Кўприк қулайлик учун қурилган, аммо…

107

Кун сайин чирой очиб бораётган пойтахтимиздаги ўзгаришларни кўриб, беихтиёр баҳри дилингиз очилади. Айниқса, йўллардаги тирбандликларни бартараф этиш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида йўлўтказгичлар, кўприклар қурилаётгани таҳсинга сазовор. Аммо… Меъморчилик назариясига кўра, ҳар қандай янги иншоот уч муҳим талабга жавоб бериши: қулай, мустаҳкам ва чиройли бўлиши керак. Агар ушбу талабларнинг бири амалга ошмаса ҳам, иншоот кутилган вазифасини тўлиқ бажара олмайди. Хўш, замонавий иншоотларимизда аҳвол қандай?

Зиналар кўп, эскалатор эса…

Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги метро бекатидан чиқишда Олмазор ва Шайхонтоҳур туманига қарашли ҳудудда 2014 йилда қурилган пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган йўлўтказгичнинг бугунги кундаги аҳволи ҳақида, афсуски, юртдошларимизнинг фикри ижобий эмас. Чунки мазкур кўп­рикларга чиқиш учун бир томондан 40 та зина, иккинчи томондан 43 та зинадан кўтарилишга тўғри келади.
Икки йил муқаддам шу кўприкдан ўтганимизда эскалатор ишламаётгани туфайли йўловчиларнинг норозиликларини эшитган эдик. «Орадан анча вақт ўтди, энди вазият яхши томонга ўзгаргандир», деган эҳтимол билан яна шу манзилга йўл олдик. Афсуски, ҳамон «эски ҳаммом – эски тос» экан. Иккита йўлўтказгичнинг 4 та чиқиш-тушиш эскалатори бор. Аммо уларнинг атиги биттаси ишлаб турганини нима билан изоҳлаш мумкин? Йўловчилар билан суҳбатда билдикки, бу эскалатор ҳам баъзан ишламай қолаётган экан.

Пандуслар керак эмасми?

– Мирзо Улуғбек туманида яшайман, – дейди 63 ёшли Маргарита Пўлатова. – Йўлнинг нариги тарафидаги дўконга тез-тез келиб тураман. Ногиронман. Бу кўприкдан чиқиб-тушиш менга жуда оғирлик қилади. Зиналар кўп, эскалатор эса… Аслида, бунчалар баланд кўприкка чиқиш учун ҳам, тушиш учун ҳам эскалатор ўрнатилиши лозим эди. Аммо улар фақат чиқиш учун хизмат қилади. Бунинг устига мунтазам ишламайди. Нега лойиҳалашда бу жиҳатлар эътиборга олинмаган? Қолаверса, кўприкдан ўтиш чоғида шу пайтгача ҳар иккала эскалатор ҳам ишлаб турганини камдан-кам кўрганман. Ахир, одамларнинг оғирини енгил қилиш, хавфсизлигини таъминлаш учун қурилган иншоот қулай бўлиши керак эмасми?
– Набирамни боғчага элтишда шу ердан ўтаман. Албатта, эскалатор яхши ишламаслиги катта муаммо. Қолаверса, ногирон ва болалар аравачасида гўдагини олиб кетаётган оналар учун ҳам махсус йўлакчалар барпо этилмаганига сира тушунмайман, – дейди 56 ёшли Гулнора Исматуллаева. – Кўпинча болали аёллар зинадан тушаётганларида аравачасини бирорта эркак кишидан тушириб қўйишини илтимос қилишга мажбур.
Метро бекатидан чиққанда «Халқ банки» жойлашган, у ерга тез-тез нафақасини олгани кексалар келишади. Аксарияти шу кўприкдан ўтишдаги ноқулайликдан норозилик билдиришади.

Мутасадди нима дейди?

Муаммо юзасидан Тошкент шаҳар сунъий иншоотлардан фойдаланиш ва уларни сақлаш, таъмирлашга ихтисос­лашган бошқарманинг ишлаб чиқариш техник бўлими ­бошлиғи Баҳодир Зоҳидовга мурожаат қилдик.
Унинг айтишича, мазкур иншоотлар шу йилнинг август ойигача қурилиш компаниясидан тўлиқ қабул қилиб олинмаган ва расмий жиҳатдан Тошкент шаҳар сунъий иншоотлардан фойдаланиш ва уларни сақлаш, таъмирлаш ихтисослашган бош­қармасига ўтказилмаган. Бу ҳудуддаги йўлўтказгичларнинг бири Шайхонтоҳур, иккинчиси Олмазор тумани маъмуриятига қарашли. Айни пайтда Олмазор туманидаги кўприкнинг эскалатори электр энергияси харажатлари тўланмагани учун ишламай турибди. Ушбу иншоот қурилишига буюртмачи корхона – Тошкент шаҳар ҳокимиятига қарашли «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси юзага келган 16 миллион 700 минг сўм миқдордаги қарздорликни Олмазор тумани электр тармоқларига тўласагина, эскалаторлар ишга тушиши мумкин.
– Ҳозирда ушбу муаммони ҳал қилиш чораларини кўряпмиз. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси яқин кунларда қарздорликни тўлашни ўз бўйнига олган, – дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.
Сир эмаски, мазкур иншоотнинг қурилиши учун катта маблағ ажратилган, хориждан техник ускуналар олиб келинган. Йўлўтказгичнинг мустаҳкам, чиройли қурилганига ҳам аминмиз. Бироқ… Беихтиёр ажабланасан киши: замонавий мосламалар ишлатилмас экан, ундан не наф? Ахир, асл мақсад аҳоли учун қулай ва замонавий шароит яратиш эмасми?

Сўнгсўз ўрнида

Мақолани чоп этишга тайёрлаган кунимиз, таҳририятимизга қўнғироқ бўлиб, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманидаги кўприкларнинг эскалаторлари тўлиқ ишга тушганлиги ҳақида хабар қилишди. Ҳақиқатдан, ҳудуддаги иккала кўп­рикнинг ҳам эскалаторлари ишлаб турган экан.
– Мана, ишлатиб қўйса бўларкан-ку! – дейди фахрий шифокор Адҳам Очилов. – Онда-сонда шу ердан ўтиб тураман. Бугун техник қурилмаларнинг ишлаётганини, аҳоли ундан мамнуният билан фойдаланаётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Хайр­­ли ишга бош қўшганлар барака топсин!
Ҳамюртларимизнинг фикрларини тинглаб, кўнглимиз тас­кин топди. Хайриятки, мутасаддилар берган ваъдаларининг устидан чиқишибди. Тошкент шаҳар сунъий иншоотлардан фойдаланиш ва уларни сақлаш, таъмирлаш ихтисослашган бошқармаси саъй-ҳаракатлари билан Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компания­­си электр энергиясидан қарздорликни тўлиқ тўлаб берибди.
Шундан сўнг «Новза» метро бекати ва Чилонзор туманидаги «Оқтепа» ҳудудида жойлашган йўлўтказгич – кўприк­лар ҳолати билан ҳам яқиндан танишиш фикри туғилди. Мет­ро бекатидаги кўприкнинг лифт қурилмаси ишлаб турган экан. Йўловчилар лифтнинг мунтазам ишлаётганини айтишди. Аммо «Оқтепа» ҳудудидаги 2 та кўприкнинг ҳар бир томонида 44-45 тадан зина бўлишига қарамай, лифт ёки эскалатор қурилмаси ўрнатилмаган. Шу боис, айримлар йўлнинг нариги тарафига ўтишда кўприкдан фойдаланаётгани ҳолда, аксарият одамлар ўз саломатлигини хавфга қўйиб, йўлни кесиб ўтмоқда. Сабабини сўрасак, йўловчилар кўприкдан ўтиш кўп вақт олишини, боз устига, ноқулайлигидан ёзғирди. Бу ерда йўлўтказгич бош­­қа жойлардагига қараганда қисқароқ. Аммо бу ҳол масъулиятдан қочиш учун асос бўла олмайди. Бунинг устига, ногиронлар ва ёш болали аёллар аравачада ўтиши учун ҳам қулайлик­лар мавжуд эмас.
Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Иншоотларни лойиҳалаш жараёнида ҳар жиҳатдан пухта ўйланганида бугун аҳвол бошқача бўлиши мумкин эди.

Зебо Номозова,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар