Озиш учун эмас, яшаш учун ҳаракат қилинг!

60

Кейинги пайтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда озишни хоҳлаганлар учун рекламалар кўпайгандан-кўпайди. Уларни кўриб, «озиш» ер юзида глобал муаммога айланиб бормоқда», деган хулосага келасан киши. Муаммони ечиш учун «Тўғри овқатланиш» саломатлик марказлари, фитнес клубларига қатнаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, шаҳарларда. Хўш, семизлик ёхуд озиш даврнинг муҳим масаласига айландими? Умуман, бу каби усуллар қанчалик наф беради?

Дўппини бошдан олиб…

– «Тўғри овқатланиш» саломатлик марказлари ва фитнес клубларига қатнаб, ортиқча вазндан халос бўлиш мумкинлиги айни ҳақиқат – дейди нейропсихолог Расулбек Полвонов. – Аммо машғулотларни тўхтатгач, «амаллаб» йўқотилган вазн ёнига вазн қўшиб олганлар ҳам кам эмас. Бу билан турли марказлар фаолиятини қоралашдан йироқмиз, албатта. Айт­моқчи бўлганимиз шуки, уларга боришдан аввал «дўппини ерга қўйиб», организмимиз билан «дилдан суҳбатлашиб», унга нима кераг-у, нима керак эмаслигини билиб олиш даркор.
Семизлик фобиясига учраганлар хаёлида фақат бир ўй бўлади: бир ойдан сўнг фалончиникида тўй, фалон байрамгача озиб, чиройли бўлиб олишим керак…» . Улар шу ўринда бир нарсани унутмаслиги лозим: Шунча пулни бекорга совуриб, кимнингдир чўнтагини қаппайтирмаяптими? Эртага машғулотлар тугаса, яна семириб кетмайдими?
Аслида, ҳақиқатнинг кўзига тик қаралса, 35 ёшдан сўнг нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам семира бошлайди. Сабаби оддий – гормонлар алмашинуви бошланган бўлиши мумкин. Тавсия: ортиқча вазн йиғишни бошладингизми, биринчи ўринда шифокорга мурожаат қилинг. «озиш учун» ҳар хил воситаларни истеъмол қилиш ярамайди. Организмни стрессга солиш ўрнига унга муҳлат бериш керак.

Таомномада нималар бор?

Яқинда бир танишим мурожаат қилди: Нимагадир сочларим босим тўкиляпти. Нима қилсам экан-а?
Мен ҳам ундан сўрадим: Мабодо, таомномангиздан нонни олиб ташламадингизми?
– Қаердан билдингиз? Икки ойдан бери «Тўғри овқатланиш» марказига қатнаяп­ман. Нон емаяпман. Шу икки ой ичида 15 килограмм вазндан халос бўлдим. Лекин… «Фақат менинг сочим тўкиляптими?» десам, гуруҳда ҳаммада шу ҳол эмиш…
Аслида, ҳар бир инсон парҳез таомлар тановул қилгани маъқул. Аммо аввал парҳез нималигини билиб олиш лозим.
Парҳез – калорияси паст, ёғсиз, қайнатилган ёки қозонга солиб димланган таомлар. Организмни керакли витамин ва моддалардан чеклаб, оч қолиш, дегани эмас.
Денгиз маҳсулотларида инсон организмига керакли бўлган витаминли моддалар кўп. Бироқ бундай имкониятдан ҳамма ҳам бирдек фойдалана билмайди. Шунинг учун парҳез қилганда нонни чеклаш мақсадга мувофиқ эмас. Энг яхшиси, кам миқдорда, тандирдан янги узилганини эмас, балки суви қочган ёки қора нонни нонушта вақтида ейиш лозим.

«Алданган ошқозон» муаммоси

Инсон организмида иштаҳа тизимини назорат қилувчи тўртта гормон мавжуд. Булар – инсулин, грелин, кортизол, нейропептидлардир.
Очлик ёки нафсимизни талаб қилган нарсани чеклаш билан ошқозонни алдаб бўлмайди. Чунки, алданган ошқозон грелин гормонини йиғишни бош­лайди. Кунлардан бир кун бу гормон назорат қилиб бўлмас ва эплаб бўлмас даражада иштаҳани қўзғатиб юбориши аниқ. Бу йиғинди моддалар алмашинув жараёнини ҳам ёмонлаштиради ва қарабсизки, озиш учун қилган ҳаракатлар чиппакка чиқади.
Озиш учун парҳезнинг кераги йўқ. Чунки ошқозон билан мия баравар ишлайди. Масалан, эрталаб манти егингиз келди. Буни дарров мия «илиб» олади ва кутади. Сиз эса қоматингизни сақлаш мақсадида тушликка манти эмас, гречка едингиз. Ошқозон эса мияга «мен манти емадим» дея сигнал бериб тураверади. Мия эса ваъда қилинган мантини кутиб ўтираверади. Шу сабаб тўртта манти ўрнига биттагина манти еб қўя қолинг, олам гулистон.
Шу сабаб доимий тановул қиладиган таомлар миқдорини аста-секин камайтириб боришни йўлга қўйиш лозим. Бу ошқозонни торайтириш имконини яратади.
Гўзал бўлиш иштиёқида ўйламай босилган қадам, масалан, тановул қилинаётган таомлар калориясини сезиларли даражада пасайтириш натижасида организмни қаттиқ стрессга солиш ва унинг мувозанати бузилиши сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг ўзи камдек, биз яна экспресс парҳезга ўтиб, ошқозон ва мияни оч қолдирсак, ортиқча вазнни йўқотганимиз тақдирда ҳам бошқа дардларни орттириб олишимиз мумкинлигини асло унутмаслигимиз керак.

Мизожнинг ҳам ўрни бор

Инсон қоматини сақлаш ҳаракатини қилар экан, ўз физиологик ва руҳий ҳолатини ёдда сақлаши даркор. Чунки одамларнинг ташқи кўриниши турлича бўлганидек, организм ҳам ҳар хил бўлади. Қолаверса, организм иссиқ ва совуқ мизож бўлади. Иссиқ мизож кишилар калорияси паст таом ва ичимликларни тановул қилиши керак. Совуқ мизожлилар эса бунинг акси. Лекин кузатишлар шуни кўрсатяптики, иссиқ мизожлар кўпроқ калорияли, совуқ мизожлар эса калориясизни хуш кўради. Шу сабабли бу борада билимини оширган одам саломатлигини ҳам мустаҳкамлайди.

Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ

Озишнинг энг тўғри йўли – физиологик меҳнат билан кўпроқ шуғулланишдир. Бировларга чиройли кўриниш учун ёки «семириб, хунук бўлиб кетяпман, чиройли бўламан» деб эмас, балки йиғилаётган ортиқча вазн эвазига ҳансирашни йўқотиш, қандли диабетнинг олдини олиш ва ҳоказолар учун ҳаракат қилиш керак.
Семиришга олиб келувчи биргина мисол: телевизорни ётган жойимиздан ёқиб-ўчиряпмиз, кир ювиш машинаси ўзи ювиб, ўзи қуритиб ҳам беряпти. Мисолларни келтиравериш мумкин. Ҳаммаси битта нарсага бориб тақалади – камҳаракатликка!
Шу боис, кўпроқ ҳаракатда бўлиш, эрталабки бадантарбияни унутмаслик лозим. Кўпроқ ҳаракат қон айланиш тизимини яхшилайди. Қолаверса, доим калорияларнинг чеки-чегарасини билишимиз шарт. Шунда нафақат ортиқча вазндан қутуламиз, балки хавфли касалликларнинг олдини ҳам олган бўламиз.

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА
тайёрлади

Бошқа хабарлар