Тил – миллат кўзгуси

157

21 октябрь – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлмоқда. Бу сана биз учун байрам. Негаки, тил – миллат кўзгуси. Миллатнинг борлигини, тараққиётини белгилайдиган ҳодиса. Афсуски, масала моҳиятини тўла тушуниб етмайдиганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ана шу эътиборсизлик оқибатида кейинги пайтда тилимизга салбий таъсирлар кенгайиб кетди. Хўш, шундай экан, тилни асрамоқ учун нималар қилиш лозим? Ушбу савол юзасидан юртимизнинг зиёли, фидойи ва етук фарзандлари мулоҳазалари билан танишиб кўринг-а!

Курашни кечиктириб бўлмайди

– Ҳар бир миллий тил жуда кўплаб катта-кичик тилларнинг қуршовида яшайди. Масалан, ўзбек тилининг жўғрофий маконлари атрофида ҳинд, рус, форс, араб ва европа тиллари фаол ҳаракатда эканини кўрамиз. Ўзбек миллий тили ­дунёдаги ана шу тиллар билан бевосита алоқада, улар билан ҳамкорликда яшайди. Бу ранг-баранг тиллар доимий равишда бир-бирини бойитиб, ифода усулларини кенгайтириб, қабул қилиб, энг мураккаб илмий фикрларни ҳам мантиқан тушунарли қилиб борадилар. Шу жараён миллий тиллар тараққиёти учун қанчалар кенг йўл очса, уларнинг тараққиётига ижтимоий тарзда таъсир кўрсатса, шу билан бирга миллий тиллар учун хавфли ва хавотирли салбий ҳолатларни ҳам майдонга чиқаради. Бунда, айниқса, кичик­роқ тилларнинг ер юзи миқёсидаги жараёнларга тинимсиз таъсир кўрсатаётган катта халқларнинг тили таъсирига тушиб қолиши кузатилади. Энг хавотирлиси миллий тиллар ўзининг мулоқот, муомала майдонларини бўшатиб беришга мажбур бўлиб қолиши мумкин. Биз бунинг қандай эканини ва қандай машъум ҳолларга олиб келиши мумкинлигини 150 йиллик тарихимиз мисолида кузатиб келмоқдамиз.
Бошқа йирик тиллар ичида ўз мавқеини йўқотиб, бой бериб қўймаслиги учун озод мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ўз она тилининг равнақи йўлида тинимсиз курашмоғи лозим. Бу курашни, айниқса, ҳозирги ва келаётган замонларда бир зум ҳам сусайтириб бўлмайди. Тил тараққиётига давлат, миллат, халқнинг ўзи ҳам ҳеч қачон лоқайд муносабатда бўлмаслиги керак.

Иброҳим ҒАФУРОВ,
адабиётшунос олим:

Бу ҳаммамизга тегишли

– Бу мен учун энг оғриқли мавзу. Кўриб ҳайрон қоласан киши: кўча-кўйда хато ёзилган сўз ва иборалар ниҳоятда кўп. Биргина мисол, дўконларда «салқин ичимликлар» деган жумлага тез-тез кўзимиз тушади. Салқин хона бўлади, салқин ҳаво бўлиши мумкин, аммо сувга нисбатан «салқин» сифатининг ишлатилиши ғайритабиий эмасми? Тил меъёрларига мос тарзда «яхна сув» жумласи ишлатилса бўлмайдими?
Юқоридаги каби тилимизга саводсизларча муносабатда бўлиш натижасида, кун сайин она тилимизнинг охори тўкилиб бормоқда. Айниқса, бунга телевидение сухандонлари ва айрим ёш дикторларнинг шевада гапиришлари катта «улуш» қўшмоқда. Ахир, ўз тилимизни ўзимиз асрамасак, ким асрайди? Унинг ҳурматини жойига қўймаётганларга қарши биз курашмасак, ким курашади? Шу миллат фарзандлари – ҳамма-ҳаммамиз она тилимизни сақлаш учун жон куйдиришимиз керак.

Эркин КОМИЛОВ,
Ўзбекистон халқ артисти:

«Иншо ёздириш
усулини тиклашимиз шарт»

– Афсуски, ҳозирги пайтда тил бойлигимиз юлдузларга етар даражада эса-да, унинг барча кўламидан бехабармиз. Энг ачинарлиси, ёшлар орасида сўз сеҳри жарангидан тўғри фойдаланмаслик, саводсизлик даражаси йилдан-йилга кучайиб бораётгани ўта ачинарли ҳолдир.
Бунинг сабабларидан бири, олий ўқув юртларида она тили фанидан иншо имтиҳонларининг олиб ташлангани ва тест синовларига ҳаддан ташқари катта аҳамият берилаётганидир. Бу ёшларимизнинг сўз бойлигини ошириш, стилис­тик ва орфографик хатолар устида ишлаши ва ҳуснихат масалаларига мутлақо эътибор қилмай қўйишига олиб келди.
Мустақил мутолаа воситасида ­мустақил фикрлаш хусусиятини чиниқтириш, такомиллаштириш, сўзларни маъносига қараб жой-жойига қўйиш ўрнига, пойинтар-сойинтарлик авж олди.
Менимча, таълим тизимида иншо устуворлигини тиклаш лозим. Бу ёшларимизнинг саводхонлигини ошириб, тилимизда тўғри гапиришга ижобий туртки беради.

Жуманазар
БЕКНАЗАРОВ,
тиббиёт фанлари
доктори, профессор:

Имлони билмай, илмга ўтилмайди

Келинг, дастлаб бир саволга жавоб берайлик. Бугун она тили фанидан таълимнинг аҳволи қандай?
Боши ҳам, адоғи ҳам йўқ, бунинг устига дарсликдан-дарсликка ўтиш, синфдан- синфга кўчиш билан ўзгариб турадиган сон-саноқсиз илмий (лингвистик) қоидаларни ёдлатамиз. Матннинг, берилган ­гапларнинг авра-астарини чиқариб, ипидан игнасигача таҳлил қилдирамиз. Бироқ бу «билим»лар оғзаки ва ёзма нутқимизга қай даражада таъсир қилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Болаларимизнинг нутқи қандай? Тутилади, дудуқланади. «Анақа», «ҳалиги», «нима десамикин», «ўша-де» кабиларни ҳар икки сўз орасида гўё «боғлама» сифатида қўллайди ва бундан хижолат ҳам чекмайди. Аризани қойиллатиб ёзиб, ­фикрини лўнда ва аниқ тушунтириб бера олмайди. Давраларда микрофон тутқазиб қолишса қочиб, таъзияларда марҳумнинг яқинларига «бандалик» ифодасидан бошқа бирор сўзни ёлчитиб айтолмайди.
Биз, ўқитувчилар эса унли товушнинг тил олди ва тил орқалиги, лабланган-­лабланмаганлиги, қуйи кенг, ўрта кенг, юқори торлиги, тил ундошнинг лаб-лаб, лаб-тиш, тил олди, тил ёни, тил ўрта, тил орқа товушининг яқин тил орқа, чуқур тил орқалиги ҳақидаги билим шахс­нинг тилдан фойдаланиш малакасини қандай ва қанчалик таъминлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Она тили фани тўла-тўкис тилшунослик фанига айланиб бўлди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам, ота-оналар ҳам она тили таълими деганда тилшунослик қоидаларини ёдлаш ва уларга доир машқ ва топшириқларни бажаришдан бошқа нарсани тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолди. Биринчи планда туриши керак бўлган оғзаки ва ёзма нутқ бўйича саводхонлик, нутқ ва мулоқот маданияти, бой сўз захираси, нотиқлик энг охирги ўринларга тушиб кетди.
Ўқувчиларнинг қўлида ўқув луғатларининг йўқлиги, ҳатто тузук-қуруқ имло луғатининг мавжуд эмаслиги, она тили дарсларида луғат дафтарлари юритилмаслиги – булар инкор қилиб бўлмайдиган далиллардир. Ҳатто, иншо ёзишни ўргатадиган технология ҳам, манба ҳам йўқ. Ҳар қандай ўқитувчи иншо мавзусини бериш, шаблон режа тузиш ва эпиграф танлашдан бошқа тавсия бера олмайди. Ўқувчиларда матн яратиш кўникма ва малакаси мутлақо шаклланмасдан қоляпти. Айрим иқтидорли болалар ўқиган матнларига тақлид қилиб, мустақил равишда ёзма нутқларини такомиллаштирадилар, холос. Бундай таълим усули орқали биз ўзимизни ва жамиятни алдаяпмиз. Уни тубдан ислоҳ қилмас эканмиз, бу алдов яна кўп йиллар давом этади.

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,
тилшунос олим:

Зебо Намозова

ёзиб олди

Бошқа хабарлар