Ўзи бор-у рўйхатда йўқ

42

ёхуд унутилган «Авесто» музейи

«Ishonch» газетасиинг 2019 йил 10 сентябрь сонида чоп этилган музейлар ҳақидаги танқидий-таҳлилий мақолаларни ўқир эканман, уларда мени кўп йиллардан бери қийнаб келаётган масалалар, муаммолар аксини кўрдим. Аввало, таҳририят бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бирини кўтариб чиққанини эътироф этиш лозим. Зеро, музейлар оддий томошагоҳ ёки кўнгил очар маскан эмас, ўтмишимиз, бугунимиз, маънавиятимиз, маданиятимизга тутилган кўзгудир.

Ҳар бир музейнинг аҳамияти том-том китобларга тенг десам, муболаға эмас. Бироқ, айрим мутасаддиларнинг эътиборсизлиги оқибатида бугунги кунда кўпчилик музейлар фаолияти ачинарли аҳволга келиб қолган. Хусусан, бизнинг музей ҳам…
Гапни узоқроқдан бошласак. Урганч шаҳрида «Авесто» музейи ташкил қилиш мақсадида 2000-2001 йилларда воҳа бўйлаб илмий-амалий экспедиция ташкил қилинди. Унинг таркибида этнограф, археолог морфогеолог, тарихчи олимлар, мухбирлар бор эди. Экспедиция икки йил баҳор ва куз ойларида Туямўйин дарасидан Орол денгизигача, Хива атрофидан Аёз қалъа­гача бўлган 400 километр йўлни қадам-бақадам босиб, кўҳна қалъалар, харобалар, зиёратгоҳ ва қабристонлардан 5-7 минг ва ҳатто миллион йиллик ўтмишга доир ноёб ашёвий далиллар топди, 100 дан зиёд топономик жойлар номи тадқиқ қилинди.
«Авесто»нинг 2700 йиллиги нишонланиши муносабати билан барпо этилган боғ-мажмуа амфитеатрининг ­пастидан музей учун жой ажратилди. Шу тариқа «Олтин мерос» халқаро хайрия фонди Хоразм вилояти бўлими қошида «Авесто» хайрия музейи фаолият ­бошлади. Унга «Авесто» деб ном берилди.
Музейда зардуштийлар замонидан то бугунги кунгача бўлган давр ҳақида сўзловчи осори-атиқалар бисёр. Икки мингга яқин экспонатнинг 850 таси моддий, қолгани расмлар, фотосуратлар, китоблар, қўлёзмалардир. Юра даврига оид тошга айланган дарахт, «Хамса»нинг нодир қўлёзмаси, Султон Увайс тоғидан топилган Қуръони Каримнинг терига ёзилган ояти, турли даврларга оид сопол буюмлар, уй анжомлари, кийим-кечак­лар… Уларнинг ҳар бири ҳақида илмий рисола ёзиш мумкин.
Аммо… Ҳозирда музей ҳеч бир рўйхатда йўқ. Баъзи-баъзида тарих ўқитувчилари, илмий изланувчилар келиб мендан маслаҳат олишади, бу ердаги ҳужжатлар, қўлёзмалардан фойдаланишади. Хайрия асосида фаолият кўрсатганимиз боис маблағимиз йўқ. Бу бирон ходимни ишга олиш имкониятимизни чеклайди. Супур-сидирни ҳам баъзида ўзим қилишимга тўғри келади. Баъзида савобталаб инсонлар ёрдам беришади. Маҳаллий раҳбарлар музейимизнинг аҳволидан хабардор бўлганликлари боис хорижлик сайёҳларни жалб қилишга уялишади.
Менга эса 2700 йиллик тарихни ўзида мужассам этган, илмий, маънавий, маданий аҳамиятга эга муассаса эътибордан четдалиги, қаровсизлиги алам қилади. Ҳимоя воситалари билан таъминланмагани боис, бир неча марта ўғри тушиб, айрим ноёб экспонатларимиздан айрилдик.
Янада алам қиладигани, муаммонинг тайёр ечими бўлгани ҳолда, мутасаддилар ўта муҳим масалага совуққонлик билан ёндашаётганидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги «2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида 2019 йилда собиқ ФҲДЁ биносида «Хоразм маданияти ва тарихи» музейи ташкил этилиши белгиланган. Лекин, негадир мутасаддилар амалий чоралар кўришни турли баҳоналар билан пайсалга солиб келишмоқда. Унда нафақат бизнинг музей, балки Ўзбекистон замонавий санъати музейи ҳам фаолиятини давом эттириши кўзда тутилган. 2018 йилга қадар Урганч суратлар галереяси сифатида фаолият кўрсатиб келган ушбу музей ҳозирда жойлашган бино тарихий аҳамиятга эга бўлиб, 1910-1912 йилларда қурилган. Бироқ, бугунги кунда анчайин яроқсиз аҳволга келиб қолган.
«Авесто» музейи амфитеатрнинг тор, зах, қоронғи, иситилмайдиган хоналарида 19 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу не кўргиликки, маҳаллий раҳбарларга, Маданият вазирлигига қилган мурожаатимизга қуруқ ваъдадан бошқа жавоб олмадик.
Юқорида шаҳардаги биттагина давлат музейи саналмиш Санъат галерея­сининг аҳволи ҳақида ҳам айтиб ўтдик. Аслида-ку Хивадаги музейлар ҳам бутун тарихимизни тўлалигича ёритиб беролмайди. Ваҳоланки, ўтмишимиз фахрланса арзигулик, дунёга кўз-кўз қилгулик. Ҳозирда хорижлик сайёҳларнинг Урганч шаҳри билан танишиши учун бир соат атрофида вақт ажратилади. Автобус ёки бошқа транспорт воситаси ёрдамида айлантириб, «Мана бу Жалолиддин Мангуберди боғ-мажмуаси», «Мана бу «Авесто» боғ-мажмуаси» деб айтиб ўтилади, холос. Ваҳоланки, соатлаб томоша қилиш мумкин бўлган экспонатларимиз, ҳикоя қилишимиз мумкин бўлган тарихий воқеалар озмунчами?!
Айрим давлатлардаги музейларга кириш учун одамлар соатлаб навбатда туришини кўриб, ҳавасим келади. Бизда эса музейларга фақат хорижликларни жалб қилувчи, сайёҳликни ривожлантиришга хизмат қилувчи муассаса сифатида қаралади. Аслида, музейлар ўзимиз, улуғ халқ, буюк миллат эканимизни ҳис қилишимиз учун керак. Буни англаб етадиган, шу йўлда амалий чоралар кўрадиган фурсат аллақачон келди. Майли, хорижлик­лар учун бўлса ҳам музейларимизни асрайлик. Балки, биздан кейинги авлод уларни лозим даражада қадрлар…

Комил НУРЖОНОВ,
ўлкашунос, «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари

Бошқа хабарлар