Солиқ ислоҳотлари: у фуқарога, бизнесга, жамиятга нима беради?

43

Айрим одамларда солиқ ҳақида нотўғри тушунча шаклланган. Гўёки улар ўзлари тўлаётган солиқларни кимгадир шундоққина бериб юбораётгандек тушунишади. Ва солиқлардан қочишади. Аслида, ўз вақтида тўланган солиқлар, бу — бизни қўриқлаётган армия, замонавий мактаб, яхши таълим, сифатли тиббий хизмат, текис ва равон йўл, ўз вақтида бериладиган маош ва пенсиялар, хуллас, қулай турмуш тарзимиз учун давлат сарфлайдиган маблағдир. Ҳар кимнинг тўлаган солиғи занжирли тизим орқали ўзига қайтиб келади.

Солиқ ислоҳотлари катта таваккалмиди?

Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони солиқ сиёсатида янги саҳифа очди. Янги солиқ концепцияси бу сафар тор доирада, сокин кабинетларда қабул қилинмади. Аксинча 3 ой давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида солиқ сиёсатида туб ўзгаришларга қўл урилди. Натижада 2019 йил 1 январдан бошлаб, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга, дивидент солиғи 10 фоиздан 5 фоизга камайтирилди. Бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар эса бекор қилинди.

Бу бир қараганда, бюджетга тушумнинг сезиларли камайишига олиб келишини англатади. Шу боис мутахассислар бу ўзгаришни катта таваккал, дея баҳолаганди. Аммо ўтган тўққиз ойдаги кўрсаткичлар қарорнинг нақадар оқилона ва тўғри эканини исботлади. Боиси кўплаб тадбиркорлар яратилган солиқ имтиёзларидан оқилона фойдаланиб, ўз фаолиятини янада жонлантирди. Бунинг натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг давлат бюджетига тушуми икки бараварга ортиши кузатилди. Йилнинг биринчи ярмида қўшимча 571 минг солиқ тўловчи аниқланди. Бюджет тушумлари эса 161 фоизга ўсганини кўрсатди.

Солиқ тушса, нарх-наво ҳам арзонлашади

«Кафтингиздаги қумни қанчалик сиқсангиз, у бармоқларингиз орасидан шунчалик кўп сизиб чиқиб кетади», деган эди алломалардан бири. Худди шундай солиқлар нархини кўтариш ҳам «яширин иқтисодиёт»нинг авж олиши, яъни бизнесменларнинг солиқ тўлашдан қочиши, даромадини камайтириб кўрсатишга уринишига сабаб бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 26 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги муаммоларни бартараф этгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ҳужжатнинг асосий мақсади — иқтисодиётда солиқ юкини камайтириш ва солиқ режимларини бирхиллаштириш ҳисобига тенг рақобат шароитини яратишга қаратилган. Жумладан, эндиликда ҚҚС ставкаси 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди.

Солиқ юкининг камайиши бозордаги нарх-навонинг арзонлашишига олиб келади. Шунингдек, тадбиркорларнинг қўшимча маблағга эга бўлиши натижасида ўз фаолиятини кенгайтириш имконияти кўтарилади. Тадбиркорнинг бойиши, халқнинг бойиши, унинг фаолияти кенгайиши эса мамлакат тараққиёти демакдир. ҚҚС ставкасининг туширилиши натижасида республика миқёсида хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида 10 триллион сўмдан ортиқ айланма маблағ тежаб қолинади.

Банк операцияларини «музлатиб қўйиш»­- даги амалдаги тартиб бекор қилинди

Маълумки, аввалги амалиётда тадбиркор топган даромади ҳақидаги маълумотларни солиқ идораларига тақдим этмаган тақ­­дирда, Солиқ кодексига кўра, улар маблағларининг банкда айланишига чек қўйил­арди. Бундай вазиятда тадбиркор солиқ идораларига мурожаат қилмаса, тақиқ белгиланмаган муддатгача давом этарди.

Фармон билан солиқ органлари томонидан банк операцияларини тўхтатиб қўйиш бўйича амалдаги тартиб бекор қилинди. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 18,6 мингта ишлаб турган тадбиркорлик субъектининг банк операциялари тўхтатилган бўлиб, бу, ўз навбатида, уларга ишлаб чиқаришда зарур хомашё сотиб олиш ёки муҳим технологик дастгоҳ учун пул ўтказиш, иш ҳақини тўлаб бериш имкониятини чеклаб қўяётган эди.

Эндиликда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларини «хавфни таҳлил қилиш» (риск-анализ) ва огоҳлантирувчи чора-тадбирларни қўллаган ҳолда, 30 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тартиби ишлаб чиқилади.

Ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега камайтирилди?

Маълумки, ягона ижтимоий тўлов Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадини шакллантирувчи асосий тўлов манбаи ҳисобланади. Шу боис йил бошидан меҳнат ҳақига солиқ юкини камайтириш жараёнида ягона ижтимоий тўловни сақлаб қолиш ва улардан тушадиган тушумларни кескин хавф остига қолдирмаслик мақсадида устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар учун аввалги 25 фоизлик ставка сақлаб қолинган эди.

Қолган хўжалик юритувчи субъектлар учун ушбу рақамлар 12 фоизгача камайтирилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ана шундай 4 минг 609 та корхона мавжуд. Уларда 664 минг 871 нафар фуқаро меҳнат қилаётир. Ҳисоб-китобларга кўра, янги амалиёт сабаб улар ҳисобида қарийб 3 триллион сўмга яқин маблағ жамғариб қолинади. Натижада бу маблағларни корхона фаолиятини ривожлантириш, ишловчиларнинг реал даромадларини оширишга йўналтириш имконияти юзага келади.

Имтиёз — рақобат ва тенгликка путур етказмасин

«Сизнинг эркинлигингиз менинг ҳуқуқларим бошланган жойда тугайди». Яъники бир инсоннинг ҳуқуқлари бошқасининг ҳуқуқи поймол бўлишига сабаб бўлмаслиги керак. Шу пайтгача мамлакатимиз солиқ тизимида айни шундай ҳолат бор эди. Хусусан, айрим соҳаларга ҚҚС тўлашда берилган имтиёзлар бошқа тадбиркорлар манфаатига зид келарди.

Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари ҚҚСдан озод этилган ҳолда, улардан таом тайёрлаб, хизмат кўрсатувчи ресторан, кафелар бу тўловни тўлашга мажбур эди. Шунингдек, олма, анор, узум каби меваларга ҚҚС тўланмасди, улардан сок ва шарбатлар тайёрлайдиган корхоналар бу солиқ туридан озод қилинмаган эди. Натижада санаб ўтилган тадбиркорлик субъектлари ҚҚСни икки баравар қимматга тўлашга тўғри келарди.

Имтиёзлар ҚҚСнинг «узлуксиз занжири»да кемтиклар пайдо бўлишига сабаб бўлгани, кимгадир берилган имтиёздан бошқа тадбиркор жабр кўраётгани бу имтиёзлардан воз кечиш кераклигини кўрсатарди. Шу боис соҳада шаффофлик, тенг имкониятлар ва соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида 1 октябрдан айрим турдаги маҳсулотларга берилган ҚҚСдан озод қилиш имтиёзи бекор қилинди.

Юқорида таъкидланган ислоҳотларнинг тўла самара бериши учун соҳага энг замонавий ахборот технологияларини жорий этиш талаб этилади. Хусусан, етти хил янги турдаги солиқ назорати механизмлари ишлаб чиқилади. Бу ҚҚС гувоҳномасини олиш, божхона декларацияси асосида кириб келган юкларнинг электрон ҳисоб-фактурасини жорий қилиш, бутун мамлакат тадбиркорлик фаолияти ҳисобини электрон кўринишга ўтказиш кабилардан иборат

Бир сўз билан айтганда, солиқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, шубҳасиз, мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш тармоғи, тадбиркорлик соҳасининг ривожланишига туртки бўлади. Бу эса аҳоли реал даромадларининг ошиши, халқимиз фаровонлигига замин ҳозирлаши турган гап. Зеро, барча ўзгаришлар истеъмолчилар манфаати ҳамда бизнесменларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Акмал НАЗАРОВ,

Давлат солиқ қўмитаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими

давлат солиқ катта инспектори

“Mahalla” газетаси

(43-сон, 2019 йил 3 октябрь)

Бошқа хабарлар