида тўрт йил ишладим. Шу давр мобайнида ўқувчиларим инглиз тилида мустақил матн туза оладиган, ўзаро суҳбат қурадиган бўлишди.
– Ҳамма бола ҳам инг­лиз тили фанига қизиқавермайди. Масалан, бир ўқувчи фақат математикадан яхши ўзлаштиради. Бундай вазиятда нима қиласиз?
– Унга математикадан саволлар бериб, хорижий тилни ўргатиш мумкин. Дарс­ларни бир хил тарзда ўтиш инглиз тилига қизиқмайдиганлар тугул, қизиқувчиларни ҳам зериктиради. Шу боис, ноанъанавий усуллардан кўпроқ фойдаланаман. Масалан, биринчи синф ўқувчиларига «тез айтиш»лар айттираман. Бу орқали нутқи равон бўлади, инглиз тилида талаффузини оширади. Ёки қисқа шеърлар ҳам боланинг нутқини тез ўстиради. Ўйинлар, турли мусобақалар уюштириш учун доимий равишда кўргазмали қуроллар тайёрлайман, дарс ишланмалари ишлаб чиқаман…
– Янги иш жойингиздаги муҳит қандай экан?
– Яхши. Зеҳни ўткир болалардан нафақат биз – ўқитувчилар, балки уларнинг ота-оналари ҳам қувонишмоқда. Буни «Зукко болажонлар», «Тилни тез ўрганамиз» каби тадбирларимизда қатнашган ота-оналарнинг мамнунлигидан билиб олиш мумкин. Болажонларимиз «Ҳаракатлар стратегияси»даги бешта устувор йўналишни ҳам инглиз тилида сўзлаб бера оляпти… Президентимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Ҳатто узоқ ҳудудларга қатнаб ишлайдиган ўқитувчилар маошига қўшимчалар қўшилиши белгиланди. Бу рағбатлантирувчи тўловлар, албатта, оилавий бюджетимизни ­мустаҳкамлаш билан бир қаторда бизни янада ­масъулият билан ишлашга ундайди.
– Шу кунларда Қарши шаҳридан рассом олиб келиб, инглиз тили синфига мос суратлар чиздириш ҳаракатида экансиз.
– Ўқувчи дарс жараёнида бутун борлиқни унутиб, ўзини ўтилаётган мавзу оламига тушиб қолгандек ҳис қилиши лозим. Ана шунда берилаётган сабоқларни қизиқиб, тез ва осон ўзлаштиради

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар